Меҳнат муҳофазасини бошқариш тизимини жорий этиш тўғрисида

ЎзР Вазирлар Маҳкамаси қарори № 454, 21.07.2025

Меҳнат муҳофазасини бошқариш тизимини (ММБТ) жорий этиш бўйича энг янги ҳужжат. Иш берувчида меҳнат муҳофазаси соҳасида сиёсат ва мақсадларни белгиловчи ўзаро боғлиқ элементлар мажмуини белгилайди.

Эслатма: Ушбу матн ахборот мақсадларида тақдим этилган. Расмий версияни олиш учун lex.uz даги асосий манбага мурожаат қилинг.

Ҳужжат бўлимлари

Меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш тизимини жорий этиш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Камбағалликни қисқартириш ва бандлик соҳасида давлат сиёсатини такомиллаштириш ва самарадорликни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2024 йил 4 октябрдаги ПҚ-347-сон қарори ижросини таъминлаш, шунингдек, Халқаро Меҳнат Ташкилотининг Меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси ҳамда ишлаб чиқариш муҳити тўғрисидаги 155-сонли Конвенцияси (Женева, 1981 йил 22 июнь) нормаларини миллий қонунчиликка жорий (имплементация) қилиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади: 1. Қуйидагиларни назарда тутувчи Меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш тизими тўғрисидаги намунавий низом иловага мувофиқ тасдиқлансин: ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш тизимини режалаштириш, фаолият кўрсатишини ташкил этиш, ички аудитдан ўтказиш ва такомиллаштириш тартиби; меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси талабларини самарали бажариш, хавфни идентификация қилиш, касбга оид (касбий) хавф-хатарларни баҳолаш ва бошқариш. 2. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров ҳамда камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Б.Э. Захидов зиммасига юклансин. Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ Тошкент ш., 2025 йил 21 июль, 454-сон

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 21 июлдаги 454-сон қарорига ИЛОВА. Меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш тизими тўғрисида НАМУНАВИЙ НИЗОМ — 1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Намунавий низом Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси 359-моддаси ҳамда Халқаро Меҳнат Ташкилотининг Меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси ҳамда ишлаб чиқариш муҳити тўғрисидаги 155-сонли Конвенциясига (Женева, 1981 йил 22 июнь) мувофиқ ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш тизимини режалаштириш, унинг фаолият кўрсатишини ташкил этиш, ички аудитдан ўтказиш ва такомиллаштириш тартибини белгилайди. Меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш тизимининг мақсади меҳнатни муҳофаза қилиш, меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси талабларини самарали бажариш, хавфни идентификация қилиш, касбга оид (касбий) хавф-хатарларни баҳолаш ва бошқаришдан иборат. 2. Ушбу Намунавий низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланади: ички аудит — ташкилотда ММҚБ тизимининг меҳнатни муҳофаза қилиш, меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини аниқлаш жараёни; касбга оид (касбий) хавф-хатар — зарарли ва (ёки) хавфли ишлаб чиқариш омилларининг таъсири натижасида ходимнинг соғлиғи шикастланиши ёки меҳнат қобилияти йўқотилиши ёки вафот этиши эҳтимоли; меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш тизими (кейинги ўринларда — ММҚБ тизими) — маълум бир иш берувчининг меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси соҳасидаги сиёсати ва мақсадларини белгиловчи, ўзаро боғлиқ ва бир-бирига таъсир кўрсатувчи элементлар комплекси ҳамда ушбу мақсадларга эришиш тартиби; меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси — ходимлар учун хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омилларининг таъсири истисно қилинадиган меҳнат шароитлари ҳолати ҳамда уларнинг инсон саломатлиги ва функционал ҳолатига таъсирининг профилактикасига қаратилган чора-тадбирлар тизими; меҳнат шароитлари — меҳнат фаолиятини амалга ошириш чоғидаги ижтимоий ва ишлаб чиқариш омиллари йиғиндиси. 3. Ташкилотлар ушбу Намунавий низом асосида ММҚБ тизими тўғрисидаги низомини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди. Касбий таваккалчилиги ўнинчи даражасигача бўлган ташкилотлар меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича қонунчилик ҳужжатлари талабларига мувофиқ ММҚБ тизимини соддалаштирилган шаклда ишлаб чиқиши мумкин. 4. Ташкилотнинг ММҚБ тизими тўғрисидаги низоми иш берувчи томонидан касаба уюшмалари ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органлари билан келишилган ҳолда тасдиқланади. 5. Ташкилот ММҚБ тизимини ташкил этиш ва фаолият юритишни шартнома асосида меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида хизматлар бозорининг профессионал иштирокчиларини жалб қилган ҳолда амалга ошириши мумкин.

