Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
иш ўрни — ходимларнинг меҳнат фаолияти жараёнида доимо ёки вақтинча бўлиш жойи;
ўхшаш иш ўринлари — қуйидаги белгиларнинг жами: бир номдаги касб ёки лавозим; бир хилдаги иш режимида бир типдаги технологик жараённи юритишда айнан бир хил касб вазифаларини бажариш; бир типдаги ишлаб чиқариш ускунаси, асбоблар, мосламалар, материаллар ва хом ашёдан фойдаланиш; бир ёки бир неча типдаги биноларда ёки очиқ ҳавода ишлаш; вентиляция, кондициялаштирилган ҳаво, иситиш ва ёритишнинг бир типдаги тизимларидан фойдаланиш, иш жойида объектларнинг (ишлаб чиқариш ускунаси, транспорт воситалари ва шу кабиларнинг) бир хил жойлашиши; бир класс ва даражадаги зарарли ва (ёки) хавфли ишлаб чиқариш омилларининг бир хилдаги тўплами; якка тартибдаги ҳимоя воситалари билан бир хилда таъминланганлик билан тавсифланадиган иш ўринлари;
иш зонаси — ходимлар доимо ёки вақтинча бўладиган жойлар жойлашган пол ёки майдонча даражасидан 2 метргача баландликдаги сатҳ;
турғун бўлмаган иш ўринлари — ҳудудий ўзгариб турадиган иш зоналаридаги иш ўринлари, бунда бир ёки бир неча ходимлар хусусиятига кўра ўхшаш иш ёки операцияни бажарадиган ишлаб чиқаришнинг зарур воситалари билан жиҳозланган иш ўрнининг бир қисми иш зонаси деб ҳисобланади;
касб касаллиги — ушбу касб учун хос бўлган ҳамда ишлаб чиқариш муҳити ва меҳнат жараёнининг зарарли ва хавфли омиллари таъсири натижасида ходим чалинган касаллик;
иш қобилияти — инсоннинг талаб этиладиган вақт оралиғида топширилган сифатида ишнинг аниқ миқдорини бажариш қобилиятини тавсифлайдиган организмнинг физиологик ва психологик функциялари имкониятлари билан белгиланадиган инсоннинг ҳолати;
ишлаб чиқариш муҳити — меҳнат фаолияти жараёнида ходимга таъсир кўрсатувчи кимёвий, биологик, физик ва ижтимоий омилларнинг йиғиндиси;
меҳнат шароитлари — ходимнинг иш лаёқати ва соғлиғига таъсир кўрсатувчи ишлаб чиқариш муҳити ва меҳнат жараёни омиллари йиғиндиси;
зарарли ишлаб чиқариш омили — таъсири ходимнинг касалликка чалинишига олиб келиши мумкин бўлган ишлаб чиқариш омили;
хавфли ишлаб чиқариш омили — таъсири ходимнинг жароҳат олишига сабаб бўлиши мумкин бўлган ишлаб чиқариш омили. Миқдорий тавсифига ва амал қилишининг давомийлигига боғлиқ равишда айрим зарарли ишлаб чиқариш омиллари хавфли бўлиши мумкин;
меҳнатнинг хавфсиз шарт-шароитлари — зарарли ва (ёки) хавфли ишлаб чиқариш омилларининг ходимга таъсири истисно этиладиган ёхуд уларнинг таъсири даражаси белгиланган нормативлардан ортиқ бўлмаган меҳнат шароитлари ҳолати;
ишлаб чиқариш фаолияти — хом ашёнинг ҳар хил турларини ишлаб чиқариш ва қайта ишлашни, қуришни, ҳар хил хизматлар кўрсатишни ўз ичига оладиган хатти-ҳаракатлар йиғиндиси;
ЯТҲВ (якка тартибдаги ҳимоя воситалари) — зарарли ёки хавфли ишлаб чиқариш омилларининг ходимларга таъсирининг олдини олиш ёки камайтириш, шунингдек ифлосланишдан ҳимоя қилиш учун фойдаланиладиган техник воситалар (махсус кийим, махсус пойабзал ва якка тартибдаги ҳимоянинг бошқа воситалари);
меҳнат шароитлари ва асбоб-ускуналарнинг жароҳатлаш хавфлилиги юзасидан иш ўринларини аттестациядан ўтказиш (аттестация) — иш жойларида меҳнат шароитларини, меҳнат жараёнларининг оғирлиги ва тиғизлигини ҳамда асбоб-ускуналарнинг жароҳатлаш хавфлилигини баҳолаш, зарарли ва хавфли ишлаб чиқариш омилларини баҳолаш, шунингдек меҳнат шароитларини, меҳнат жараёнининг оғирлиги ва тиғизлигини қонун ҳужжатларида белгиланган талабларга мувофиқлаштириш мақсадида ўтказиладиган комплекс тадбирлар;
аттестация комиссияси — аттестациянинг барча босқичларида меҳнат шароитлари ва асбоб-ускуналарнинг жароҳатлаш хавфлилиги бўйича иш ўринларини аттестациядан ўтказишни ташкил этиш, унга раҳбарлик қилиш ва уни назорат қилиш билан боғлиқ бўлган масалаларнинг бутун комплексини амалга ошириш учун корхона раҳбарининг қарори билан ташкил этиладиган комиссия;
аттестациядан ўтказувчи ташкилот — ушбу Низомда белгиланган меҳнат шароитлари ва асбоб-ускуналарнинг жароҳатлаш хавфлилиги юзасидан иш ўринларини аттестациядан ўтказиш соҳасида фаолиятни амалга ошириш учун талабларга жавоб берадиган ва фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома асосида ишлаб чиқариш муҳити ва меҳнат жараёни омилларини ўлчайдиган ва меҳнат шароитларининг меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига мувофиқлигини баҳолайдиган юридик шахс.