Меҳнат кодекси 229-моддаси

Ҳар йилги меҳнат таътилини узайтириш ёки уни бошқа муддатга кўчириш

Ходимлар қуйидаги ҳолларда ҳар йилги меҳнат таътилини узайтириш ёки бошқа муддатга кўчириш ҳуқуқига эга: вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик даврида; ҳомиладорлик ва туғиш таътилининг муддати бошланганда; ҳар йилги меҳнат таътили ўқув таътилига тўғри келиб қолганда; давлат ёки жамоат мажбуриятларини бажараётганда, агар қонунчиликда бундай мажбуриятларни бажариш учун ишдан озод этиш назарда тутилган бўлса; жамоа келишувларида ёки жамоа шартномасида назарда тутилган бошқа ҳолларда. Агар ҳар йилги меҳнат таътилидан фойдаланишга монелик қилувчи сабаблар таътил бошлангунига қадар келиб чиққан бўлса, ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишувга биноан таътилдан фойдаланишнинг янги муддати белгиланади. Бундай сабаблар таътил даврида келиб чиққан ҳолларда таътил тегишли кунлар сонига узайтирилади ёки ходим билан иш берувчининг келишувига кўра таътилнинг фойдаланилмай қолган қисми бошқа муддатга кўчирилади. Ходим ҳар йилги меҳнат таътилидан фойдаланишга тўсқинлик қиладиган, юзага келган сабаблар тўғрисида иш берувчини ёзма шаклда хабардор қилиши шарт. Агар ходим ушбу Кодекс 228-моддасининг учинчи қисмида назарда тутилган муддатда таътил бошланадиган вақт ҳақида ўз вақтида хабардор қилинмаган ёки унга таътил бошлангунига қадар ушбу Кодекс 233-моддасининг учинчи қисмига мувофиқ таътил вақти учун ҳақ тўланмаган бўлса, ҳар йилги меҳнат таътили ходимнинг аризасига кўра бошқа муддатга кўчирилади. (229-модданинг тўртинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 13 февралдаги ЎРҚ-1030-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 14.02.2025 й., 03/25/1030/0144-сон)

Эслатма: Матн lex.uz расмий манбасидан олинган ва ахборот мақсадида берилган.

Модда қуйидаги ҳужжат таркибида

Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси

Қонун № ЎРҚ-798, 28.10.2022

Ҳужжатни тўлиқ очиш

Ушбу моддани қўллашда ёрдам керакми?

Талаб сизда қандай бажарилаётганини текширамиз ва нимани тартибга солиш кераклигини айтамиз.