2-боб. ММҚБ тизимини режалаштириш, унинг фаолият кўрсатишини ташкил этиш, ички аудитдан ўтказиш ҳамда ММҚБ тизимини такомиллаштириш тартиби — 1-§. ММҚБ тизимини режалаштириш

6. ММҚБ тизимини режалаштириш қуйидаги тартибда амалга оширилади: функция ва ваколатларни ташкилотнинг масъул мансабдор шахслари ўртасида тақсимлаш; ташкилотнинг меҳнатни муҳофаза қилиш, меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси соҳасида сиёсатини ишлаб чиқиш; ММҚБ тизимини ташкил этиш учун меҳнатни муҳофаза қилиш, меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси соҳасидаги харажатларни молиялаштириш; ходимларни иш жойида касбга оид (касбий) хавф-хатарлар ва меҳнат шароитларини яхшилаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида хабардор қилишни белгилаш; ММҚБ тизими фаолияти самарадорлигини назорат қилиш; ММҚБ тизими тўғрисидаги низом ва ташкилотнинг меҳнатни муҳофаза қилиш, меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси соҳасидаги сиёсатини такомиллаштириб бориш. 7. Ташкилот ўзининг мақсад, вазифалари ва йўналишлари асосида меҳнатни муҳофаза қилиш, меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси соҳасидаги сиёсатини ишлаб чиқиши, бунда касбий таваккалчиликларнинг мавжудлигини ҳисобга олиши лозим.

2-§. ММҚБ тизимининг фаолият кўрсатишини ташкил этиш

8. ММҚБ тизимининг фаолият кўрсатиши қуйидагилардан иборат: меҳнатни муҳофаза қилиш, меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси бўйича ходимларни тайёрлаш; ишларни хавфсиз олиб бориш бўйича йўриқномаларни ишлаб чиқиш; иш ўринларини меҳнат шароитлари бўйича аттестациядан ўтказиш; хавфни идентификация қилиш, касбга оид (касбий) хавф-хатарларни баҳолаш ва бошқариш; ходимлар саломатлиги ҳолатини назорат қилиш; ходимларни шахсий ва (ёки) жамоавий ҳимоя воситалари билан таъминлаш; ноқулай меҳнат шароитларида банд бўлган ходимларга имтиёзлар ва компенсациялар бериш; иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш; бахтсиз ҳодисаларни текшириш ва ҳисобга олиш; касб касалликларининг олдини олиш; пудратчи ташкилотлар томонидан ишларнинг бехатар бажарилиши устидан назорат қилиш. 9. ММҚБ тизими доирасида иш берувчи хавфни идентификация қилиш, касбга оид (касбий) хавф-хатарларни баҳолаш ва бошқаришни ташкил этади. Бунда иш берувчи ушбу Намунавий низомга иловага мувофиқ хавфни идентификация қилиш, касбга оид (касбий) хавф-хатарларни баҳолаш ва бошқариш тартиби асосида амалга оширади. 10. Ташкилотнинг ММҚБ тизими тўғрисидаги низомда пудратчи ташкилотлар томонидан қурилиш ва таъмирлаш ишларини меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси талабларига мувофиқ бехатар бажарилишини таъминлаш мақсадида томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланади.

