1. Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни махсус текшириш — мазкур Низомга мувофиқ махсус текшириш комиссияси томонидан гуруҳли, оқибати ўртача оғир ёки оғир ва ўлим билан тугаган бахтсиз ҳодисаларнинг келиб чиқиш сабабларини аниқлашга қаратилган текширув.
Қуйидаги бахтсиз ҳодисалар махсус текширилади:
бир вақтнинг ўзида икки ва ундан зиёд ходимлар билан саломатликка етказилган зарарнинг оғирлиги даражасидан қатъи назар, юз берган гуруҳли бахтсиз ҳодисалар;
оқибати ўртача оғир ёки оғир бахтсиз ҳодисалар;
ўлим билан тугаган бахтсиз ҳодисалар.
(1-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 5 апрелдаги 183-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 06.04.2021 й., 09/21/183/0283-сон)
2. Гуруҳли, оқибати ўртача оғир ёки оғир ва ўлим билан тугаган бахтсиз ҳодиса тўғрисида иш берувчи дарҳол схемага биноан (3-илова) қуйидагиларга хабар бериши керак:
ҳудудий меҳнат органининг давлат меҳнат инспекциясига;
юқори турувчи хўжалик органига;
бахтсиз ҳодиса юз берган жойдаги ҳудудий ички ишлар органига;
Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигига;
(2-банднинг бешинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 29 октябрдаги 714-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.10.2024 й., 09/24/714/0865-сон)
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитасининг ҳудудий органига, Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳузуридаги Тоғ-кон саноати ва геология соҳасини назорат қилиш инспекциясининг ҳудудий органига ҳамда «Ўзэнергоинспекция» нинг ҳудудий органига, агар бахтсиз ҳодиса назорати остидаги корхона (объект)да юз берган бўлса;
(2-банднинг олтинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 2 майдаги 289-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.05.2025 й., 09/25/289/0406-сон)
иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномаси бўйича суғурталовчига.
(2-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 5 апрелдаги 183-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 06.04.2021 й., 09/21/183/0283-сон)
3. Гуруҳли, оқибати ўртача оғир ёки оғир ва ўлим билан тугаган бахтсиз ҳодисаларни махсус текшириш махсус ваколатли орган билан олдиндан келишилмаган ва хабардор этмаган ҳолда махсус ташкил этилган комиссия томонидан текширилади.
Гуруҳли, оқибати ўртача оғир ёки оғир ва уч кишигача ўлим билан тугаган бахтсиз ҳодисани ҳудудий меҳнат органи буйруғига асосан қуйидаги таркибдаги комиссия махсус текширади;
раис — ҳудудий меҳнат органининг меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича (бош) давлат техник инспектори ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси вакили ёки Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳузуридаги Тоғ-кон саноати ва геология соҳасини назорат қилиш инспекцияси вакили ёхуд «Ўзэнергоинспекция» вакили назорати остидаги корхона (объект) бўйича;
(3-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 2 майдаги 289-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.05.2025 й., 09/25/289/0406-сон)
аъзолар — юқори турувчи хўжалик органи вакили, иш берувчи, II бўлимнинг 7, 10, 11, 12 ва 13-кичик бандларида кўзда тутилган ҳолларда жабрланувчининг асосий иш жойи касаба уюшмаси қўмитаси ёки корхона ходимларининг бошқа вакиллик органи раиси ва иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномаси бўйича суғурталовчининг вакили.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси ёки Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳузуридаги Тоғ-кон саноати ва геология соҳасини назорат қилиш инспекцияси ёхуд «Ўзэнергоинспекция» назорати остидаги корхона (объект)ларда юз берган гуруҳли, оқибати ўртача оғир ёки оғир ва ўлим билан тугаган бахтсиз ҳодисани тегишли ҳудудий меҳнат органининг Давлат меҳнат инспекцияси билан келишилган ҳолда, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси ёки Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳузуридаги Тоғ-кон саноати ва геология соҳасини назорат қилиш инспекцияси ёхуд «Ўзэнергоинспекция» республика ёки маҳаллий органлари буйруғи асосида тузилган комиссия юқори турувчи хўжалик органи вакили иштирокида текширади. Шу орган вакили комиссия раиси қилиб тайинланади. Комиссия таркибига меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича (бош) давлат техник инспектор киради.
