ВМ қарори № 712, 52-бўлим

Истеъмолчилар электр қурилмаларини эксплуатация қилишда хавфсизлик техникаси қоидаларига 9-ИЛОВА

Ушбу ҳужжат бўйича хизмат: Ўқитиш: электр хавфсизлиги

Талаб сизда қандай бажарилаётганини текширамиз ва нимани тартибга солиш кераклигини айтамиз.

Нархни ҳисоблаш

1. Кучланиш олиниб бажариладиган ишлар учун иш жойини тайёрлаш бўйича қуйидаги техник чора-тадбирлар кўрсатилган тартибда бажарилиши шарт: а) зарур ўчиришларни амалга ошириш ва иш жойига коммутация аппаратурасининг янглишиб ёки ўз-ўзидан уланиб қолиши оқибатида кучланиш берилишини истисно этувчи чораларни кўриш; б) қўлда бошқариладиган узатмаларга ва масофадан бошқариладиган коммутация аппаратларининг калитларига тақиқловчи плакатларни осиб қўйиш; в) одамларни электр токидан жароҳатланишдан ҳимоя қилиш учун ерга уланиши зарур бўлган ток ўтказувчи қисмларда кучланиш йўқлигини текшириш; г) ерга улагични ўрнатиш (ерга улагич пичоқларини улаш, улар бўлмаган тақдирда, кўчма ерга улагичларни ўрнатиш); д) огоҳлантирувчи ва кўрсатма берувчи плакатларни осиб қўйиш, зарур бўлган тақдирда, иш жойини ва кучланиш остида қолган ток ўтказувчи қисмларни тўсиш. Маҳаллий шароитларга қараб ток ўтказувчи қисмлар, ерга улагичлар ўрнатилишидан олдин ёки кейин тўсиқлар билан ажратиб қўйилади. Электр қурилмаларига сменада икки ва ундан кўп шахс томонидан тезкор хизмат кўрсатилганда, ушбу бандда қайд этилган тадбирлар икки киши томонидан бажарилиши керак. Электр қурилмаларига битта шахс томонидан хизмат кўрсатилган тақдирда, уларни бир киши бажариши мумкин, кучланиши 1000 В дан юқори электр қурилмаларида кўчма ерга улагични ўрнатиш (мазкур Қоидаларга 9-илова 37-банди) ва ажраткичлари нотўғри ҳаракатлардан блокировкалаш қурилмаларига эга бўлмаган кучланиши 1000 В дан юқори электр қурилмаларнинг икки ва ундан кўп уланмаларидаги алмашлаб улашларни бажариш ишлари бундан мустасно. 1-§. Тармоқдан ўчириш ишларини бажариш 2. Ишлаш жойидан кучланиш олинганда, кучланиши 1000 В дан юқори бўлган электр қурилмаларида қуйидагилар ўчирилиши шарт: а) иш бажарилиши керак бўлган ток ўтказувчи қисмлар; б) ток ўтказувчи қисмларга юк кўтариш машиналари ва механизмларини, одамлар ва улар қўллайдиган асбоб ва таъмирлаш жиҳозларини мазкур Қоидаларга 7-илованинг 1-жадвалида кўрсатилганидан кам масофага яқинлашиш эҳтимоли бўлган тўсилмаган ток ўтказувчи қисмлар. 3. Мазкур Қоидаларга 9-илованинг 2-банди «б» кичик бандида кўрсатилган ток ўтказувчи қисмларни узиш мумкин бўлмаса, унда улар тўсиб қўйилиши керак. 4. Кучланиши 1000 В дан юқори бўлган электр қурилмаларида коммутация аппарати орқали иш жойига кучланиш қайси томондан берилиши мумкин бўлса, уларнинг ҳар бир томонида шина ёки симларни узиш ёки ажратиш, ажраткичларни узиш, сақлагичларни олиб қўйиш, шунингдек, аппаратларнинг ўзига ўрнатилган пружина орқали автоматик уланадиганларидан ташқари, бўлгичлар ва юклама ўчиргичларини ўчириш йўли билан ҳосил қилинган кўринувчан узилиш бўлиши шарт. Электр қурилмасининг ишларни бажариш учун ажратилган участкаси билан боғлиқ бўлган кучланиш трансформаторлари ва куч трансформаторлари ҳам тескари трансформацияга йўл қўймаслик учун 1000 В гача бўлган кучланиш томонидан узиб қўйилиши шарт. 5. Кучланиши 1000 В дан юқори электр қурилмаларида коммутация аппаратларини янглишиб ёки ўз-ўзидан уланишини ва улар орқали иш жойига кучланиш берилиши эҳтимолини бартараф этиш учун: ажраткич, бўлгич, юклама ўчиргичларинининг қўлда бажариладиган узатмаларни