1. Мазкур Низом «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ ишлаб чиқилган ҳамда ташкилотларда меҳнат шароитларини давлат экспертизасидан ўтказиш тартибини ва уни ўтказиш талабларни белгилайди.
2. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
меҳнат шароитларининг давлат экспертизаси (кейинги ўринларда давлат экспертизаси деб аталади) — экспертиза объектларининг меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига мувофиқлигини баҳолаш;
меҳнат шароитларини давлат экспертизасидан ўтказиш органи — Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда унинг ҳудудий органлари давлат меҳнат инспекциялари;
(2-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 7 ноябрдаги 709-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 10.11.2025 й., 09/25/709/1027-сон)
меҳнатни муҳофаза қилиш — меҳнат жараёнида инсоннинг хавфсизлигини, ҳаёти ва соғлиғи, иш қобилияти сақланишини таъминлашга доир ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, ташкилий, техникавий, санитария-гигиена, даволаш-профилактика, реабилитация тадбирлари ҳамда воситалари тизими;
иш ўрни — меҳнат фаолияти жараёнида ходимнинг доимий ёки вақтинчалик бўлиш жойи;
меҳнат шароитлари — меҳнатни амалга ошириш чоғидаги ижтимоий ва ишлаб чиқариш омиллари йиғиндиси;
иш ўринларининг меҳнат шароитлари бўйича аттестацияси — меҳнат шароитларининг, иш ўринларидаги меҳнат жараёни оғирлиги ва тиғизлигининг ҳамда уларнинг жароҳатланиш жиҳатидан хавфлилигини техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар ва меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини баҳолаш, зарарли ишлаб чиқариш омилини ва (ёки) хавфли ишлаб чиқариш омилини аниқлаш мақсадида ўтказиладиган тадбирлар мажмуи;
зарарли ишлаб чиқариш омили — таъсири ходимнинг касб касаллигига чалинишига олиб келиши мумкин бўлган ишлаб чиқариш омили;
хавфли ишлаб чиқариш омили — таъсири ходимнинг шикастланишига олиб келиши мумкин бўлган ишлаб чиқариш омили;
шахсий ҳимоя воситалари — ходимга зарарли ишлаб чиқариш омили ва (ёки) хавфли ишлаб чиқариш омили таъсирининг олдини олиш ёки уни камайтириш, шунингдек ифлосланишлардан ҳимояланиш учун фойдаланиладиган техникавий ва бошқа воситалар;
жамоавий ҳимоя воситалари — тузилиши ёки вазифаси жиҳатидан ишлаб чиқариш биноси ва ишлаб чиқариш жараёни билан боғлиқ бўлган, ходимларга зарарли ишлаб чиқариш омили ва (ёки) хавфли ишлаб чиқариш омили таъсирининг олдини олиш ёки уни камайтириш, шунингдек ифлосланишлардан ҳимоя қилиш учун мўлжалланган техник ва бошқа воситалар;
аттестациядан ўтказувчи ташкилот — «иш ўринларини меҳнат шароитлари бўйича аттестация ўтказиш» хизмат тури бўйича меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар бозорининг профессионал иштирокчиларининг Ягона реестрига киритилган меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизмат бозорининг профессионал иштирокчиси.
3. Давлат экспертизаси:
иш ўринларининг меҳнат шароитлари бўйича аттестациядан ўтказиш сифатини;
ходимларга зарарли ва (ёки) хавфли меҳнат шароитларидаги иши учун кафолатлар ва компенсациялар берилишининг тўғрилигини;
ходимларнинг ҳақиқий меҳнат шароитларини баҳолаш мақсадида амалга оширилади.
4. Давлат экспертизаси Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг меҳнат шароитлари бўйича давлат экспертлари (кейинги ўринларда давлат эксперти деб аталади) томонидан, мазкур Низом билан тасдиқланган тартибга мувофиқ амалга оширилади.
