Меҳнат кодекси 155-моддаси

Меҳнат шартномасини бекор қилиш тушунчаси ва асослари

Меҳнат шартномасини бекор қилиш деганда ушбу Кодексда назарда тутилган асослар бўйича ходим ва иш берувчи ўртасидаги якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатларни тугатиш тушунилади. Меҳнат шартномасини бекор қилиш асослари қуйидагилардан иборат: 1) тарафларнинг келишуви (ушбу Кодекснинг 157-моддаси); 2) меҳнат шартномаси муддатининг тугаши (ушбу Кодекснинг 158-моддаси); 3) меҳнат шартномасини ходимнинг ташаббусига кўра бекор қилиш (ушбу Кодекснинг 160-моддаси); 4) меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилиш (ушбу Кодекснинг 161-моддаси); 5) ташкилот мулкдорининг алмашганлиги, унинг қайта ташкил этилганлиги, ташкилотнинг идоравий тааллуқлилиги (бўйсунуви) ўзгарганлиги муносабати билан ходимнинг ишни давом эттиришни рад этиши (ушбу Кодекс 156-моддасининг бешинчи қисми); 6) ходимнинг янги меҳнат шартларида ишлашни давом эттиришни рад этиши (ушбу Кодекс 137-моддасининг тўртинчи қисми); 7) ходимнинг иш берувчи билан бирга бошқа жойга ишлаш учун кўчишни рад этиши (ушбу Кодекс 146-моддасининг бешинчи қисми); 8) ходимнинг тиббий хулосага мувофиқ соғлиғининг ҳолатига кўра қарши кўрсатма бўлмаган бошқа ишга ўтказишни рад этиши ёхуд иш берувчида тегишли иш бўлмаган тақдирда (ушбу Кодекс 143-моддасининг иккинчи қисми); 9) тарафларнинг ихтиёрига боғлиқ бўлмаган ҳолатлар (ушбу Кодекснинг 168-моддаси); 10) янги муддатга сайланмаганлик ёки танловдан ўтмаганлик ёхуд сайловда, танловда иштирок этишни рад этиш (ушбу Кодекснинг 169-моддаси); 11) ушбу Кодекс ёхуд бошқа қонунлар алоҳида тоифадаги ходимлар билан тузилган меҳнат шартномаларида меҳнатга оид муносабатларни тугатишнинг қўшимча асослари тўғрисидаги шартни назарда тутиш имкониятини мустаҳкамлайдиган ҳолларда меҳнат шартномасида назарда тутилган асослар. Меҳнат шартномаси ушбу Кодексда ва бошқа қонунларда назарда тутилган ўзга асослар бўйича ҳам бекор қилиниши мумкин.

Эслатма: Матн lex.uz расмий манбасидан олинган ва ахборот мақсадида берилган.

Модда қуйидаги ҳужжат таркибида

Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси

Қонун № ЎРҚ-798, 28.10.2022

Ҳужжатни тўлиқ очиш

Ушбу моддани қўллашда ёрдам керакми?

Талаб сизда қандай бажарилаётганини текширамиз ва нимани тартибга солиш кераклигини айтамиз.