узилган ҳолатида механик қулф билан қулфлаш; оператив штанга билан бошқариладиган ажраткичларнинг кўчмас тўсиқларини механик қулф билан қулфлаш; масофадан бошқарувга эга бўлган, кўрсатиб ўтилган коммутация аппаратларининг узатмаларида куч ва тезкор ток занжирларини узиш, пневматик узатмаларда эса, бундан ташқари қисилган ҳаво бериш йўлидаги клапанни ёпиш ва механик қулф билан қулфлаш, ҳамда сиқилган ҳавони чиқариб юбориш, бунда ҳаво чиқарувчи тиқинларни (клапанларни) очиқ ҳолатда қолдириш; юкли ва пружинали узатмаларда уловчи юк ёки уловчи пружиналарни ишламайдиган ҳолатга келтириш. Тортиб чиқариладиган аравачали КТҚ ва ТКТҚдаги коммутация аппаратларининг янглишиб уланишини бартараф этиш чоралари мазкур Қоидаларга 10-илованинг III боб «Комплект тақсимлаш қурилмаларига хизмат кўрсатиш» талабларига мувофиқ бажарилиши шарт. 6. Бир қутбли ажраткичлар билан жиҳозланган 6 — 10 кВ кучланишли электр қурилмаларида уларни янглишиб уланишини баратараф этиш учун пичоқларига махсус резина қалпоқлар кийдиришга рухсат этилади. 7. Кучланиши 1000 В гача электр қурилмаларида бажариладиган ишлар ток ўтказувчи қисмлардан қўлда бажариладиган узатмали коммутация аппаратлари ёрдамида ҳамма томондан кучланиш олиниши лозим, схемада сақлагичлар бўлганда эса уларни олиб қўйиш орқали амалга оширилиши зарур. Схемада сақлагичлар бўлмаган тақдирда, коммутация аппаратларини янглишиб уланишини бартараф этиш учун шкаф эшикларини ёки дастакларини қулфлаш, тугмаларини беркитиш, контактлар орасига изоляцияловчи қоплама қўйиш ва бошқа чоралар кўриш орқали таъминланиши лозим. Шунингдек, уловчи ғалтакнинг симларини узиб қўйиш шарти билан кучланишни масофадан бошқариладиган коммутация аппаратлари орқали олиб ташлашга рухсат этилади. Агар аппаратларнинг конструктив ишланиши ва иш хусусиятлари бўйича имкон бўлса, юқорида қайд этилган чоралар, шиналарни ажратиш ёки кабеллар, симлар ишлар бажариладиган коммутация аппаратларидан ёки қурилмалардан ажратиш билан алмаштирилиши мумкин. Сим ва кабель учларини ажратиб олиш ёки шиналарни ажратишни таъмирловчи ходимлар жумласидан бўлган электр хавфсизлиги бўйича камида III гуруҳга эга шахс ишга қуювчи раҳбарлиги остида бажариши мумкин. Иш жойи яқинидаги бехосдан тегиб кетиш мумкин бўлган ток ўтказувчи қисмлардан кучланиш олиниши ёки улар тўсилган бўлиши керак. 8. Контактларини кўриш имкони бўлмаган (тортиб чиқарилмайдиган турдаги автоматлар, пакетли ўчиргичлар, ёпиқ ишланган рубильниклар ва бошқалар) 1000 В гача кучланишли коммутация аппаратларининг ўчирилган ҳолати уларнинг қисқичларида ёки чиқувчи шиналарда, симларда ёхуд ушбу коммутация аппаратлари ёрдамида уланадиган ускуналар қисқичларида кучланиш йўқлигини текшириш орқали аниқланади. 2-§. Плакатларни осиш, иш жойини тўсиш 9. Иш жойини тайёрлаш жараёнида керакли узишлар амалга оширилганидан сўнг 1000 В дан юқори кучланишли узилган ажраткичлар, бўлгичлар, юклама ўчиргичларининг узатмаларида, уларни масофадан бошқариш тугмалари ва калитларида, 1000 В гача кучланишли коммутация аппаратурасида (автоматлар, рубильниклар, ўчиргичлар) «УЛАНМАСИН! ОДАМЛАР ИШЛАМОҚДА!» плакати, ишга ижозат бериш учун узилган ҲЛ ва КЛларда эса «УЛАНМАСИН! ЛИНИЯДА ИШ БАЖАРИЛМОҚДА!» плакати осиб қўйилиши шарт. Оператив штанга билан бошқариладиган ажраткичларда плакат тўсиқларга, қутбли узатмали ажраткичларда эса ҳар бир қутб узатмасига осиб қўйилиши зарур. КТҚнинг ячейкаларида плакатлар мазкур Қоидаларга 10-илованинг 3-боби «Комплект тақсимлаш қурилмаларига хизмат кўрсатиш» талабларига мувофиқ осиб қўйилади. Ажраткичларнинг пневматик узатмаларида ҳаво беришни ёпадиган клапанларига «ОЧИЛМАСИН! ОДАМЛАР ИШЛАМОҚДА!» плакати осиб қўйилади. Автоматлари, ўчиргичлари ёки рубильниклари бўлмаган 1000 В гача кучланишли уланмаларда плакатлар сақлагичлар олиб қўйилган ва уларни қайта ўрнатиш билан кучланиш бериш мумкин бўлган жойда осиб қўйилиши керак. 