(4-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 7 ноябрдаги 709-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 10.11.2025 й., 09/25/709/1027-сон)
5. Давлат экспертизаси:
ходимларнинг умумий сони 100 кишидан кам бўлган ташкилотлар бўйича — Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳудудий органларининг давлат экспертлари томонидан;
(5-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 7 ноябрдаги 709-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 10.11.2025 й., 09/25/709/1027-сон)
ходимларнинг умумий сони 100 ва ундан кўп киши бўлган ташкилотлар бўйича — Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг давлат экспертлари томонидан амалга оширилади.
(5-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 7 ноябрдаги 709-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 10.11.2025 й., 09/25/709/1027-сон)
6. Қуйидагиларни баҳолаш давлат экспертизасининг объекти ҳисобланади:
ишлаб чиқариш муҳити ва меҳнат жараёнининг омиллари, иш ўринларининг жароҳатланиш жиҳатидан хавфлилиги;
ходимларнинг шахсий ҳимоя воситалари билан таъминланганлиги;
иш ўринларини меҳнат шароитлари бўйича аттестациядан ўтказиш натижалари ва хулосаларининг меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларига мувофиқлиги;
меҳнат шароитлари хавфли ва (ёки) зарарли ишлар, оғир ишлар учун ходимларга берилаётган компенсациялар ва кафолатларнинг белгиланган меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига мувофиқлиги;
иш ўринларидаги меҳнат шароитларининг ҳақиқий ҳолати.
7. Давлат экспертизасини ўтказиш учун:
меҳнат шароитлари бўйича иш ўринларини аттестациядан ўтказиш сифатини баҳолашда — ўтказилган меҳнат шароитлари бўйича иш ўринларининг аттестацияси натижалари юзасидан аттестация ўтказувчи ташкилотларнинг;
меҳнатнинг зарарли ва (ёки) хавфли шароитларида ишлашда ҳамда иш ўрнидаги ҳақиқий меҳнат шароитларида ходимларга компенсация ва кафолатлар тўғри берилаётганлигини баҳолашда — иш берувчилар, иш берувчиларнинг бирлашмалари, касаба уюшмаларининг (ходимларнинг бошқа вакиллик органларининг) мурожаатлари асос бўлади.
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик ва унинг ҳудудий бўлинмаларига давлат назорати ва текшируви органларининг, шунингдек судлар мурожаат қилган ҳолатларида давлат экспертизаси ўтказилиши мумкин.
(7-банднинг тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 7 ноябрдаги 709-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 10.11.2025 й., 09/25/709/1027-сон)
8. Давлат экспертизаси ўтказилишида давлат экспертизаси органлари қуйидагиларга мажбур:
қонунчилик талабларига амал қилиш;
экспертизага тақдим қилинган ҳужжатлар ва материалларнинг атрофлича, холисона ва комплекс таҳлилини амалга ошириш, уларни меҳнатни муҳофаза қилишнинг белгиланган талабларига мувофиқлигини аниқлаш;
давлат экспертизасини амалга оширишнинг мазкур Низомда белгиланган тартиби ва муддатларига риоя этиш, материалларнинг келиб тушиш навбатини ҳисобга олган ҳолда давлат экспертизасини ўтказиш;
давлат экспертизаси объектларининг белгиланган меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига мувофиқлиги (номувофиқлиги) тўғрисида давлат экспертизаси натижалари бўйича хулосалар тузиш;
давлат экспертизаси хулосаларида ва бошқа ҳужжатларда баён этилган хулосаларнинг холисоналигини ва асосланганлигини таъминлаш;
давлат экспертизасига қабул қилинган ҳужжатларнинг ва бошқа материалларнинг сақланишини ва улардаги маълумотларнинг махфийлигини таъминлаш;
давлат экспертизасини ўтказиш тартиби бўйича манфаатдор шахсларнинг сўрови бўйича бепул тушунтиришлар бериш;
меҳнатни муҳофаза қилиш ва меҳнат шароитлари соҳаси бўйича белгиланган муддатларда давлат экспертларининг малакасини ошириш.
