Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
ионлаштирувчи нурланиш — радиоактив парчаланишда, ядровий эврилишларда, моддадаги зарядланган зарралар ҳаракатининг секинлашувида ҳосил бўладиган ҳамда муҳит билан ўзаро таъсир этиш чоғида ҳар хил қутбли ионларни ҳосил қиладиган нурланиш;
ионлаштирувчи нурланиш манбаи — ўзидан ионлаштирувчи нурланиш чиқарувчи ёки чиқаришга қодир бўлган қурилма ва (ёки) радиоактив модда;
ионлаштирувчи нурланиш манбаларидан фойдаланувчилар — ионлаштирувчи нурланиш манбаларини қазиб олувчи, ишлаб чиқарувчи, ҳосил қилувчи, қайта ишловчи, улардан фойдаланувчи, уларни сақловчи, уларга хизмат кўрсатувчи, уларни ташувчи, зарарсизлантирувчи, утилизация қилувчи ва кўмиб ташловчи юридик ва жисмоний шахслар;
(2-модданинг тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 30 апрелдаги ЎРҚ-352-сонли Қонунига асосан чиқарилган — ЎР ҚҲТ, 2013 й., 18-сон, 233-модда)
кузатув зонаси — радиациявий мониторинг ўтказиладиган санитария-муҳофаза зонасидан ташқаридаги ҳудуд;
радиациявий авария — ускуна носозлиги, ходимлар (персонал)нинг хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги), табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар туфайли келиб чиққан, фуқароларнинг белгиланган нормалардан кўпроқ нурланиш олишига ёки атроф муҳитнинг радиоактив ифлосланишига олиб келиши мумкин бўлган ёхуд олиб келган ионлаштирувчи нурланиш манбаи устидан бошқарувнинг издан чиқиши;
радиациявий хавфсизлик — фуқаролар ва атроф муҳитнинг ионлаштирувчи нурланишнинг зарарли таъсиридан муҳофазаланганлик ҳолати;
радиоактив чиқиндилар — кейинчалик фойдаланиш учун мўлжалланмаган, таркибидаги радионуклидларнинг активлик даражаси қонунчилик ҳужжатларида белгиланган кўрсаткичлардан юқори бўлган ҳар қандай агрегат ҳолатидаги моддалар;
(2-модданинг саккизинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
санитария-муҳофаза зонаси — ионлаштирувчи нурланиш манбаи атрофидаги ҳудуд бўлиб, у ерда фуқароларнинг нурланиш олиш даражаси мазкур манбадан нормал фойдаланиш шароитида аҳоли учун нурланиш дозасининг белгиланган асосий чегарасидан ошиши мумкин;
табиий радиациявий фон — космик нурланиш орқали ҳамда ерда, сувда, ҳавода, биосферанинг бошқа элементларида, озиқ-овқат маҳсулотларида ва инсон организмида табиий равишда тақсимланган табиий радионуклидларнинг нурланиши орқали ҳосил бўладиган нурланиш дозаси;
техноген равишда ўзгартирилган радиациявий фон — инсон фаолияти натижасида ўзгарган табиий радиациявий фон;
ходимлар (персонал) — бевосита ионлаштирувчи нурланиш манбалари билан доимий ёки вақтинча ишлайдиган ёхуд иш шароитларига кўра бундай манбалар таъсир зонасидаги жисмоний шахслар;
ядровий хавфсизлик — ядровий материалдан хавфсиз фойдаланишни таъминловчи чора-тадбирлар мажмуи.