Меҳнат кодекси 313-моддаси

Интизомий жазо чораларини қўллаш тартиби

Интизомий жазо чоралари ишга қабул қилиш ҳуқуқи берилган шахслар (органлар) томонидан қўлланилади (ушбу Кодекс 127-моддасининг иккинчи ва учинчи қисмлари). Иш берувчи ходимдан интизомий жазо чораси қўлланилгунига қадар, шу жумладан агар интизомий қилмиш хизмат текшируви натижаларига кўра аниқланган бўлса, ёзма тушунтиришни талаб қилиши шарт. Ходимнинг ёзма тушунтириш тақдим этишни рад этганлиги интизомий жазо чораси қўлланилиши учун монелик қилмайди ва ҳозир бўлган гувоҳлар кўрсатилган ҳолда далолатнома билан расмийлаштирилади. (313-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 13 февралдаги ЎРҚ-1030-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 14.02.2025 й., 03/25/1030/0144-сон) Ҳар бир интизомий қилмиш учун фақат битта интизомий жазо чораси қўлланилиши мумкин. Интизомий жазо чорасини танлаш ҳуқуқи иш берувчига тегишлидир. Интизомий жазо чорасини қўллашда содир этилган қилмишнинг оғир-енгиллиги, унинг содир этилиши ҳолатлари, ходимнинг аввалги иши ва хулқ-атвори ҳисобга олинади. Ходимга интизомий жазо чорасини қўллаш иш берувчининг буйруғи билан расмийлаштирилади. Иш берувчининг ходимга нисбатан интизомий жазо чорасини қўллаш тўғрисидаги буйруғи қабул қилинган кундан эътиборан уч иш куни ичида, ходим ишда бўлмаган вақт ҳисобга олинмасдан, унга жазонинг сабаблари кўрсатилган ҳолда имзо қўйдириб эълон қилинади. Ўзига нисбатан интизомий жазо чорасини қўллаш ҳақидаги буйруқ билан таништирилмаган ходим интизомий жазоси бўлмаган деб ҳисобланади. Ходимнинг ўзига нисбатан интизомий жазо чорасини қўллаш тўғрисидаги буйруқ билан танишишни рад этиши ҳозир бўлган гувоҳлар кўрсатилган ҳолда далолатнома билан расмийлаштирилади. Бундай ҳолда ходим буйруқ билан таништирилган деб ҳисобланади.

Эслатма: Матн lex.uz расмий манбасидан олинган ва ахборот мақсадида берилган.

Модда қуйидаги ҳужжат таркибида

Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси

Қонун № ЎРҚ-798, 28.10.2022

Ҳужжатни тўлиқ очиш

Ушбу моддани қўллашда ёрдам керакми?

Талаб сизда қандай бажарилаётганини текширамиз ва нимани тартибга солиш кераклигини айтамиз.