Меҳнат кодекси 11-моддаси

Меҳнат тўғрисидаги қонунчиликнинг амал қилиш соҳаси

Меҳнат тўғрисидаги қонунчиликнинг амал қилиши: ходим ва иш берувчи ўртасидаги якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатларга; якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатлар билан бевосита боғлиқ бўлган ижтимоий муносабатларга нисбатан татбиқ этилади. Меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда ва меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда, меҳнат шартномасида назарда тутилган меҳнат шартларини иш берувчи томонидан таъминлашда ходимнинг меҳнат вазифасини ички меҳнат тартибига бўйсунган ҳолда ҳақ эвазига шахсан бажариши ҳақидаги, ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишувга асосланган муносабатлар якка тартибдаги меҳнат муносабатларидир. Ходим билан иш берувчи ўртасидаги якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатларни ҳақиқатда тартибга соладиган фуқаролик-ҳуқуқий хусусиятга эга шартномалар тузиш тақиқланади. Якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатлар билан бевосита боғлиқ бўлган ижтимоий муносабатлар жумласига қуйидагилар киради: ходимни иш берувчида ишга жойлаштиришга оид муносабатлар; ходимни иш берувчида касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва унинг малакасини оширишга оид муносабатлар; меҳнат соҳасидаги ижтимоий шериклик жараёнида шаклланадиган жамоавий меҳнат муносабатлари; меҳнат тўғрисидаги қонунчиликка, меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига ҳамда меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларга риоя этилиши устидан текширув ва назоратга оид муносабатлар; меҳнат низоларини кўриб чиқишга оид муносабатлар. Агар Ўзбекистон Республикасининг қонунларида ёки халқаро шартномасида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат тўғрисидаги қонунчилик билан белгиланган қоидалар чет эл фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар иштирокидаги, чет эл фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан ташкил этилган ёки таъсис этилган ташкилотлар ёхуд ушбу фуқаролар, шахслар иштирокидаги, халқаро ташкилотлар ва чет эл юридик шахслари иштирокидаги меҳнатга оид муносабатларга нисбатан татбиқ этилади. Меҳнат тўғрисидаги қонунчиликнинг амал қилиши Ўзбекистон Республикаси давлат хизматчиларига, шу жумладан Ўзбекистон Республикасининг хориждаги давлат муассасаларига (дипломатик, консуллик муассасаларига ва бошқа муассасаларга) ишга юборилган ходимларга ва муқобил хизматни ўтаётган шахсларга нисбатан қонунларда назарда тутилган ўзига хос хусусиятлар инобатга олинган ҳолда татбиқ этилади. (11-модданинг олтинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 13 февралдаги ЎРҚ-1030-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 14.02.2025 й., 03/25/1030/0144-сон) Давлат фуқаролик хизматчиларининг меҳнатга оид муносабатларига нисбатан меҳнат тўғрисидаги қонунчиликнинг амал қилиши «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан тартибга солинмаган қисми бўйича татбиқ этилади. (11-модда Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 13 февралдаги ЎРҚ-1030-сонли Қонунига асосан еттинчи қисм билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 14.02.2025 й., 03/25/1030/0144-сон) Контракт бўйича ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчиларга, шунингдек ички ишлар ва давлат божхона хизмати органларида, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматида, Миллий гвардиясида хизмат ўтаётган ҳарбий хизматчиларга (ходимларга) ва уларга тенглаштирилган бошқа шахсларга нисбатан меҳнат тўғрисидаги қонунчиликнинг махсус қонунчиликка зид бўлмаган қисми татбиқ этилади. Судьяларга нисбатан меҳнат тўғрисидаги қонунчиликнинг судлар тўғрисидаги қонунчиликда тартибга солинмаган қисми бўйича татбиқ этилади. Прокуратура органлари ходимларига нисбатан меҳнат тўғрисидаги қонунчиликнинг прокуратура органлари фаолиятини тартибга солувчи қонунчиликка зид бўлмаган қисми татбиқ этилади. Қутқарув хизматларининг ва профессионал қутқарув тузилмаларининг меҳнат шартномаси бўйича ишлаётганлар жумласидан бўлган қутқарувчиларининг меҳнатга оид муносабатларига нисбатан меҳнат тўғрисидаги қонунчиликнинг амал қилиши «Қутқарув хизмати ва қутқарувчи мақоми тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан тартибга солинмаган қисми бўйича татбиқ этилади. Жиноятлар содир этганлик учун суднинг ҳукми билан ҳукм қилинганларнинг меҳнатга оид муносабатларига нисбатан меҳнат тўғрисидаги қонунчиликнинг амал қилиши Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-ижроия кодексида назарда тутилган истиснолар ва чекловлар ҳисобга олинган ҳолда татбиқ этилади. Меҳнат тўғрисидаги қонунчилик қуйидаги шахсларга нисбатан (агар улар ушбу Кодексда белгиланган тартибда бир вақтнинг ўзида иш берувчилар ёки уларнинг вакиллари сифатида иш юритмаса) татбиқ этилмайди: муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчиларга; ташкилотларнинг кузатув кенгашлари аъзоларига; мазкур ташкилотнинг ходимлари бўлмаган тафтиш комиссиялари аъзоларига (тафтишчиларга); фуқаролик-ҳуқуқий хусусиятга эга шартномалар асосида ишларни бажараётган (хизматлар кўрсатаётган) шахсларга; агар қонунда белгиланган бўлса, бошқа шахсларга. Агар шахсий меҳнатдан фойдаланиш билан боғлиқ бўлган муносабатлар фуқаролик-ҳуқуқий хусусиятга эга шартнома асосида юзага келган бўлса, бироқ кейинчалик ушбу Кодексда ёки бошқа қонунларда белгиланган тартибда якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатлар деб эътироф этилган бўлса, бундай муносабатларга нисбатан меҳнат тўғрисидаги қонунчилик ва меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатлар қоидалари қўлланилади.

Эслатма: Матн lex.uz расмий манбасидан олинган ва ахборот мақсадида берилган.

Модда қуйидаги ҳужжат таркибида

Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси

Қонун № ЎРҚ-798, 28.10.2022

Ҳужжатни тўлиқ очиш

Ушбу моддани қўллашда ёрдам керакми?

Талаб сизда қандай бажарилаётганини текширамиз ва нимани тартибга солиш кераклигини айтамиз.