Меҳнат кодекси 39-моддаси

Ижтимоий шериклик тарафлари

Бошланғич даражадаги ижтимоий шериклик икки томонлама хусусиятга эга. Меҳнат жамоаси ва иш берувчи бошланғич даражадаги ижтимоий шериклик тарафларидир. Тармоқ ва ҳудудий даражалардаги ижтимоий шериклик икки томонлама ёки уч томонлама хусусиятга эга. Ходимлар ва иш берувчиларнинг тегишли бирлашмалари тармоқ ва ҳудудий даражадаги икки томонлама ижтимоий шериклик тарафларидир. Ҳудудий даражадаги уч томонлама ижтимоий шерикликда ходимлар ва иш берувчилар ҳудудий бирлашмаларининг таклифига кўра маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа манфаатдор давлат органлари иштирок этади. Тармоқ даражасидаги уч томонлама ижтимоий шерикликда ходимларнинг ва иш берувчиларнинг тармоқ бирлашмалари таклифига кўра тегишли тармоқдаги республика ижро этувчи ҳокимият органлари иштирок этади. Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги тегишли тармоқдаги республика ижро этувчи ҳокимият органлари иш берувчилар сифатида иштирок этадиган ҳолларда тармоқ даражасидаги уч томонлама ижтимоий шерикликда иштирок этади. (39-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 30 декабрдаги ЎРҚ-1109-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.12.2025 й., 03/25/1109/1241-сон) Республика даражасидаги ижтимоий шериклик уч томонлама хусусиятга эга. Ходимлар ва иш берувчиларнинг республика бирлашмалари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, манфаатдор вазирликлар ва идоралар республика даражасидаги ижтимоий шериклик тарафларидир. (39-модданинг учинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 28 ноябрдаги ЎРҚ-880-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.11.2023 й., 03/23/880/0905-сон) Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари иш берувчилар сифатида иш юритадиган ҳолларда улар ижтимоий шерикликнинг иш берувчига вакиллик қиладиган тарафи бўлади.

Эслатма: Матн lex.uz расмий манбасидан олинган ва ахборот мақсадида берилган.

Модда қуйидаги ҳужжат таркибида

Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси

Қонун № ЎРҚ-798, 28.10.2022

Ҳужжатни тўлиқ очиш

Ушбу моддани қўллашда ёрдам керакми?

Талаб сизда қандай бажарилаётганини текширамиз ва нимани тартибга солиш кераклигини айтамиз.