332. Ўсимлик маҳсулотларини омборга жойлаштириш (ғарамлаш) учун мўлжалланган майдонча горизонтал, бегона предметлардан тозаланган ҳамда кириш йўллари билан таъминланган бўлиши лозим.
Бундай майдонча ҳаво электр узатиш тармоқларидан электр узатиш тармоғи таянчлари орасидаги масофадан кам бўлмаган масофада, бинолардан эса камида 100 m узоқликда жойлаштирилиши керак.
Ғарамлаш ишлари якунлангандан сўнг омбор майдончаси периметри бўйлаб эни камида 3 m бўлган ҳайдалган йўлак билан ажратилган бўлиши лозим.
333. Тоғли ҳудудларда кичик ҳажмли ғарамларни қияликларда жойлаштиришга рухсат этилади. Бунда, транспорт воситаларининг манёвр қилиши учун мўлжалланган майдонча ғарам ҳудудида 6° дан ортиқ бўлмаган қияликка эга бўлиши ҳамда қиялик бўйича ғарамдан юқори қисмида жойлаштирилиши лозим.
Бундай майдончаларда транспорт воситаларининг ҳаракатланиш тезлиги 5 km/soat дан ошмаслиги керак.
334. Силос бостириш жойлари қудуқлар ва ичимлик суви ҳавзаларига бевосита яқин ҳудудларда, шунингдек электр узатиш тармоқлари остида жойлаштирилмаслиги лозим.
Силос бостириш жойларида кириш ва чиқиш йўлларининг қиялиги (хандақлар, уюмлар ва тепаликларда) 20° дан ошмаслиги керак.
335. Уюмлар ва тепаликлар ҳудуднинг горизонтал участкаларида жойлаштирилиши лозим.
Тоғли ҳудудларда хандақларни қияликларда жойлаштиришга рухсат этилади.
336. Қатлам намлиги машиналарнинг сирпаниб кетишига сабаб бўлиши мумкин бўлган ҳолларда, қуюқ туман шароитида (кўриш масофаси 50 m дан кам бўлганда), қор қоплами мавжуд бўлганда, ер қатлами музлаганда, шунингдек куннинг қоронғу вақтида қияликларда иш олиб бориш тақиқланади.
337. Транспорт воситаларини бўшатиш томонида хандақ чегаралари хандақ четидан камида 1 m масофада белгиланган бўлиши лозим.
Транспорт воситаларини бўшатиш томонида сақловчи брус ўрнатилган бўлиши керак.
Транспорт воситалари манёвр қилиши учун мўлжалланган майдонча қиялиги 6° дан ошмаслиги лозим.
Мазкур майдончада транспорт воситалари ҳаракат тезлиги 5 km/soat дан ошмаслиги керак.
338. Дарахтларнинг шох-шаббалари яқинида ишлаш учун мўлжалланган машина ва механизмлар ходимлар хавфсизлигини таъминловчи ҳимоя тўсиқлари билан жиҳозланган бўлиши лозим.
339. Транспорт воситалари ва трактор тиркамаларига яшил масса, уруғ, дон ва бошқа технологик маҳсулотларни ортишда, шунингдек маҳсулотларни сақлаш ёки сотиш жойларига ташишда кузовда одамларнинг бўлишига йўл қўйилмайди.
340. Транспорт воситасига идишсиз ортилган маҳсулотлар (сабзавотлар, мевалар, илдизмевали ўсимликлар) кузовнинг бутун майдони бўйлаб бир текисда жойлаштирилиши ҳамда кузов бортлари баландлигидан ошиб чиқмаслиги лозим.
