Меҳнат кодекси 257-моддаси
Ўртача иш ҳақи ва уни ҳисоблаб чиқариш тартиби
Ушбу Кодексда ва қонунчиликда назарда тутилган барча ҳоллар учун ўртача иш ҳақи у ҳисобланадиган ойдан олдинги ўн икки ойни ташкил этувчи ҳисоб-китоб даври ёхуд агар ходим ўн икки ойдан кам ишлаган бўлса, амалда ишланган давр учун ходимга ҳисобланган иш ҳақидан келиб чиққан ҳолда белгиланади. Бунда тегишли ойнинг 1-кунидан 30 (31)-кунига қадар (февралда — 28 (29)-кунга қадар) бўлган давр охирги кунни ҳам қўшганда календарь ой деб ҳисобланади. (257-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 13 февралдаги ЎРҚ-1030-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 14.02.2025 й., 03/25/1030/0144-сон) Ўртача иш ҳақини ҳисоблаб чиқариш учун ходимга ҳисобланган иш ҳақининг таркибига солиқ тўғрисидаги қонунчиликда назарда тутилган, солиқ солиниши лозим бўлган, иш берувчи томонидан ҳақиқатда тўланган меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги барча даромадлар киритилади. (257-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 13 февралдаги ЎРҚ-1030-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 14.02.2025 й., 03/25/1030/0144-сон) Меҳнатга ҳақ тўлашнинг барча тизимларидаги ходимларнинг ўртача иш ҳақи ходимнинг ўртача иш ҳақи сақланиб қоладиган ойдан олдинги ўн икки календарь ой учун ходимга ҳисобланган меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги барча даромадлар суммасининг ўн иккидан бир қисми миқдорида белгиланади. (257-модданинг учинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 13 февралдаги ЎРҚ-1030-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 14.02.2025 й., 03/25/1030/0144-сон) (257-модданинг тўртинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 13 февралдаги ЎРҚ-1030-сонли Қонунига асосан чиқарилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 14.02.2025 й., 03/25/1030/0144-сон) (257-модданинг бешинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 13 февралдаги ЎРҚ-1030-сонли Қонунига асосан чиқарилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 14.02.2025 й., 03/25/1030/0144-сон) Ўртача иш ҳақи ҳисоблаб чиқарилаётганда ҳисоб-китоб давридан вақт, шунингдек ушбу вақтда ҳисобланган суммалар чиқариб ташланади, агар: қонунчиликка мувофиқ ходимнинг ўртача иш ҳақи сақланиб қолган бўлса, бундан ушбу Кодекснинг 407-моддасида назарда тутилган болани овқатлантириш учун танаффуслар мустасно; ходим вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақасини ёки ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини олган бўлса; ходим иш берувчига ва ходимга боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра бекор туриб қолиш муносабати билан ишламаган бўлса; ходимга ушбу Кодекснинг 399-моддасига мувофиқ ногиронлиги бўлган болаларни ва болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларни парваришлаш учун қўшимча ҳақ тўланадиган дам олиш кунлари берилган бўлса; ходим қонунчиликда белгиланган бошқа ҳолларда иш ҳақи тўлиқ ёки қисман сақланадиган ёки ҳақ тўланмайдиган ишдан озод этилган бўлса. Агар ходим ҳисоб-китоб даври учун ва ҳисоб-китоб даври бошлангунига қадар ҳақиқатда ҳисобланган иш ҳақига ёки ишлаб берилган кунларга эга бўлмаган бўлса, ўртача иш ҳақи ходим томонидан ўртача иш ҳақининг сақланиб қолиши билан боғлиқ бўлган ҳодиса юз берган ойда ҳақиқатда ишлаб берилган кунлар учун ҳисобланган иш ҳақи миқдоридан келиб чиққан ҳолда белгиланади. Агар ходим ҳисоб-китоб даври учун, ҳисоб-китоб даври бошлангунига қадар