3-§. ММҚБ тизимининг ички аудитдан ўтказиш

11. ММҚБ тизимининг ички аудитдан ўтказиш иш берувчининг қарорига биноан меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати (муҳандис) томонидан амалга оширилади ва қуйидагиларни ўз ичига олади: ташкилотда ММҚБ тизимининг меҳнатни муҳофаза қилиш, меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси масалалари бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини ўрганиш; ММҚБ тизимининг ишлаши сифатини, ишлаб чиқаришдаги жароҳатланишлар ва касб касалликларининг олдини олишга, даражасини камайтиришга қаратилган чора-тадбирлар самарадорлигини баҳолаш; аниқланган камчиликларни бартараф этиш, ишлаб чиқаришдаги жароҳатланишлар ва касб касалликларининг олдини олиш бўйича таклифлар ҳамда хулосалар ишлаб чиқиш. 12. Ташкилотда ички аудит бир йилда камида бир марта ўтказилади.

4-§. ММҚБ тизимини такомиллаштириш

13. Ташкилотда ММҚБ тизими ички аудит натижасида аниқланган номувофиқликларни бартараф этиш бўйича белгиланган чора-тадбирлар асосида такомиллаштирилади. Аниқланган номувофиқликлар юзасидан огоҳлантириш хабарномаси расмийлаштирилади ва ташкилотнинг таркибий бўлинмаларига тарқатилади. Аниқланган номувофиқликларнинг сабабларини бартараф этиш учун уларнинг қайта юзага келиши олдини олиш мақсадида чора-тадбирлар ишлаб чиқилади ва амалга оширилади. 14. Огоҳлантириш хабарномаси ва чора-тадбирлар қуйидагиларни ўз ичига олади: меҳнатни муҳофаза қилиш, меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси қоидаларига ва (ёки) ММҚБ тизими талабларига риоя этилмаслик сабабларини аниқлаш ва таҳлил қилиш; огоҳлантириш хабарномаси ва чора-тадбирлар ташаббуси билан чиқиш, режалаштириш, амалга ошириш, самарадорлигини текшириш ва ҳужжатлаштириш; ММҚБ тизими тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар киритиш. 15. Номувофиқлик аниқланганда унинг сабаблари ва аҳамиятига қараб қуйидаги огоҳлантириш ва чора-тадбирлар амалга оширилади: ишлаб чиқариш жараёнини тўхтатиш; ускуналардан фойдаланишни тақиқлаш; ходимларни ишдан четлаштириш ҳамда меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси бўйича навбатдан ташқари йўл-йўриқ бериш, ўқитиш ҳамда билимларини текшириш; тегишли малакага ва иш тажрибасига эга бўлган ходимларни ишга қабул қилиш; ходимларга меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси бўйича йўл-йўриқ бериш, ўқитиш, билимларини текшириш, малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш тартибини қайта кўриб чиқиш; номувофиқликни бартараф этиш бўйича техник ҳаракатлар (таъмирлаш, техник хизмат кўрсатиш); мавжуд технологик жараёнларни ўзгартириш; манфаатдор томонларни хабардор қилиш (фавқулодда ва авария ҳолатида); фавқулодда ва авария ҳолатларини бартараф этиш чораларини кўриш; етказиб берувчилар ва пудратчи ташкилотларга нисбатан фаолиятни қайта кўриб чиқиш; ММҚБ тизими тўғрисидаги низомни ҳамда меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси бўйича ташкилотнинг сиёсатини қайта кўриб чиқиш. 16. ММҚБ тизими тўғрисидаги низомда аниқланган номувофиқликларнинг сабабларини бартараф этиш бўйича огоҳлантириш хабарномаси ва чора-тадбирлар режаларини ишлаб чиқиш тартиби кўрсатилади. Огоҳлантириш хабарномаси ва чора-тадбирлар режаларини амалга ошириш, шунингдек, номувофиқликларнинг юзага келиш сабабларини аниқлаш меҳнат хавфсизлиги ва гигиенасини таъминлашга масъул бўлган шахслар томонидан амалга оширилади. Огоҳлантириш хабарномаси ва чора-тадбирлар режаларининг натижадорлиги ва самарадорлиги ММҚБ тизими ички аудити жараёнида самарадорликни баҳолаш натижаларига кўра аниқланади. 17. Юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда ва авария ҳолатлари, бахтсиз ҳодисалар, касб касалликлари ва заҳарланишларнинг олдини олиш усуллари ММҚБ тизими тўғрисидаги низомда акс эттирилади. Юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда ва авария ҳолатлари, бахтсиз ҳодисалар, касб касалликлари ва заҳарланишларнинг олдини олиш усулларини ишлаб чиқариш ва технологик жараёнларни, фойдаланилаётган хомашё ҳамда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг хусусиятларини, иқлим, сейсмик ва бошқа табиий жараёнларни таҳлил қилиш ҳамда касбий хавфларни баҳолаш натижалари, илгари содир бўлган бахтсиз ҳодисалар, фавқулодда ҳамда авария ҳолатларида аниқланган номувофиқликлар асосида ишлаб чиқилади. 18. Ташкилот раҳбарияти меҳнатни муҳофаза қилиш, меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси бўйича ташкилотнинг сиёсати ва мақсадлари ММҚБ тизимига мувофиқлигининг доимий равишда таҳлилини амалга оширади. Таҳлил қуйидаги ҳаракатларни ўз ичига олади: ички аудит натижалари бўйича хулосалар ва назорат қилувчи органларнинг кўрсатмаларини кўриб чиқиш; меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси билан боғлиқ долзарб масалаларни ташкилотнинг йиғилишларида муҳокама қилиш. Таҳлилни амалга ошириш тартиби ташкилотнинг ММҚБ тизими тўғрисидаги низомида белгиланади. 19. Ташкилотда меҳнатни муҳофаза қилиш, меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси ҳолатини сифатли таҳлил қилиш, касбий хавфларни идентификациялаш, баҳолаш ва бошқариш, шунингдек, огоҳлантириш хабарномаси ва чора-тадбирларини амалга ошириш бўйича ҳужжатлар меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати (муҳандис) томонидан юритилади. Меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси бўйича ҳужжатлар қуйидагиларни ўз ичига олади: ташкилий-фармойиш берувчи ва белгиловчи тусдаги ҳужжатлар (буйруқлар, низомлар, меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўриқномалар, тартиблар, регламентлар, дастурлар, режалар, рўйхатлар, қоидалар, нормалар, стандартлар); ташкилотнинг иқтисодий фаолият турига мувофиқ меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар; қайд этиш хусусиятига эга ҳужжатлар (далолатномалар ва баённомалар, рухсат бериш нарядлари, фармойишлар, бахтсиз ҳодисаларни текшириш бўйича материаллар, иш ўринларини аттестациядан ўтказиш ва касбий таваккалчиликларни баҳолаш ҳужжатлари); ахборот тусидаги ҳужжатлар (статистик ҳисоботлар, мансабдор шахслар томонидан ўтказилган текширув далолатномалари, ёзма кўрсатмалар, тақдимномалар, хулосалар); ҳисобот ҳужжатлари (ходимларни тиббий кўрикдан ўтказиш далолатномалари, ходимлар саломатлиги ҳолати тўғрисидаги маълумотлар ҳисоби, ишлаб чиқариш ускуналарини синовдан ўтказиш далолатномалари, ММҚБ тизими фаолиятини жорий назорат қилиш ва таҳлил қилиш натижалари, расмий статистика ҳисоботи шакллари). ММҚБ тизими ҳужжатлари доимий равишда янгилаб борилади ва беш йил давомида сақланади ҳамда иш берувчининг меҳнатни муҳофаза қилиш, меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси соҳасидаги ҳужжатлари қабул қилингандан кейин ўн иш куни мобайнида тегишли ходимларга таништирилади. 20. ММҚБ тизимининг самарали фаолият юритиши ташкилотда меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси ҳолати тўғрисидаги ишончли статистик ҳисоботларни сифатли юритиш ва ўз вақтида тақдим этиш орқали амалга оширилади. Статистик ҳисобот қуйидагиларни ўз ичига олади: ноқулай меҳнат шароитларида банд бўлган ходимлар сони тўғрисидаги йиллик ҳисобот; меҳнат фаолияти билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликлари тўғрисидаги ҳисобот. Иш берувчи давлат органларига уларнинг ёзма сўровига асосан, ташкилотнинг меҳнат шароитлари, меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси ҳолати тўғрисида маълумот тақдим этади.

3-боб. Якунловчи қоида

21. Ушбу Намунавий низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.

Меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш тизими тўғрисидаги намунавий низомга ИЛОВА. Хавфни идентификация қилиш, касбга оид (касбий) хавф-хатарларни баҳолаш ва бошқариш тартиби — 1-боб. Умумий қоида

1. Ушбу Тартиб ташкилотларда хавфни идентификация қилиш, касбга оид (касбий) хавф-хатарларни баҳолаш ва бошқаришни белгилайди.

2-боб. Хавфни идентификация қилиш

2. Хавфни идентификация қилиш босқичининг асосий вазифалари — барча хавфларнинг манбаларини аниқлаш ва уларни амалга ошириш йўлларини аниқ тавсифлашдан иборат. 3. Хавфни идентификациялашда технологик тизимдаги қайси элементлар, техник қурилмалар, технологик бирикмалар ёки жараёнлар жиддий таҳлил қилишни талаб қиладиган ва хавфсизлик нуқтаи назаридан аҳамиятли бўлмаган ҳолатлар аниқланади. 4. Қуйидагилар хавфларни идентификациялаш натижалари ҳисобланади: хавф мавжуд бўлган ҳолатларнинг рўйхати; хавф мавжуд бўлган ҳолатларнинг хавф манбаларини тавсифлаш; хавф мавжуд бўлган ҳолатларнинг пайдо бўлиши ва ривожланиши, хавф-хатарлар омиллари; касбга оид (касбий) хавф-хатарларни олдиндан баҳолаш. 5. Ушбу Тартибнинг 1-иловасига мувофиқ, ташкилотнинг таркибий бўлинмалари раҳбарлари томонидан «Хавфлар матрицаси» шаклини тўлдириш орқали касбга оид (касбий) хавф-хатарлар идентификация қилинади.

3-боб. Касбга оид (касбий) хавф-хатарларни баҳолаш

6. Касбга оид (касбий) хавф-хатарларни баҳолаш қуйидаги тартибда амалга оширилади: 1-қадам: Эҳтимолийлик даражасини аниқлаш: эҳтимолийлик даражасини аниқлаш қуйидаги 1-жадвалда келтирилган омилларни баҳолаш орқали амалга оширилади: 1-жадвал

Касбга оид (касбий) хавф-хатарларнинг пайдо бўлиш эҳтимолийлигига таъсир қилувчи омиллар+/-
Фаолиятни амалга оширадиган ходимларнинг малакаси етарлими?+
Фойдаланилаётган асбоб ва ускуналар талабларга жавоб берадими?+
Фаолиятни амалга оширишнинг ҳужжатлаштирилган усули мавжудми?+
Фаолиятнинг асосий кўрсаткичлари ўлчаниши ва назорат қилиниши амалга ошириладими?+
Атроф-муҳит омиллари (ёруғлик, шовқиндан ҳимояланиш, юқори ҳарорат) талабларга жавоб берадими?+

Касбга оид (касбий) хавф-хатарлар пайдо бўлиши эҳтимолийлигининг қиймати 1 дан 5 баллгача бўлиши мумкин. Касбга оид (касбий) хавф-хатарлар таъсир қилишининг пайдо бўлиши эҳтимолийлиги қуйидаги 2-жадвалда келтирилган шкалалар орқали баҳоланади: 2-жадвал Касбга оид (касбий) хавф-хатарларнинг пайдо бўлиши эҳтимолийлигини баҳолаш шкаласи

Бешта салбий жавоб (-)5 балл
Тўртта салбий жавоб (-)4 балл
Учта салбий жавоб (-)3 балл
Иккита салбий жавоб (-)2 балл
Битта салбий жавоб ёки унинг йўқлиги (-)1 балл

2-қадам: Аҳамиятлиликни баҳолаш: аҳамиятлиликни баҳолаш учун содир бўлиши мумкин бўлган бахтсиз ҳодисанинг оқибати аҳамиятлилигини аниқлаш керак. Содир бўлиши мумкин бўлган бахтсиз ҳодисанинг оқибати аҳамиятлилигини баҳолаш қуйидаги 3-жадвалда келтирилган шкалалар орқали аниқланади: 3-жадвал Содир бўлиши мумкин бўлган бахтсиз ҳодисанинг оқибати аҳамиятлилигини баҳолаш шкаласи