341. Уруғ ёки похолларни ғарамлашда ёки пичанлашда қуйидаги хавфсизлик талабларига риоя этилиши керак:
а) ишларга баландликда ишлаш ҳуқуқига эга бўлган ходимлар қўйилиши, улар орасидан ғарамловчи тайинланиши ҳамда унга ишларни ташкил этиш ва хавфсизликни таъминлаш мажбурияти юклатилиши керак;
б) ходимлар қуйидаги соз ҳолатдаги воситалар ва шахсий ҳимоя воситалари билан таъминланган бўлишлари лозим:
санчқилар (дастаси текис ва силлиқ, ёриқ ва ғудурсиз, қаттиқ турдаги қуруқ ёғочдан тайёрланган);
тираб қўйиладиган ёки арқонли нарвонлар;
200 kg статик юкламага мўлжалланган хавфсизлик арқонлари;
диаметри камида 14 mm ва узунлиги 2 m дан кам бўлмаган металл стерженлар;
сигнал воситалари (байроқча ва ҳуштаклар);
шахсий ҳимоя воситалари (қўлқоплар, ҳимоя кўзойнаклари ва этиклар);
в) ғарамлаш фақат куннинг ёруғ вақтида ва шамол тезлиги 6 m/s дан ошмаганда амалга оширилиш керак, чақмоқ чақиш пайтида ғарамлаш тақиқланади;
г) ғарамлашда бир пайтнинг ўзида ғарамловчилар сони 6 тадан ошмаслиги ва улар ғарам четидан 1,5 m дан яқин бўлмаган жойда бўлишлари керак;
д) ғарам баландлиги 2 m га етганда унинг атрофида эни 2 m ва қалинлиги 1 m бўлган (ходим ғарамдан тушиб кетган вазиятларда зарб кучини камайтириш учун) похол қатлами тўшаб чиқилиши керак;
е) ғарамлагич билан ғарамга похол узатилганда ғарамловчилар майдалагич панжарадан 3 m дан кам бўлмаган масофада бўлишлари керак;
ё) танаффус вақтида ғарамловчиларнинг ғарамда бўлишлари тақиқланади, ғарамлагичдан ходимларни ғарамга кўтариш ва ундан туширишда фойдаланишга йўл қўйилмайди;
ж) ғарамловчини ғарамга кўтариш ва туширишда ғарамнинг қуйи қисмига тескари томондан камида 1 m чуқурликда тик туширилган металл стержен билан боғланган, юқори қисмидан хавфсизлик арқонлари билан маҳкамланган тираб қўйиладиган ва арқонли нарвонлардан фойдаланиш керак;
з) ғарамни шакллантиришни тугатиш камида 2 нафар ғарамловчи билан амалга оширилиши керак.
Тугунларни ғарамга, пичан саройига ёки транспорт воситаси кузовига жойлаштириш уларни боғлаган ҳолда амалга оширилади. Бунда, тугунлар келишилган ҳолда узатилиши керак, тахловчилар ғарам четига (кузовга) 1,5 m гача яқин келмасликлари керак.
342. Идишларга солинмаган, қадоқсиз маҳсулотларни қўлда ортишда ходимлар транспорт воситаси кузовининг бир томонида, ортилаётган транспорт воситаси бортидан камида 2 m масофада туришлари керак.
343. Ғарамларни қўл билан ажратишда осилиб қолиши ва чиқиб қолишига йўл қўйилмаслиги керак. Улар тагида ишлаш тақиқланади.
344. Тартибга келтирилмаган ғарамни бир ёки бир нечта трактор ёрдамида судраб кўчириш ишлари олдиндан танланган ва тайёрланган ҳаракат йўналиши бўйича, масъул шахс раҳбарлиги остида амалга оширилиши лозим.
345. Юк ортиш ва тушириш ишларини амалга ошириш учун қўйилган транспорт воситаси ишончли тарзда тормозланган, двигатели ўчирилган ҳамда паст узатмага қўйилган бўлиши лозим.
Қишда транспорт воситаси ўз-ўзидан ҳаракатланиб кетишининг олдини олувчи чораларни кўрган ҳолда двигателни ўчирмасликка рухсат этилади.
346. Иссиқхоналарда юк ортиш-тушириш ишларини бажаришда ҳаво муҳитини зарарли чиқиндилар ҳамда заҳарли газлар билан ифлослантиришни истисно этувчи, меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига жавоб берадиган машиналар, механизмлар ва агрегатлардан фойдаланилиши лозим.
347. Пестицидлар билан ифлосланган транспорт воситалари, идишлар ва махсус кийим-бошлар махсус рецептлар асосида зарарсизлантирилиши лозим.
348. Транспорт воситасининг тури мева-сабзавот маҳсулотларининг турига қараб танланиши керак.
349. Идишларга ортилган маҳсулотларни транспортда ташиш учун конвейер тасмаларининг ҳаракат тезлиги 1,2 m/s дан ошмаслиги керак. Тасма 0,2 m баландликдаги борт билан тўсилган бўлиши керак.
350. Мева-сабзавот маҳсулотларини омборхонага жойлашда қуйидаги асосий талаблар бажарилиши керак:
омборхонанинг чиқиб турган конструкцияларининг қуйи қисмидан уйманинг тепасигача бўлган масофа камида 0,8 m, штабел тепасигача эса камида 0,3 m бўлиши;
штабелдаги қутилар орасидаги масофа камида 0,02 m, қутили тагликлар орасидаги масофа камида 0,05 m бўлиши;
тўкиб жойлаштиришда маҳсулотлар баландлиги картошка учун 5 m, ўрамли карам ва сабзи учун 3 m, лавлаги учун 4 m, шолғом учун эса 3,5 m дан ошмаслиги;
идишларда жойлаштириш баландлиги картошка, ўрамли карам ва лавлаги учун 4,6 m, сабзи, шолғом, олма ва нок учун 5,0 m, помидор, узум ҳамда полиз экинлари учун эса 4,5 m дан ошмаслиги;
контейнерларга жойлаштириб сақлаш бўлмаларига ортишда 1 m ҳажмга тўғри келадиган юк миқдори картошка учун 0,5 t, ўрамли карам учун 0,3 t, сабзи учун 0,345 t, лавлаги учун 0,46 t, шолғом учун 0,38 t, олма ва нок учун 0,29 t ҳамда полиз экинлари учун 0,4 t дан ошмаслиги.