(3-банднинг бешинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 2 майдаги 289-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.05.2025 й., 09/25/289/0406-сон)
Гуруҳли, оқибати ўртача оғир ёки оғир ва ўлим билан тугаган бахтсиз ҳодисалар юз берганда, иш берувчи ва касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи вакиллари таркибида иш берувчининг буйруғи билан ташкил этилган комиссия томонидан Н-1 шаклидаги далолатнома махсус текшириш далолатномаси тузилгандан сўнг бир кун ичида комиссия хулосаларига мувофиқ расмийлаштирилади.
уч нафардан ўн бир нафаргача инсон сабаб бўлган бахтсиз ҳодисани махсус текшириш Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги қарорига асосан қуйидаги таркибдаги комиссия томонидан ўтказилади:
(3-банднинг еттинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 29 октябрдаги 714-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.10.2024 й., 09/24/714/0865-сон)
раис — Ўзбекистон Республикаси меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича (бош) давлат техник инспектори;
аъзолар — юқори турувчи орган раҳбарларидан бири, иш берувчи, касаба уюшмаси қўмитаси ёки ташкилот ходимларининг бошқа вакиллик органи раиси.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси ёки Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳузуридаги Тоғ-кон саноати ва геология соҳасини назорат қилиш инспекцияси ёхуд «Ўзенергоинспекция» назорати остида бўлган ташкилотдаги бахтсиз ҳодисани Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг Давлат меҳнат инспекцияси билан келишилган ҳолда, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси ёки Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳузуридаги Тоғ-кон саноати ва геология соҳасини назорат қилиш инспекцияси ёхуд «Ўзэнергоинспекция»нинг буйруғи асосида тузилган комиссия томонидан юқори турувчи орган раҳбари иштирокида текширади. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси ёки Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳузуридаги Тоғ-кон саноати ва геология соҳасини назорат қилиш инспекцияси ёхуд «Ўзэнергоинспекция» раҳбарларидан бири комиссия раиси этиб тайинланади. Ўзбекистон Республикаси меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича (бош) давлат техник инспектори комиссия таркибига киритилади.
(3-банднинг ўнинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 2 майдаги 289-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.05.2025 й., 09/25/289/0406-сон)
Ўн бир нафар ва ундан ортиқ инсоннинг ўлимига сабаб бўлган бахтсиз ҳодисалар Вазирлар Маҳкамасининг фармойиши асосида тузилган комиссия томонидан текширилади.
(3-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 5 апрелдаги 183-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 06.04.2021 й., 09/21/183/0283-сон)
4. Махсус текшириш комиссияси 15 кун мобайнида бахтсиз ҳодисани текшириб чиқади, корхона (бўлинма, цех)даги меҳнатни муҳофаза қилиш аҳволини, агар зарур бўлса, тармоқнинг бошқа корхоналарида ҳам текширишни ташкил этади, махсус текшириш далолатномасини тузади (4-илова) ҳамда III бўлимнинг 7-бандида кўзда тутилган бошқа ҳужжатларни расмийлаштиради.
Комиссия аъзолари жабрланувчилар ёки уларнинг оила аъзолари билан учрашувлар ташкил этадилар, зарур бўлса тегишли органларга таклифлар киритадилар ёки ижтимоий тусдаги ёрдам масалаларини жойида ҳал қиладилар, жабрланувчига ёки ўлганнинг оила аъзоларига уларнинг ҳуқуқларини тушунтирадилар.
(4-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 5 июлдаги 134-сон қарорига асосан чиқарилган — ЎР ҚҲТ, 2010 й., 26-27-сон, 213-модда)
5. Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича (бош) давлат техник инспектори махсус текшириш комиссияси чиқарган хулосалардан норози бўлса, шунингдек, у зарур деб ҳисоблаган бошқа ҳолларда ўз хулосасини чиқаради (5-илова).
(5-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 5 апрелдаги 183-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 06.04.2021 й., 09/21/183/0283-сон)
Комиссия аъзоси махсус текшириш ўтказаётган комиссия хулосасидан норози бўлганда ўзининг алоҳида фикрини билдириши мумкин.