10. Ишларни бажариш учун ҲЛ ва КЛни узган автоматлар, рубильниклар ва бошқа ажраткичларнинг узатмаларига, ишлаётган бригадалар сонидан қатъи назар, битта «УЛАНМАСИН! ЛИНИЯДА ИШ БАЖАРИЛМОҚДА» плакати осилиши керак. Бу плакат иш жойини тайёрлашга, ишга ижозат беришга фармойиш берувчи ва линияда ишлаётган бригадалар сонини ҳисобга олувчи тезкор ходимнинг кўрсатмаси бўйича осиб қўйилади ва ечиб олинади. Электр қурилмасининг линия ажраткичида ва унга тааллуқли бўлган линияда бир вақтда ишланган тақдирда, «УЛАНМАСИН! ТАРМОҚДА ИШ БАЖАРИЛМОҚДА!» плакатлари схема бўйича унга яқин жойлашган, улар орқали линия ажраткичига кучланиш бериш мумкин бўлган ажраткичларнинг узатмаларига осиб қўйилади. 11. Ишларни бажариш вақтида бехосдан тегиб кетиш мумкин бўлган ўчирилмаган ток ўтказувчи қисмлар тўсиб қўйилиши шарт. Вақтинча тўсиқ учун шчит (пардалар), экранлар ва шунга ўхшаш ёғочдан ёки бошқа изоляцияловчи материаллардан ясалган тўсиқлар қўлланиши мумкин. Вақтинчалик тўсиқлар билан ток ўтказувчи қисмларгача масофа 1-жадвалнинг 2-устунида кўрсатилганидан кам бўлмаслиги шарт. 6 — 15 кВ кучланишли электр қурилмаларида бу масофа зарур бўлганда 0,35 метргача камайтирилиши мумкин. Вақтинча тўсиқларнинг зарурлиги, уларнинг тури, ўрнатиш усули маҳаллий шароитга ва иш хусусиятларига қараб, жавобгар раҳбар ва иш жойини тайёрлашни бажараётган шахс томонидан аниқланади. Тўсиқлар алоҳида эҳтиёткорлик билан жавобгар раҳбар иштирокида ўрнатилади. Вақтинча тўсиқларга «ТЎХТА! КУЧЛАНИШ!» плакати маҳкамлаб қўйилиши лозим. 12. Конструкцияси уларнинг хавфсиз ўрнатилишини таъминлайдиган турғун ва ишончли маҳкамланадиган махсус кўчма тўсиқларни, қафаслар, қийшайтириб ясалган шчит ва бошқаларни қўллашга рухсат этилади. 13. 15 кВ гача кучланишли электр қурилмаларида ҳамда ток ўтказувчи қисмларни шчитлар билан тўсиб бўлмайдиган ҳолларда, узилган ва кучланиш остида турган ток ўтказувчи қисмлар (масалан, узилган рубильникнинг, ажраткичнинг контактлари) орасига жойлаштириладиган изоляцияловчи қопламадан фойдаланишга рухсат этилади. Бу изоляцияловчи қопламалар кучланиш остидаги ток ўтказувчи қисмларга тегиб туриши мумкин. Қопламаларни кучланиши 1000 В дан юқори бўлган электр қурилмаларида V ва IV гуруҳга, 1000 В гача бўлган қурилмаларда IV ва III гуруҳга эга (улардан бири тезкор, бошқаси таъмирловчи ходимлар жумласидан бўлиши мумкин) икки шахс диэлектрик қўлқоп ва изоляцияловчи штангадан ёки ҳимоя кўзойнагини қўллаб, изоляцияловчи қисқичдан фойдаланиб ўрнатиши ва олиб қўйиши лозим. 14. Ёпиқ электр қурилмаларида ерга улагич пичоқлар уланиб ёки кўчма ерга улагич ўрнатилганидан сўнг иш жойи билан қўшни ва унинг рўпарасидаги ячейкаларнинг тўрли ёки яхлит тўсиқларига «ТЎХТА! КУЧЛАНИШ!» плакатлари осиб қўйилиши шарт. Бундай тўсиқлари бўлмаган иш жойи яқинидаги ячейкада ҳамда қўшни ва рўпарадаги ячейкаларда, шунингдек, ходимларнинг киришлари тақиқланган йўлкалар худди шундай плакатлар билан жиҳозланган шчитлар (пардалар) билан тўсиб қўйилиши керак. Кўчма шчитлар шундай жойлаштирилиши керакки, бунда хавф пайдо бўлган тақдирда, улар ходимларнинг чиқиб кетишига тўсқинлик қилмаслиги керак. 