Ўлим билан тугаши мумкин бўлган бахтсиз ҳодиса5 балл
Жабрланувчига шифокордан олдинги биринчи ёрдам кўрсатилиши ва зудлик билан шифохонага олиб борилиши талаб этадиган гуруҳли ёки оғир шикастланиши мумкин бўлган ҳолатда4 балл
Жабрланувчига шифокордан олдинги биринчи ёрдам кўрсатилиши ва зудлик билан шифохонага олиб борилиши талаб этадиган оқибати ўртача оғир шикастланиши мумкин бўлган ҳолатда3 балл
Жабрланувчини шифохонага ётқизиш талаб этилмайди, аммо меҳнат қобилияти камида бир кунга йўқотилса ёки тиббий хулосага мувофиқ енгилроқ бошқа ишга ўтиши зарур бўлган ҳолатда2 балл
Кичик жароҳатлар оқибатида вақт йўқотиш ёки ишни бажаришда шикастланиш эҳтимоли юзага келиши мумкин бўлган ҳолатда1 балл

3-қадам: Касбга оид (касбий) хавф-хатарлар даражасини баҳолаш: касбга оид (касбий) хавф-хатарлар даражаси «Хавфлар матрицаси»нинг асосий устунлари тўлдирилганидан сўнг аниқланади. Касбга оид (касбий) хавф-хатарлар даражасини аниқлаш жадвалидан фойдаланган ҳолда эҳтимолийлик даражасини аҳамиятлилик даражаси билан солиштирилади ва қуйидаги 4-жадвалга асосан иккита даражаларнинг кесишув нуқтасида касбга оид (касбий) хавф-хатар даражаси аниқланади. 4-жадвал Касбга оид (касбий) хавф-хатар даражасини аниқлаш

АҳамиятлиликЭҳтимолийлик даражаси
54321
Ўлим525*20*15*10*5**
Оғир жароҳатланиш420*16*12*8*4**
Оғирлиги ўрта жароҳатланиш315*12*9*6*
Енгил жароҳатланиш210*8*6*2**
Кичик жароҳатланиш15*4*3*2**l**

Изоҳ: * назорат қилиб бўлмайдиган касбга оид (касбий) хавф-хатар; ** назорат қилинадиган касбга оид (касбий) хавф-хатар. 4-қадам: Касбга оид (касбий) хавф-хатар даражасини қайд этиш: аҳамиятлилик даражаси 5 балл ҳамда эҳтимолийлик даражаси 1 балл бўлса; аҳамиятлилик даражаси 4 балл ҳамда эҳтимолийлик даражаси 1 балл бўлса; аҳамиятлилик даражаси 3 балл ҳамда эҳтимолийлик даражаси 1 балл бўлса; аҳамиятлилик даражаси 2 балл ҳамда эҳтимолийлик даражаси 2 ёки 1 балл бўлса; аҳамиятлилик даражаси 1 балл ҳамда эҳтимолийлик даражаси 2 ёки 1 балл бўлса — хавф-хатарлар назорат қилинадиган хавф-хатарлар даражасига киради. Аҳамиятлилик даражаси 5 балл ҳамда эҳтимолийлик даражаси 5, 4,3, ёки 2 балл бўлса; аҳамиятлилик даражаси 4 балл ҳамда эҳтимолийлик даражаси 5, 4, 3, ёки 2 балл бўлса; аҳамиятлилик даражаси 3 балл ҳамда эҳтимолийлик даражаси 5, 4, 3, ёки 2 балл бўлса; аҳамиятлилик даражаси 2 балл ҳамда эҳтимолийлик даражаси 5, 4 ёки 3 балл бўлса; аҳамиятлилик даражаси 1 балл ҳамда эҳтимолийлик даражаси 5, 4 ёки 3 балл бўлса — касбга оид (касбий) хавф-хатарлар назорат қилиб бўлмайдиган касбга оид (касбий) хавф-хатарлар даражасига киради ва мазкур касбга оид (касбий) хавф-хатарларни бартараф этиш бўйича тезкор чоралар ишлаб чиқишни талаб қилади. Олинган натижалар ушбу Тартибга 1-иловага асосан «Хавфлар матрицаси» шаклидаги «Касбга оид (касбий) хавф-хатар даражаси» устунида қайд этилади. Бунда баҳолашни амалга ошириш учун маълумотлар етарли бўлмаса, касбга оид (касбий) хавф-хатар аниқланмаган деб тавсифланади ва қўшимча маълумотларни йиғиш талаб этилади. Белгиланган касбга оид (касбий) хавф-хатар даражасини тасдиқлаш учун ташкилот таркибий бўлинмаларининг раҳбарлари 4-жадвалда кўрсатилган «Касбга оид (касбий) хавф-хатар даражаси» устунига белги қўйган ҳолда касбга оид (касбий) хавф-хатар даражасини аниқлайди. Ушбу 4-жадвал кейинги касбга оид (касбий) хавф-хатар таҳлили амалга оширилишига қадар сақланади. Мисол учун:

