Иш берувчининг жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисидаги қонун 18-моддаси

Суғурталовчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Суғурталовчи қуйидаги ҳуқуқларга эга: ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни текширишда иштирок этиш ва зарур бўлган ҳолларда тегишли экспертларни жалб этиш; ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисага доир ахборотни текшириш; суғурта мукофотини аниқлаш учун суғурта хавфини баҳолаш; ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш юзасидан тавсиялар бериш. Суғурталовчи: иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномаси шартлари билан иш берувчини таништириши, шу жумладан унинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтириши; ўз фаолиятини амалга ошириш натижасида олинган, иш берувчи ва (ёки) жабрланувчи ёхуд наф олувчи тўғрисидаги маълумотларнинг махфийлигини таъминлаши; суғурта товонини тўлашни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, иш берувчи суғурта товонини тўлаш учун мурожаат этганидан кейин ўн беш иш кунидан кечиктирмай бу ҳақда иш берувчига рад этиш сабабларини далиллар билан асослантирган ҳолда ёзма шаклда хабар қилиши; ушбу Қонуннинг 13-моддасида назарда тутилган барча зарур ҳужжатлар тақдим этилган санадан эътиборан ўн иш кунидан кечиктирмай қарор қабул қилиши ва суғурта товонини тўлаши; ўзи алмаштирилган тақдирда бу ҳақда иш берувчига дарҳол ёзма шаклда хабар бериши шарт. Суғурталовчи қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши ва унинг зиммасида бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин. (18-модданинг учинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)

Эслатма: Матн lex.uz расмий манбасидан олинган ва ахборот мақсадида берилган.

Модда қуйидаги ҳужжат таркибида

Ўзбекистон Республикасининг "Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида"ги Қонуни

Қонун № ЎРҚ-210, 16.04.2009

Ҳужжатни тўлиқ очиш

Ушбу моддани қўллашда ёрдам керакми?

Талаб сизда қандай бажарилаётганини текширамиз ва нимани тартибга солиш кераклигини айтамиз.