15. ОТҚда пойдеворга ва алоҳида конструкциялар устига ўрнатилган ускуналарда ердан туриб иш бажарилганда, иш жойи (ўтиш учун йўлак қолдирилиб) ичкарига қаратиб «ТЎХТА! КУЧЛАНИШ!» плакатлари осиб қўйилган изоляцияли электр сим ёхуд ўсимлик ёки синтетик толадан ишланган йўғон арқон билан тўсиб қўйилиши керак. Йўғон арқонни осиш учун иш жойи зонасига кирмайдиган контрукциялардан улар тўсилган майдон чегарасидан ташқарида қолиши шарти билан фойдаланишга рухсат этилади. Линия ажраткичларидан ташқари ОТҚнинг барчасидан кучланиш олинганида, линия ажраткичлари тўсилган майдон ташқарисига қаратиб осиб қўйилган «ТЎХТА! КУЧЛАНИШ!» плакатлари осилган йўғон арқон билан тўсиб қўйилиши лозим. 16. ОТҚнинг кучланиш бор бўлган қўшни участкаларига ўтиш мумкин бўлган жойдаги конструкцияларнинг участкаларига яхши кўринадиган «ТЎХТА! КУЧЛАНИШ!» плакатлари ўрнатилиши керак. Бу плакатлар электр хавфсизлиги бўйича камида III гуруҳга эга бўлган тезкор таъмирловчи ёки таъмирлаш ходимларидан бўлган шахс томонидан ижозат берувчининг раҳбарлиги остида ўрнатилиши мумкин. Кўтарилиш рухсат этилган конструкцияларга қўшни бўлган конструкциялар пастида «ЧИҚМА! ЎЛДИРАДИ!» плакати осилиши шарт. Кўтарилиш рухсат этилган кўчмас нарвонлар ва конструкцияларга «ШУ ЕРДАН ЧИҚИЛСИН!» плакати осиб қўйилиши керак. 17. Электр қурилмаларида ҲЛ дан ташқари тайёрланган барча иш жойларига ерга улагич ўрнатилиши ва иш жойи тўсилишидан кейин «ШУ ЕРДА ИШЛАНСИН!» плакати осиб қўйилиши лозим. 18. Ишлаш вақтида ходимларга тўсилган майдончалар ташқарисига ўтиш, ўрнатилган вақтинча тўсиқ ва плакатларни олиб қўйиш ёки жойини ўзгартириш тақиқланади. Барча плакатлар фақат тезкор ходимларнинг фармойиши бўйича осиб ва олиб қўйилади. 3-§. Кучланиш йўқлигини текшириш 19. Электр қурилмаларидаги кучланиш олинганда бажариладиган барча турдаги ишларни бошлашдан олдин ишланадиган участкада кучланиш йўқлигини текшириш зарур. Электр қурилмасининг ишлаш учун узилган қисмида кучланиш йўқлигини текшириш тақиқловчи плакатлар осилганлигидан кейин ижозат берувчи томонидан амалга оширилиши лозим. 20. Электр қурилмасида кучланишнинг йўқлиги фойдаланишдан олдин соз ҳолатда эканлиги махсус асбоблар орқали ёки яқинда жойлашган кучланиш остидаги ток ўтказувчи қисмларга яқинлаштириб аниқланган, заводда ишлаб чиқарилган кучланиш кўрсаткичи ёрдамида текширилиши керак. Кучланиши 1000 В дан юқори бўлган электр қурилмаларида кучланиш кўрсаткичидан диэлектрик қўлқопларда фойдаланиш зарур. Кучланиш кўрсаткичининг яроқли эканлигини иш жойида текшириб кўриш учун яқин орада аввалдан кучланиш остида турган ток ўтказувчи қисмлар ёки бошқа имкони бўлмаган тақдирда, уни бошқа электр қурилмасида аввалдан текшириб қўйишга рухсат этилади. Агар бундай йўл билан текшириб қўрилган кучланиш кўрсаткичи тушириб юборилган ёки зарбага (қаттиқ силкинишга) учраган бўлса, уни қайта текширмасдан туриб қўллаш тақиқланади. Узилган ускуналарда кучланиш йўқлигини барча фазаларда, ўчиргич ва ажраткичда эса олтита кириш қисқичларининг барчасида текшириш керак. Агар иш жойидаги электр занжирида узилиш бўлса, кучланиш йўқлиги узилган жойнинг иккала тарафидаги ток ўтказувчи қисмларда текширилади. Доимий тўсиқлар бевосита кучланиш йўқлигини текширишдан олдин очилиши ёки олиниши керак. 