351. Картошка ва сабзавотларни уюм қилиб сақлаш учун майдончалар режа асосида бўлиши ва зовурлар, ариқлар, атмосфера ёғингарчиликларини чиқариб ташлаш учун ёмғир қабул қилгичлар билан жиҳозланган бўлиши керак.
352. Ун, шакар, ёрма, дон ва бошқа маҳсулотлар учун идишсиз сақлашга мўлжалланган силослар, бункерлар, фильтрлар, ўтказгич қувурлар ва бошқа ускуналар ёнмайдиган ёки қийин ёнадиган материаллардан тайёрланиб, статик электрдан ҳимояланиш учун барча пўлат элементлари бўлиши керак.
353. Ун, ёрма, дон, шакар ва шу каби маҳсулотлар идишсиз ёки идишларда сақланганда, сақлаш бинолари полида тўпланган чанг ҳар бир иш сменасида камида бир марта тозаланиши керак. Деворлардаги чанг эса унинг йиғилиш даражасига қараб мунтазам равишда тозалаб турилиши лозим.
Идишсиз сақланадиган ун ва ёрма сақлаш сиғимлари чангни сўриб чиқариш ва ҳавони тозалашга мўлжалланган, фильтрлар билан жиҳозланган аспирация тизимига уланган бўлиши керак.
354. Оғирлиги 50 kg гача бўлган қутилар, 70 kg гача бўлган қоплар, шунингдек экстракт ёки сочилувчан маҳсулотлар солинган бочкалар қўлда тахланганда штабел баландлиги 2 m дан ошмаслиги лозим.
Ёғ маҳсулотлари жойланган бочкаларни тахлашда эса штабел баландлиги камида хавфсизликни таъминлаш мақсадида 1,5 m дан ошмаслиги керак.
355. Оғирлиги 50 kg гача бўлган қутидаги юклар механизация ёрдамида тахланганда штабел баландлиги 3,6 m дан, 70 kg гача бўлган қопли юкларда 3,8 m дан, учқун чиқарувчи моддаларда 1,5 m дан, экстрактли бочкаларда 2,5 m дан, сочилувчан ашёли бочкалар жойлаштирилганда эса 3,0 m дан ошмаслиги керак.
356. Қадоқланмаган қутилар ва қопдаги юкларни штабелга боғлаган ҳолда тахлаш керак.
Штабелларнинг мустаҳкамлиги учун ҳар 2 қатор қутилардан кейин тахтача қўйиш, ҳар 5 қатор қоплардан кейин тахталар қўйиш лозим.
Қоғоз қоплардаги юкларни тахлаш ҳар бир қатор орасига тахтали қистирмалар қўйган ҳолда амалга оширилиш керак.
357. Штабелга қопларни қўлда тахлашда 8 қатордан ошмаган ҳолда, механизация ёрдамида кўпи билан 12 қатор қилиб жойлаштириш керак.
358. Мевали қутиларни тагликларга жойлашда штабел узунлиги 10 m дан, баландлиги эса 4 m дан ошмаслиги керак.
Мева ва сабзавотли қутиларни қўлда штабелларга тахлашда 1,5 m баландликкача ўрнатишга рухсат этилади.
359. Бочкалар штабелларга горизонтал (ётиқ) ҳолатда, кесилган пирамида шаклида ва кўпи билан 3 қатор қилиб тахланиши лозим. Ҳар бир қатор орасига тахтали қистирмалар қўйилиши, шунингдек барча четки қаторлар поналар билан маҳкамланиши керак.
Бочкаларни тик ҳолатда тахлашга эса кўпи билан 2 қаторгача рухсат этилади. Бунда, қаторлар ўртаси тахта қалинлигидаги қистирмалар билан ажратилиши ва мустаҳкамланиши лозим.
360. Оғирлиги 100 kg гача бўлган кичик ўлчамли бочкаларни ётиқ ҳолда 6 қатор қилиб, оғирлиги 100 дан 150 kg гача бўлганда кўпи билан 4 қатор тахлашга рухсат этилади.
361. Баландлиги 2,5 m дан ортиқ бўлган қутилар ҳамда икки ва ундан ортиқ қатор қилиб тахланган бочкалар штабеллари тўсиқлар билан ўралган бўлиши керак. Бунда, тўсиқ билан штабел ўртасидаги масофа 1,5 m дан кам бўлмаслиги лозим.