Меҳнат кодекси 306-моддаси

Ўзига нисбатан хизмат текшируви ўтказилаётган ходимнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Ўзига нисбатан хизмат текшируви ўтказилаётган ходим: хизмат текшируви нима сабабли ўтказилаётганини билишга; комиссия аъзоларини рад этиш тўғрисида арз қилишга; хизмат текшируви масалалари бўйича ёзма тушунтиришлар беришга; хизмат текшируви ўтказилиши давомида илтимосномалар беришга; хизмат текшируви материалларига қўшиб қўйиш учун ҳужжатлар, ашёвий далиллар тақдим этишга; гувоҳларни хизмат текшируви ўтказилиши давомида кейинчалик уларни сўровдан ўтказиш учун тақдим этишга; хизмат текшируви материаллари билан танишишга, улардан кўчирмалар, кўчирма нусхалар олишга; хизмат текшируви натижалари ҳақидаги далолатнома билан танишишга; комиссиянинг қарорлари ва ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан якка тартибдаги меҳнат низолари учун белгиланган тартибда шикоят қилишга ҳақлидир. Ходим ўз шаъни ва қадр-қимматига путур етказадиган маълумотни рад этиш учун хизмат текшируви ўтказилишини талаб қилишга ҳақлидир. Хизмат текширувини ўтказиш тўғрисидаги ариза иш берувчига ёзма шаклда берилади ва у тақдим этилган кундан эътиборан уч кундан кечиктирмай кўриб чиқилади. Ўзига нисбатан хизмат текшируви ўтказилаётган ходим ўзига берилган ҳуқуқлардан виждонан фойдаланиши, хизмат текшируви ўтказилишига монелик қилмаслиги, шу жумладан хизмат текширувида иштирок этишдан бўйин товламаслиги, ҳақиқатни аниқлашга далилларни йўқ қилиш, сохталаштириш, бошқа ғайриқонуний ҳаракатлар содир этиш йўли билан монелик қилмаслиги шарт.

Эслатма: Матн lex.uz расмий манбасидан олинган ва ахборот мақсадида берилган.

Модда қуйидаги ҳужжат таркибида

Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси

Қонун № ЎРҚ-798, 28.10.2022

Ҳужжатни тўлиқ очиш

Ушбу моддани қўллашда ёрдам керакми?

Талаб сизда қандай бажарилаётганини текширамиз ва нимани тартибга солиш кераклигини айтамиз.