21. Кучланиши 35 кВ ва ундан юқори бўлган электр қурилмаларида кучланиш йўқлигини текшириш учун, шунингдек, изоляцияловчи штангадан ҳам фойдаланиш мумкин, бунинг учун уни ток ўтказувчи қисмларга бир неча марта теккизиб кўриш лозим, бунда чирсиллаш ва учқун чиқмаслиги кучланиш йўқлигидан далолат беради. Кучланиши 220 кВ гача бўлган ОТҚда кучланиш йўқлигини кучланиш кўрсаткичи ёки штанга билан фақат қуруқ об-ҳаво шароитида текширишга рухсат этилади. Нам об-ҳаво шароитида кучланиш йўқлигини мавжуд схемани синчиклаб кузатиш орқали текширишга рухсат этилади. Бундай ҳолларда чиқиб кетаётган линияда кучланиш йўқлиги тезкор ходим ёки диспетчер томонидан тасдиқланади. Агар схемани текширишда, шиналарда ёки ускуналарда кучланиш борлигини тасдиқловчи тожланиш ёки линия ажраткичларини узиш пайтида унинг контактлари орасида линияда кучланиш борлигидан дарак берувчи учқун чиқаётганлиги аниқланса, схемани қайтадан текшириб чиқиш ва линиянинг ҳолати тўғрисидаги мулоҳазаларни тезкор ходимга ёки диспетчерга етказиш зарур. Барча кучланишдаги КТП ва ТКТҚда кучланиш йўқлигини турли об-ҳаво шароитида фойдаланишга мўлжалланган махсус кўрсаткич бўлмаган ҳолларда, нам об-ҳаво шароитида мавжуд схема бўйлаб синчиклаб кузатиш йўли билан текшириб кўришга рухсат этилади. Мавжуд схема бўйлаб кузатиш пайтида ҲЛ ва КЛ киришларида кучланиш йўқлиги ушбу линия тезкор бошқаруви остида бўлган ходимлар томонидан тасдиқланади. ҲЛларда схема бўйлаб жойида кузатиш унинг йўналишини ва ташқи белгиларини текширишдан, шунингдек, таянчдаги белгиларни линияларнинг диспетчерлик номларига мувофиқлигини текширишдан иборат. 22. 6 — 20 кВ кучланишли ҲЛнинг ёғоч ва темир бетон таянчларида ҳамда телескопик минора устида ишланганда, сиғим токи оқиши принципига асосланган кучланиш кўрсаткичи билан кучланиш йўқлигини текширишда унинг етарлича сезгирлиги таъминланиши шарт. Бунинг учун кўрсаткичнинг ишчи қисмининг кўндаланг кесими 4 мм2 дан кам бўлмаган сим билан ерга уланиши керак. 23. Симлари турли сатҳларда осилган ҲЛларда кучланиш йўқлигини кучланиш кўрсаткичи ёки штанга билан текшириш ва ерга улагичларни ўрнатиш, энг пастки симдан бошлаб, пастдан юқорига қаратиб амалга оширилиши лозим. Горизонтал осилган симларда эса текширишни энг яқин жойлашган симдан бошлаш керак. 24. 1000 В гача кучланишли электр қурилмаларида кучланиш йўқлиги ҳам фазалар орасида, ҳам ҳар бир фаза билан ускунанинг ерга уланган корпуси ёки ерга уланадиган (ноль сими) сими орасида текширилиши керак. Аввалдан текширилган вольтметрни қўллашга рухсат этилади. Назорат лампаларини қўллаш тақиқланади. 25. Аппаратлар, блокировка қурилмалари, доимий уланган волътметрлар ва бошқа мосламаларнинг ўчганлик ҳолати ҳақида сигнал берувчи қурилмалар фақат қўшимча воситалар бўлиб ҳисобланади ва уларнинг кўрсаткичлари ёки ҳаракатларига асосланиб кучланиш йўқлиги ҳақида хулоса чиқариш мумкин эмас. Сигнал берувчи қурилмаларнинг кучланиш борлигини кўрсатиши ушбу қурилмага яқинлашиш мумкин эмаслигидан далолат беради. 26. Подстанцияларнинг электр қурилмаларида ва ТҚда кучланиш йўқлигини кучланиши 1000 В дан юқори электр қурилмаларида тезкор ёки тезкор таъмирловчи ходимлардан бўлган электр хавфсизлиги бўйича камида IV гуруҳга, 1000 В гача қурилмаларда камида III гуруҳга эга булган шахснинг якка ўзи текширишига рухсат этилади. ҲЛларда кучланиш йўқлигини текширишни кучланиши 1000 В дан юқори ҲЛда камида IV ва III гуруҳга, кучланиши 1000 В гача бўлган ҲЛда — III гуруҳга эга бўлган икки шахслар амалга оширишлари керак. 