Меҳнат кодекси 124-моддаси

Ишга қабул қилиш чоғида талаб этиладиган ҳужжатлар

Ишга қабул қилиш чоғида ишга кираётган шахс қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади: паспортни ёки унинг ўрнини босувчи ҳужжатни ёхуд идентификацияловчи ID-картани, ўн олти ёшгача бўлган шахслар эса туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномани ёки идентификацияловчи ID-картани; охирги иш жойи бўйича тасдиқланган қоғоз шаклидаги меҳнат дафтарчасини ёки электрон меҳнат дафтарчасидан кўчирмани, бундан биринчи марта ишга кираётган шахслар мустасно. Ўриндошлик асосида ишга кираётган шахслар меҳнат дафтарчасининг ўрнига асосий иш жойидан олинган белгиланган намунадаги маълумотномани тақдим этади; ҳарбий хизматга мажбурлар ёки чақирилувчилар учун тегишинча ҳарбий гувоҳномани ёки ҳарбий ҳисобда турганлик ҳақидаги гувоҳномани; олий ёки ўрта махсус, профессионал таълим ташкилотини тамомлаганлиги тўғрисидаги дипломни, қайси ишни бажариш учун фақат махсус маълумотга ёки махсус тайёргарликка эга бўлган шахслар қўйилиши мумкин бўлса, ўша ишга кириш чоғида ушбу ишни бажариш ҳуқуқига доир гувоҳномани (сертификатни) ёхуд бошқа тегишли ҳужжатни; (124-модда биринчи қисмининг бешинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 13 февралдаги ЎРҚ-1030-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 14.02.2025 й., 03/25/1030/0144-сон) жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақамини. (124-модда биринчи қисмининг олтинчи, еттинчи ва саккизинчи хатбошилари Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 13 февралдаги ЎРҚ-1030-сонли Қонунига асосан олтинчи хатбоши билан алмаштирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 14.02.2025 й., 03/25/1030/0144-сон) Давлат органлари ва ташкилотлари ишга қабул қилиш чоғида ушбу модда биринчи қисмининг иккинчи ҳамда учинчи хатбошиларида назарда тутилган ҳужжатлар тўғрисидаги маълумотларни тегишли давлат органлари ва ташкилотларидан мустақил равишда, шу жумладан ахборот тизимларидаги идоралараро интеграциялашув платформалари орқали сўраб олади. (124-модда Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 13 февралдаги ЎРҚ-1030-сонли Қонунига асосан иккинчи қисм билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 14.02.2025 й., 03/25/1030/0144-сон) Иш берувчи: биринчи марта ишга кирган, беш кундан ортиқ ишлаган шахсларга ва қонунчиликда ўзига нисбатан меҳнат дафтарчаларини юритиш назарда тутилмаган илгари ишлаган шахсларга меҳнат дафтарчасини расмийлаштириши; илгари жамғариб бориладиган пенсия тизимида ҳисобда турмаган ходимларни бундай ҳисобга қўйиш учун чоралар кўриши шарт. Ишга қабул қилиш чоғида ишга кираётган шахсдан ушбу Кодексда, шунингдек бошқа қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилмаган ҳужжатларни талаб қилиш тақиқланади.

Эслатма: Матн lex.uz расмий манбасидан олинган ва ахборот мақсадида берилган.

Модда қуйидаги ҳужжат таркибида

Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси

Қонун № ЎРҚ-798, 28.10.2022

Ҳужжатни тўлиқ очиш

Ушбу моддани қўллашда ёрдам керакми?

Талаб сизда қандай бажарилаётганини текширамиз ва нимани тартибга солиш кераклигини айтамиз.