(5-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 5 июлдаги 134-сон қарорига асосан хатбоши билан тўлдирилган — ЎР ҚҲТ, 2010 й., 26-27-сон, 213-модда)
6. Махсус текшириш комиссияси талабига кўра иш берувчи:
бахтсиз ҳодисани текширишда иштирок этиш учун ўзларининг ораларидан эксперт гуруҳи тузиш мумкин бўлган эксперт-мутахассисларни таклиф қилиши;
техник ҳисоблашлар, лаборатория тадқиқотлари, синовдан ўтказиш ва бошқа ишларни амалга ошириши;
бахтсиз ҳодиса юз берган жойни суратга олиши ва бошқа зарур ҳужжатларни тақдим этиши;
текшириш учун зарур бўлган транспорт ва алоқа воситалари, махсус кийим-бош, махсус пойабзал ва бошқа шахсий ҳимоя воситалари билан таъминлаши;
комиссия аъзолари ишлаши учун уларга жиҳозланган алоҳида хона ажратиб бериши;
бахтсиз ҳодисани махсус текшириш материалларини машинкада ёзишни ва етарли миқдорда кўпайтиришни таъминлаши шартдир.
Техник ҳисоблашлар, лаборатория тадқиқотлари синовдан ўтказиш ва таклиф қилинган мутахассислар амалга ошираётган бошқа ишлар, шунингдек, транспорт ва алоқа воситалари харажатларини бахтсиз ҳодиса юз берган корхона тўлайди.
Комиссия аъзолари текшириш давомида иш берувчидан, корхона ва унинг таркибий бўлинмалари раҳбарлари, гувоҳлар ва бошқа шахслардан ёзма ва оғзаки тушунтиришлар олишга ҳақлидирлар.
Изоҳ: Эксперт гуруҳи текшириш комиссияси раисининг фармойишига мувофиқ тузилади. Эксперт хулосасини талаб қилувчи масалалар ва эксперт гуруҳи хулосаси бўлган материаллар ёзма равишда расмийлаштирилади.
7. Махсус текшириш материалларига қуйидагилар киради:
махсус текшириш далолатномаси;
ҳар бир жабрланувчига алоҳида тузилган Н-1 шаклидаги далолатнома;
режалар, схемалар, текшириш протоколи ва бахтсиз ҳодиса юз берган жойнинг фотосуратлари;
йўл-транспорт ҳодисаси юз берган жой схемаси;
сўроқлар протоколи, жабрланувчининг ва бахтсиз ҳодисани кўрган гувоҳлар ва бошқа алоқадор шахсларнинг, шунингдек, ГОСТ, ССБТ стандартлари, меҳнатни муҳофаза қилиш қоидалари ва меъёрларига риоя қилинишига масъул бўлган мансабдор шахсларнинг тушунтиришлари, эксперт гуруҳи тузиш тўғрисидаги фармойиш ва бошқалар;
жабрланувчиларнинг хавфсизлик техникаси бўйича ўқитилганлиги ва йўриқномалар олганлиги ҳақидаги қайд дафтарларидан кўчирмалар;
жабрланувчига етказилган жароҳатнинг хусусияти ва оғирлиги, ўлими сабаблари тўғрисидаги тиббий хулоса;
эксперт гуруҳининг (зарур бўлганда) бахтсиз ҳодиса сабаблари ҳақидаги хулосаси, лаборатория ва бошқа тадқиқотлар, тажрибалар, таҳлиллар ва ҳоказоларнинг натижалари;
авария туфайли кўрилган моддий зарар ҳақидаги маълумотнома;
махсус текшириш комиссияси тузиш ҳақидаги буйруқ ёки қарор;
йўриқномалар, низомлар, буйруқлардан ва меҳнат хавфсизлиги меъёрларини ва унга масъул бўлган шахсларни белгиловчи бошқа далолатномалардан кўчирмалар;
корхона (бўлинма, цех)да меҳнатни муҳофаза қилиш ҳолатини текшириш тўғрисидаги махсус текшириш комиссиясининг далолатномаси;
зарур бўлган ҳолларда меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича (бош) давлат техник инспекторининг хулосаси.