4-§. Ток ўтказувчи қисмларни ерга улаш. Умумий талаблар 27. Ток ўтказувчи қисмларни ерга улаш иш жойига янглишиб кучланиш берилганда, ишловчиларни электр токидан жароҳатланишдан ҳимоялаш мақсадида бажарилади. 28. Ток ўтказувчи қисмларга ерга улагичлар бевосита кучланиш йўқлиги текширилганидан сўнг ўрнатилиши керак. Кўчма ерга улагичлар аввал ерга, ундан кейин кучланиш йўқлиги текширилигандан сўнг ток ўтказувчи қисмларга уланиши лозим. Кўчма ерга улагичларни олиш тескари тартибда: аввал ток ўтказувчи қисмлардан, сўнгра ердан ажратиб олиб амалга оширилади. 29. Кучланиши 1000 В дан юқори электр қурилмаларида кўчма ерга улагични ўрнатиш ва ечиб олиш операциялари диэлектрик қўлқопда, изоляцияловчи штангани қўллаган ҳолда бажарилиши керак. Ўрнатилган кўчма ерга улагич қисқичларини маҳкамлаш штанга ёрдамида ёки бевосита қўлда диэлектрик қўлқоп кийиб бажарилиши керак. Ерга улаш учун бу мақсадларга мўлжалланмаган симлардан фойдаланиш, шунингдек, ерга улагични бураб улаш тақиқланади. 5-§. Подстанцияларнинг электр қурилмаларида ва тақсимлаш қурилмаларида ток ўтказувчи қисмларни ерга улаш 30. Кучланиши 1000 В дан юқори электр қурилмаларида иш олиб бориш учун узилган участкага қайси томондан кучланиш берилиши мумкин бўлган барча фазаларга, қутбларга ерга улагич ўрнатилиши шарт. Ишларни бажариш учун узилган йиғма шиналар бундан мустасно, уларга битта ерга улагични ўрнатиш етарлидир. ТҚда ишланганда, ушбу қурилмани таъминловчи линиянинг қарама-қарши учларида ерга улагични ўрнатиш талаб этилмайди. Бунда ишларни бажариш жараёнида ерга улагични олиб ишлаш зарур бўлган ҳоллар бундан мустасно. Ўрнатилган ерга улагичлар бевосита ишлар бажарилаётган ток ўтказувчи қисмлардан ўчиргичлар, ажраткичлар, бўлгичлар ёки юклама ўчиргичларининг ўчирилиши, сақлагичларнинг олиб қўйилиши, шиналар ёки симларнинг демонтаж қилиниши билан ажратилиши мумкин. 31. Бевосита иш жойидаги ток ўтказувчи қисмларда ушбу қисмлар токдан жароҳатланишга олиб келадиган илашган кучланиш (потенциал) остида қолиши мумкин бўлса ёки уларга бегона манбадан (пайвандлаш аппарати, ёритиш тармоқлари ва шунга ўхшаш) кучланиши 42 В ўзгарувчан ва 110 В ўзгармас ток берилиши эҳтимоли бўлса, қўшимча ерга улагичлар ўрнатилиши лозим. 32. Ток ўтказувчи қисмларга ўрнатилган кўчма ерга улагичлар кўзга кўринадиган узилиш билан кучланиш остидаги ток ўтказувчи қисмлардан ажратиб қўйилиши лозим. Ерга улагичлар бўёқдан тозаланган жойга ўрнатилиши керак. 33. ЁТҚда кўчма ерга улагичлар ток ўтказувчи қисмларнинг улаш учун белгиланган жойларига ўрнатилиши керак. Бу жойлар бўёқдан тозаланиб, қора қалин чизиқ билан белгилаб қўйилади. ЁТҚ ва ОТҚдаги кўчма ерга улагичларни ерга улаш магистралига ёки ерга уланган конструкцияларга улаш жойлари бўёқдан тозаланган ва маҳкамлаш учун мослашган бўлиши лозим. 34. Ерга улагични ўрнатишнинг имкони бўлмаса ёки конструкциясига кўра ўрнатиш хавфли бўлган электр қурилмаларида (масалан, айрим тақсимловчи қутиларда, алоҳида турдаги КТҚда) янглишиб иш жойига кучланиш берилишига йўл қўймаслик учун иш жойини тайёрлашда қўшимча хавфсизлик чоралари кўрилиши шарт. Ушбу чораларга: ўчирилган аппаратлар ва узатмаларни қулфлаб қўйиш; ажраткичлар, рубильниклар, автомат ва бошқаларнинг юқори контактларини ёки пичоқларини резинали қалпоқ ёки изоляция материалидан ясалган қаттиқ тўшама билан тўсиш; коммутация аппарати билан кетма-кет уланган сақлагичларни олиб қўйиш ва бошқалар киради. Бу техник чора-тадбирлар эксплуатацияга оид маҳаллий йўриқномада кўрсатилиши шарт. Кўрсатилган қўшимча чораларни бажариш имкони бўлмаган тақдирда, бевосита иш жойига ТҚнинг, шчитнинг, йиғманинг таъминловчи линиянинг учлари тармоқдан узилиши шарт. Бундай электр қурилмаларининг рўйхати электр хўжалиги учун жавобгар шахс томонидан аниқланади ва тасдиқланади. 