9. Меҳнат шароитларининг давлат экспертизасини ўтказишда давлат эксперти қуйидаги ҳуқуқларга эга:
назорат ва текшириш вазифаларини бажариш учун, шунингдек давлат экспертизасини ўтказиш учун зарур ахборотларни ташкилотларнинг раҳбарлари ва бошқа мансабдор шахсларидан сўраш ва олиш;
ташкилотларнинг раҳбарларига ва бошқа мансабдор шахсларига меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишларини бартараф қилиш тўғрисида ижро этилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар бериш;
меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор мансабдор шахсларга нисбатан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда чоралар кўриш ҳақида тақдимномалар киритиш, шунингдек меҳнатни муҳофаза қилишга оид талаблар ва шартларни бузганликда айбдор бўлган шахсларни белгиланган тартибда маъмурий жавобгарликка тортиш;
меҳнатни муҳофаза қилишга оид талабларга мувофиқ бўлмаган шахсий ҳимоя воситаларидан ва жамоавий ҳимоя воситаларидан фойдаланишни тақиқлаш;
қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда меҳнат хавфсизлиги талабларига жавоб бермайдиган ва ходимларнинг ҳаёти ёки соғлиғига хавф туғдирадиган ташкилотларнинг фаолиятини ёки асбоб-ускуналардан фойдаланишни тўхтатиб қўйиш;
меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилганлиги ҳамда ишлаб чиқаришда ходимларнинг ҳаёти ва соғлиғига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш ҳақидаги даъволар юзасидан судда эксперт сифатида иштирок этиш;
белгиланган тартибда аккредитациядан ўтган ёки техник жиҳатдан малакалилиги мақулланган лабораторияларни жалб қилган ҳолда, зарур бўлган ҳолатларда тегишли кузатишлар, ўлчашлар ва ҳисоблашларни амалга ошириш.
(9-банднинг саккизинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 5 апрелдаги 183-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 06.04.2021 й., 09/21/183/0283-сон)
Меҳнат шароитлари бўйича давлат экспертлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
10. Давлат эксперти, агар экспертиза натижаларида унинг учун мулкий ёки бошқа шахсий манфаат мавжуд бўлса, жумладан, агар давлат экспертизасини ўтказиш учун тақдим этилган ҳужжатларни тайёрлашда унинг яқин қариндошлари (ота-она, эр (хотин), ака-ука, опа-сингил, болалар) иштирок этган бўлса, давлат экспертизасида иштирок этишга ҳақли эмас.
11. Мурожаат этувчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:
давлат экспертизасини ўтказиш тартиби тўғрисида давлат экспертизаси органларидан тушунтириш олиш;
давлат экспертизаси ўтказилишида мазкур Низом талабларининг бузилишини бартараф этиш талаби билан давлат экспертига (давлат экспертизаси органига) мурожаат этиш;
давлат экспертизаси билан боғлиқ саволлар бўйича оғзаки ёки ёзма шаклда тушунтириш, эътироз ва таклифларни тақдим этиш.
12. Меҳнат шароитлари бўйича ўтказилган аттестациянинг сифатини баҳолаш юзасидан бир иш ўрнини давлат экспертизасидан ўтказиш учун тўлов Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги томонидан, хизмат кўрсатиш бўйича ҳақиқий харажатлардан келиб чиқиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда белгиланади.
(12-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 7 ноябрдаги 709-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 10.11.2025 й., 09/25/709/1027-сон)
Ходимларга зарарли ва (ёки) хавфли меҳнат шароитларидаги иши учун кафолатлар ва компенсациялар берилишининг тўғрилигини, шунингдек ходимларнинг ҳақиқий меҳнат шароитларини баҳолаш юзасидан давлат экспертизасини ўтказиш учун тўлов ундирилмайди.
Давлат назорати ва текшируви органлари, шунингдек судларнинг мурожаатлари бўйича давлат экспертизасини ўтказиш учун тўлов ундирилмайди.