Т/рФаолият туриХавф (зарар етказиши мумкин бўлган предмет ёки вазият)Касбга оид (касбий) хавф-хатар (зарар)Эҳтимолийлик даражасиАҳамиятлилик даражасиКасбга оид (касбий) хавф-хатар даражасиНазорат усули (йўриқномага ҳавола)Хулоса
1.Баландликдаги ишларБаландликЙиқилиш248Хавфсизлик камаридан фойдаланади, ___-сон меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўриқномаНазорат қилинади
Синиш248Назорат қилинади
Вафот этиш4416
2.Ёнувчан суюқликни чиқариб ташлашЁнғин келиб чиқишиТермик куйиш224___-сон меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўриқномаНазорат қилинади
Айланма механизмларШикастланиш313___-сон меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўриқномаНазорат қилинади
Юқори кучланишЭлектр токи уриши212___-сон меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўриқномаНазорат қилинади
3.Компьютерда ишлашУзоқ вақтли ўтириб ишлашГеморрой339Мавжуд эмасНазорат қилиб бўлмайди
Остеохондроз326Мавжуд эмасНазорат қилиб бўлмайди
НурланишКўзнинг тўр пардаси касалланиши224Мавжуд эмасНазорат қилиб бўлмайди
Электр токи уришиТермал куйиш122___-сон меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўриқномаНазорат қилинади

7. Хавфлар матрицасининг «Назорат усули» устунида назорат усуллари (йўриқнома, низом, чора-тадбирларга ҳавола) кўрсатилади. 8. Агар аниқланган касбга оид (касбий) хавф-хатарни бошқаришни назорат усуллари мавжуд бўлмаса, хавфлар матрицасининг «Хулоса» устунида «Назорат қилинмайдиган» деб кўрсатилади. 9. Мазкур «Хавфлар матрицаси» меҳнатни муҳофаза қилиш хизматига (муҳандиси) топширилади, меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати (муҳандиси) томонидан ташкилотнинг касаба уюшмалари ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органлари билан биргаликда ушбу матрица тўғри тўлдирилганлиги текширилади. 10. Касбга оид (касбий) хавф-хатар даражаси тасдиқланганидан сўнг ташкилотнинг меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш тизими мақсадига киритиш учун энг муҳим хавфлар аниқланади ва ушбу Тартибга 2-иловага асосан ташкилотда назорат қилиб бўлмайдиган хавф-хатар даражасини камайтириш бўйича тадбирлар белгиланади.