35. Ушбу қурилмада электр майдон таъсирида кучланиш пайдо бўлмаслик шарти билан ва бегона манбадан ёки тескари трансформация йўли билан бу қурилмага кучланиш берилиши мумкин бўлган симлар, кабеллар ва шиналар барча тарафдан ажратиб қўйилган ҳолларда, ушбу электр қурилмаларида ишларни бажаришда ерга улагич ўрнатиш талаб этилмайди. Ажратилган кабелларнинг учлари бундай ҳолларда бир-бири билан қисқа туташтирилган ва ерга уланган бўлиши шарт. 36. Кучланиши 1000 В гача бўлган электр қурилмаларида ТҚнинг, шчитларнинг йиғма шиналарида ва ушбу шиналарнинг йиғмаларида (изоляция билан қопланган симлардан ясалган шиналардан ташқари) кучланиш олиниб ишланганда, бу шиналарга ерга улагич ўрнатилиши керак. Ушбу ТҚ, шчитлар, йиғмаларнинг уланмаларига ва улардан таъминланувчи ускуналарга ерга улагич ўрнатиш зарурати ва имкони наряд, фармойиш берувчи шахс томонидан белгиланади (мазкур Қоидаларнинг 60-банди). 37. 1000 В дан юқори кучланишли электр қурилмаларида: ерга уловчи пичоқларни тезкор ёки тезкор-таъмирловчи ходимлар жумласидан бўлган камида IV гуруҳга эга бўлган битта шахс якка ўзи бажаришига рухсат этилади; кўчма ерга улагичларни ўрнатиш электр хавфсизлиги бўйича камида IV ва III гуруҳга эга бўлган тезкор ёки тезкор-таъмирловчи ходимлардан бўлган икки шахс томонидан бажарилиши керак. Камида III гуруҳга эга бўлган иккинчи шахс таъмирловчи ходимлар жумласидан бўлиши ва у электр қурилмасининг схемаси билан танишиб чиққан ҳамда йўл-йўриқ олган бўлиши керак; ерга уловчи пичоқларни узиш ва кўчма ерга улагични олиш тезкор ёки тезкор-таъмирловчи ходимлар жумласидан бўлган камида III гуруҳга эга битта шахс томонидан бажарилиши мумкин. 38. 1000 В гача кучланишли электр қурилмаларида ерга улагични ўрнатиш ва олиб ташлаш бўйича барча операцияларни тезкор ёки тезкор-таъмирлаш ходимларидан бўлган, электр хавфсизлиги бўйича камида III гуруҳга эга бўлган битта шахс бажаришига рухсат этилади. 39. Агар бажарилаётган ишнинг хусусиятига кўра талаб этилса (масалан, изоляция қаршилигини ўлчаш ва шунга ўхшаш), иш жойини тайёрлаш вақтида ўрнатилган ерга улагичларни вақтинча олиб туришга рухсат этилади. Бунда иш жойи мазкур Қоидаларнинг талабларига тўла мос равишда тайёрланиши керак ва фақат ишни бажариш вақтида халақит бериши мумкин бўлган ерга улагичлар олиб қўйилади. Ерга улагичларни вақтинча олиб туриш ва қайта ўрнатиш тезкор ходим ёки унинг кузатуви остида электр хавфсизлиги бўйича камида III гуруҳга эга бўлган бригада аъзоси томонидан бажарилади. Маҳаллий тезкор ходимлари бўлмаган кучланиши 1000 В дан юқори бўлган электр қурилмаларида ерга улагични вақтинча олиб туриш ва қайта ўрнатиш ижозат берувчи шахс бўлмаган ҳолларда жавобгар раҳбар ёки иш бажарувчи, ёки унинг кузатуви остида камида III гуруҳга эга бўлган бригада аъзоси томонидан бажарилиши мумкин. Нарядни топшириш пайтида ерга улагични вақтинча олиб туришга рухсат, унинг «Алоҳида кўрсатмалар» сатрида бу операция қаерда ва қайси мақсадлар учун талаб қилиниши тўғрисида ёзиб қўйилади. 