ва ўртача иш ҳақининг сақланиб қолиши билан боғлиқ бўлган ҳодиса юз бергунига қадар ҳақиқатда ҳисобланган иш ҳақига ёки ҳақиқатда ишлаб берилган кунларга эга бўлмаган бўлса, ўртача иш ҳақи унга белгиланган тариф ставкасидан (маошидан) келиб чиққан ҳолда аниқланади. Агар ҳисоб-китоб даврининг бир ойи ёки бир неча ойи тўлиқ ишлаб берилмаган ёки ушбу модданинг тўртинчи қисмига мувофиқ ундан вақт чиқариб ташланган бўлса, ўртача кунлик иш ҳақи ҳисоб-китоб даври учун ҳақиқатда ҳисобланган иш ҳақи суммасини тўлиқ календарь ойлар сонига ҳамда тўлиқ бўлмаган календарь ойлардаги календарь кунлар сонига кўпайтирилган иш кунларининг ўртача ойлик сонининг (25,3) суммасига бўлиш орқали ҳисоблаб чиқарилади. Тўлиқ бўлмаган календарь ойдаги иш кунларининг сони иш кунларининг ўртача ойлик сонини (25,3) ушбу ойдаги иш кунларининг ҳақиқий сонига бўлиш ҳамда мазкур ойда ишлаб берилган вақтга тўғри келадиган иш кунлари сонига кўпайтириш орқали ҳисоблаб чиқилади. (257-модданинг еттинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 13 февралдаги ЎРҚ-1030-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 14.02.2025 й., 03/25/1030/0144-сон) Ўртача кунлик иш ҳақи уни ҳисоблаб чиқаришнинг барча ҳолларида ушбу модданинг учинчи, тўртинчи ва бешинчи қисмларига мувофиқ ҳисоблаб чиқарилган ўртача иш ҳақи суммасини иш кунларининг ўртача ойлик сонига (25,3) бўлиш орқали белгиланади. Ўртача соатлик иш ҳақи уни ҳисоблаб чиқаришнинг барча ҳолларида ушбу модданинг учинчи, тўртинчи ва бешинчи қисмларига мувофиқ ҳисоблаб чиқарилган ўртача иш ҳақи суммасини ходимнинг ўртача иш ҳақи сақланиб қоладиган ойдан олдинги охирги календарь ойда ишлаб берилган соатлар сонига бўлиш орқали белгиланади. Алоҳида ҳоллар (иш вақти жамлаб ҳисобга олинганда, уни ҳисоблаб чиқариш учун қабул қилинган даврда иш вақти тўлиқ ишлаб берилмаганда, ушбу даврда иш ҳақи бўлмаганда ва бошқа ҳолларда) учун ходимларнинг ўртача иш ҳақини ҳисоблаб чиқаришнинг ўзига хос хусусиятлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади. Барча ҳолларда иш вақтининг ойлик нормасини ишлаб берган ва меҳнат шартномасида белгиланган меҳнат вазифасини бажарган ходимнинг ўртача ойлик иш ҳақи қонунчиликда белгиланган ҳисоблаш кунидаги меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан кам бўлиши мумкин эмас. Ҳисоб-китоб даврида тарифларни қайта кўриб чиқиш чоғида ўртача ойлик иш ҳақи ўзгартирилган тарифни ҳисобга олган ҳолда қайта ҳисоб-китоб қилиниши лозим.
Эслатма: Матн lex.uz расмий манбасидан олинган ва ахборот мақсадида берилган.
Модда қуйидаги ҳужжат таркибида
Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси
Қонун № ЎРҚ-798, 28.10.2022
← Олдинги модда
Модда 256. Иш ҳақини тўлаш шакллари ва жойи
Кейинги модда →
Модда 258. Қисқартирилган ва тўлиқсиз иш вақтида меҳнатга ҳақ тўлаш
Қўшни моддалар
- 253Иш ҳақини тўлаш муддатлари
- 254Меҳнат шартномаси бекор қилинганда ҳисоб-китоб қилиш муддатлари
- 255Ходим вафот этган кунга қадар олинмаган иш ҳақини бериш
- 256Иш ҳақини тўлаш шакллари ва жойи
- 258Қисқартирилган ва тўлиқсиз иш вақтида меҳнатга ҳақ тўлаш
- 259Бир неча касбда (лавозимда) ишлаганда, хизмат кўрсатиш доираси кенгайганда ва иш ҳажми кўпайганда меҳнатга ҳақ тўлаш
- 260Ҳар хил малака талаб этиладиган ишлар бажарилганда меҳнатга ҳақ тўлаш
- 261Янги ишлаб чиқаришлар (маҳсулот) ўзлаштирилганда меҳнатга ҳақ тўлаш
Ушбу моддани қўллашда ёрдам керакми?
Талаб сизда қандай бажарилаётганини текширамиз ва нимани тартибга солиш кераклигини айтамиз.