(7-банднинг ўн тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 5 апрелдаги 183-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 06.04.2021 й., 09/21/183/0283-сон)
ўртача ойлик иш ҳақи тўғрисида маълумотнома — етказилган зарарни қоплаш суммасини ҳисоблаб чиқиш учун;
боқувчисини йўқотганлиги муносабати билан етказилган зарарни қоплаш тўғрисидаги буйруқ нусхаси — ўлим билан тугаган бахтсиз ҳодиса юз берганда.
(7-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 5 июлдаги 134-сон қарорига асосан хатбошилар билан тўлдирилган — ЎР ҚҲТ, 2010 й., 26-27-сон, 213-модда)
8. Махсус текшириш тугагандан сўнг ўн беш кун мобайнида меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича (бош) давлат меҳнат техник инспектори, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси ёки Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳузуридаги Тоғ-кон саноати ва геология соҳасини назорат қилиш инспекцияси ёхуд «Ўзэнергоинспекция» органи назоратчиси текшириш материалларини:
(8-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 2 майдаги 289-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.05.2025 й., 09/25/289/0406-сон)
гуруҳли, оқибати ўртача оғир ёки оғир ва ўлим билан тугаган бахтсиз ҳодиса юз берган жойдаги ҳудудий ички ишлар органига юборади;
махсус текшириш бўйича барча материалларнинг нусхаларини ҳудудий меҳнат органига, Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, шунингдек, тегишли бошқарув органи, ташкилотга ва жабрланган ходимни юборган ташкилотга юборади;
(8-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 29 октябрдаги 714-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.10.2024 й., 09/24/714/0865-сон)
Агар бахтсиз ҳодиса назорати остидаги ташкилот (объект)да юз берган бўлса, махсус текшириш материаллари нусхалари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси ёки Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳузуридаги Тоғ-кон саноати ва геология соҳасини назорат қилиш инспекцияси ёхуд «Ўзэнергоинспекция» органига юборилади.
(8-банднинг тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 2 майдаги 289-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.05.2025 й., 09/25/289/0406-сон)
9. Бахтсиз ҳодиса юз берган корхона иш берувчиси (юқори турувчи хўжалик органи раҳбари) махсус текшириш материалларини зудлик билан кўриб чиқишга, бахтсиз ҳодиса келиб чиқиши сабабларини бартараф этиш тўғрисида комиссия таклиф қилган чора-тадбирларни бажариш ҳақида, меҳнатни муҳофаза қилиш ва хавфсизлик техникаси бўйича лавозими ва касбига оид вазифаларнинг бажарилмаслиги (бузилиши)га йўл қўйган шахсларни жавобгарликка тортиш ҳақида буйруқ чиқаришга мажбурдир.
Иш берувчи махсус текшириш комиссияси таклиф қилган чора-тадбирларнинг бажарилганлиги ҳақида махсус текшириш ўтказишни бошқарган меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича (бош) давлат техник инспекторига, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитасининг ёки Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳузуридаги Тоғ-кон саноати ва геология соҳасини назорат қилиш инспекциясининг ёхуд Ўзэнергоинспекциясининг объектлар назорати остида бўлган маҳаллий органларига ёзма равишда ахборот беради.
(9-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 2 майдаги 289-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.05.2025 й., 09/25/289/0406-сон)
10. Агар жабрланувчи бахтсиз ҳодиса оқибатида вақтинча иш қобилиятини йўқотган даврда шу бахтсиз ҳодиса сабабли ўлиб қолса, иш берувчи бу ҳақда дарҳол меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича давлат техник инспекторига ва ушбу Низомнинг III бўлими 2-бандида кўрсатилган ташкилотларга хабар беришга мажбурдир.
(10-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 5 апрелдаги 183-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 06.04.2021 й., 09/21/183/0283-сон)
Ушбу бахтсиз ҳодиса ўлим содир бўлган вақтдан бошлаб ўлим билан тугаган бахтсиз ҳодиса сифатида ҳисобга олиниши керак.
(10-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 5 июлдаги 134-сон қарорига асосан хатбоши билан тўлдирилган — ЎР ҚҲТ, 2010 й., 26-27-сон, 213-модда)