Санитария-эпидемиологик осойишталик тўғрисидаги қонун 31-моддаси

Ўзбекистон Республикаси ҳудудининг санитария муҳофазаси

Ўзбекистон Республикаси ҳудудининг санитария муҳофазаси — бу аҳоли учун хавф туғдирувчи юқумли ва паразитар касалликларнинг кириб келиши ҳамда тарқалишининг олдини олишга, шунингдек Ўзбекистон Республикаси ҳудудига инсон учун хавф туғдирувчи товарлар, кимёвий, биологик ва радиоактив моддалар ҳамда юклар олиб кирилишининг олдини олишга қаратилган тадбирлар мажмуидир. Ўзбекистон Республикаси ҳудудининг санитария муҳофазаси санитария-карантин назоратини амалга ошириш ва чекловчи тадбирлар (карантин) жорий этиш йўли билан таъминланади. Санитария-карантин назорати давлат санитария назоратини амалга оширувчи тегишли органлар томонидан белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси орқали ўтиш пунктларида амалга оширилади. Юқумли ва паразитар касалликларнинг пайдо бўлиш ёки тарқалиш хавфи юзага келган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари тегишинча Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария врачи ва Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар бош давлат санитария врачларининг, улар ўринбосарларининг тақдимномасига кўра тегишли ҳудудларда ёки объектларда белгиланган тартибда чекловчи тадбирлар (карантин) жорий этиши мумкин. (31-модданинг тўртинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 30 декабрдаги ЎРҚ-1109-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.12.2025 й., 03/25/1109/1241-сон) Чекловчи тадбирлар (карантин) ўтказиш тартиби ва муддатлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари томонидан белгиланади. (31-модданинг бешинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 30 декабрдаги ЎРҚ-1109-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.12.2025 й., 03/25/1109/1241-сон) Ўзбекистон Республикаси ҳудудининг санитария муҳофазаси қонунчиликка мувофиқ бошқа чора-тадбирлар билан ҳам таъминланиши мумкин. (31-модданинг олтинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)

Эслатма: Матн lex.uz расмий манбасидан олинган ва ахборот мақсадида берилган.

Модда қуйидаги ҳужжат таркибида

Ўзбекистон Республикасининг "Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида"ги Қонуни

Қонун № ЎРҚ-393, 26.08.2015

Ҳужжатни тўлиқ очиш

Ушбу моддани қўллашда ёрдам керакми?

Талаб сизда қандай бажарилаётганини текширамиз ва нимани тартибга солиш кераклигини айтамиз.