4-боб. Касбга оид (касбий) хавф-хатарларни бошқариш

11. Касбга оид (касбий) хавф-хатарларни бошқариш қуйидаги асосий вазифалардан иборат: содир бўлиши мумкин бўлган эҳтимолий ҳодисаларнинг тезлигини аниқлаш; содир бўлиши мумкин бўлган эҳтимолий ҳодисаларнинг оқибатларини баҳолаш; касбга оид (касбий) хавф-хатарларни баҳолаш натижаларини умумлаштириш. 12. Касбга оид (касбий) хавф-хатарларни камайтириш бўйича тавсияларни ишлаб чиқиш хавфларни таҳлил қилишнинг якуний босқичидир. Тавсияларда касбга оид (касбий) хавф-хатарларни баҳолаш натижаларига асосланган хавфларни бошқариш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланади. 13. Касбга оид (касбий) хавф-хатарларни бошқариш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқишда, ресурсларнинг чекланганлигини ҳисобга олиб, биринчи навбатда энг содда ва кам харажат талаб этадиган тавсия ва чора-тадбирлар ишлаб чиқилади. 14. Касбга оид (касбий) хавф-хатарларни камайтириш бўйича таклиф қилинаётган тавсия ва чора-тадбирларнинг самарадорлигини асослаш зарур бўлса, қуйидагилар тавсия этилади: мавжуд ресурслар билан касбга оид (касбий) хавф-хатарларни максимал даражада камайтиришни таъминлаш; минимал харажат билан касбга оид (касбий) хавф-хатарларни мақбул даражагача камайтириш. 15. Касбга оид (касбий) хавф-хатарларнинг таҳлилини ўтказиш усулларини танлашда ташкилот фаолияти турларининг хавфлилиги даражаси, ресурсларнинг мавжудлиги, мутахассисларнинг тажрибаси ва зарур бўлган маълумотларнинг мавжудлиги инобатга олиниши керак. 16. Касбга оид (касбий) хавф-хатарларни таҳлил қилиш усулларини танлаш ва қўллашда қуйидаги талабларга риоя қилиш тавсия этилади: биринчи усул — хавфларни идентификация қилиш ва касбга оид (касбий) хавф-хатарларни камайтириш йўлларини самарали тушунтириш имконини яратадиган натижаларни бериши керак; иккинчи усул — такрорланадиган ва текшириладиган бўлиши керак.

Хавфни идентификация қилиш, касбга оид (касбий) хавф-хатарларни баҳолаш ва бошқариш тартибига 1-ИЛОВА. Хавфлар матрицаси шакли

«ТАСДИҚЛАЙМАН» Бош муҳандис (Ташкилот раҳбари ўринбосари) _________________________ 20___ йил «___» _________ ХАВФЛАР МАТРИЦАСИ Таркибий бўлинма номи: _________________________________________________________________________________ Таҳлил ўтказилган сана: 20___ йил «___» _________

Т/рФаолият туриХавф (зарар етказиши мумкин бўлган жисм ёки ҳолат)Хавф-хатар (зарар)Хавф таъсиридаги шахсЭҳтимолийлик даражасиАҳамиятлилик даражасиКасбга оид (касбий) хавф-хатар даражасиНазорат усули (йўриқномага ҳавола)Хулоса
Ишлаб чиқди:Таркибий бўлинма бошлиғи _______________
Келишилди:Касаба уюшмаси раиси ёки вакил ______________

ММҚ хизмати (муҳандис) ______________ Бош энергетик ______________ Бош технолог ______________ Бош механик ______________ (Изоҳ: агар матрица пудратчи ташкилот томонидан тўлдиршса, таркибий бўлинма бошлиғи ва меҳнатни муҳофаза қилиш мутахассиси сифатида таркибий бўлинма бошлиғи ва пудратчи ташкилотнинг меҳнатни муҳофаза қилиш вақти имзо қўяди.

Хавфни идентификация қилиш, касбга оид (касбий) хавф-хатарларни баҳолаш ва бошқариш тартибига 2-ИЛОВА

«ТАСДИҚЛАЙМАН» Ташкилот раҳбари _________________________ 20___ йил «___» _________ Ташкилотда назорат қилиб бўлмайдиган хавф-хатар даражасини камайтириш бўйича тадбирлар

T/рХавфни идентификациялаш жойиНазорат қилиб бўлмайдиган касбга оид (касбий) хавф-хатарларКасбга оид (касбий) хавф-хатарларни бартараф этиш ёки камайтириш бўйича ҳаракатларТалаб этиладиган маблағМасъулИжро муддатиКутилаётган натижа

1 2 3. 4. 5. 6.

Ишлаб чиқди:Таркибий бўлинма бошлиғи ______________
Келишилди:Касаба уюшмаси раиси ёки вакил ______________

ММҚ хизмати (муҳандис) ______________ Бош энергетик ______________ Бош технолог ______________ Бош механик ______________ (Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 22.07.2025 й., 09/25/454/0641-сон)

Ушбу қонунга риоя қилишда ёрдам керакми?

Ташкилотингизни қонунчилик талабларига мувофиқлаштиришда ёрдам берамиз.