6-§. Электр узатиш ҳаво линияларини ерга улаш 40. Кучланиши 1000 В дан юқори ҲЛ тақсимловчи қурилмаларнинг барча узилган жойларида ва секцияга ажратадиган коммутация аппаратлари олдида ерга уланиши керак. Қуйидаги ҳолларда: шохобланган 35 кВ ва ундан юқори кучланишли ҲЛнинг иккала учидан ерга уланишига ва шу подстанцияларда ерга улагичлар тармоқдан узилган линия ажраткичларидан кейин (подстанция томонидан) ўрнатилиши шарти билан ерга уламасликка рухсат этилади; 6 — 20 кВ кучланишли ҲЛни фақат битта ТҚда ёки секцияга ажратувчи битта аппарат олдида ёки бу қурилмага яқин жойда ерга улагич қурилмаси бўлган таянчдаги секцияга ажратувчи аппарат олдида ерга улашга рухсат этилади. Ушбу кучланишдаги бошқа ТҚда ва ҳаво линияси тармоқдан узилган жойдаги секцияларга ажратувчи коммутация аппаратлари олдида ҲЛга иш жойи билан ТҚ ўртасида ёки секцияга ажратувчи коммутация аппаратлари оралиғида ерга улагич ўрнатиш шарти билан ҲЛни ерга уламасликка рухсат этилади. Ерга улагичлар ерга улаш қурилмаси бўлган таянчларда ўрнатилади. 1000 В гача кучланишли ҲЛ учун ерга улагич фақат иш жойида ўрнатилиши етарлидир. 41. ҲЛнинг алоҳида фазаларини таъмирлашда ТҚда ўчирилган фаза симини ерга улаш тақиқланади. 42. 40-бандда кўрсатилган ерга улагичларга қўшимча равишда ҳар бир бригаданинг иш жойидаги симлар, зарур бўлганда эса трослар ҳам ерга уланиши керак. Тармоқдан узилган ва ерга уланган 35 кВ ва ундан юқори кучланишли ҲЛнинг бир фазасида ёки навбат билан ҳар бир фазасида ишланганда, иш жойида фақат иш бажарилаётган фаза симини ерга улашга рухсат этилади. Бунда қолган ерга уланмаган фазаларга мазкур Қоидаларга 7-илованинг 1-жадвали 2-устунида кўрсатилгандан кам масофага яқинлашиш тақиқланади. 35 кВ ва юқори кучланишли ҲЛлардаги бошқа ишларда, шунингдек, кучланиши 35 кВ дан паст ҲЛлардаги барча ишларда ҳамма фазаларнинг симлари иш жойида ерга уланиши керак. 43. Бир занжирли ҲЛларда иш жойидаги ерга улагични иш бажарилаётган таянчга ёки унга қўшни таянчга ўрнатиш зарур. Ерга улагичларни уларнинг орасидаги масофа 2 км дан ошмаслиги шарти билан бригада ишлаётган ҲЛ участкасининг иккала томонидан ўрнатишга рухсат этилади. 44. Кучланиш остидаги бошқа ҲЛ билан кесишган оралиқдаги ҲЛ симларида ишлар бажарилганда (мазкур Қоидаларнинг 46-банди), ерга улагич иш бажарилаётган таянчга ўрнатилиши лозим. Агар бу оралиқда сим ёки трос алмаштирилаётган ёки янгидан тортилаётган бўлса, алмаштирилаётган сим ҳам, трос ҳам, янгидан тортилаётган сим ҳам кесишган жойнинг иккала тарафидан ерга уланиши шарт. 45. Таянчдан изоляцияланган яшин қайтаргич тросларида ёки ушбу троссга 1 метрдан кам масофага яқинлашиш талаб этиладиган таянч конструкцияларидаги ишларни бажаришда трос ерга уланиши керак. Ерга улагич таянчдан туриб трос изоляция қилинган тарафдаги оралиққа қаратиб ёки ушбу оралиқда ўрнатилиши зарур. Агар ушбу оралиқда муз эритиш кўзда тутилган бўлса, унда иш бошлашдан олдин трос тармоқдан узилиши ва унга қайси томондан кучланиш берилиши мумкин бўлса, шу томонлардан ерга уланиши зарур. 46. Иш жойидаги электр занжирини узишдан аввал (симларни, тросларни бўлаклаб олиш, секцияга ажратувчи ажраткични узиш) узиладиган жойнинг иккала томонидан ерга улагич ўрнатилиши керак. 47. Кўчма ерга улагичларни қуйидагиларга улаш керак: металлдан ясалган таянчларда — унинг элементларига; ерга улаш сими билан жиҳозланган темир-бетон ёки ёғоч таянчларда ерга уловчи симларга, уларнинг бутунлиги текширилганидан сўнг. Темир-бетон таянчларда кўчма ерга улагични таянчнинг арматурасига ёки таянчнинг арматура билан боғлиқ бўлган металл элементларига улашга рухсат этилади. Нейтрали ерга уланган 1000 В гача кучланишли электр тармоқларида ноль симни қайта ерга улаш бажарилган ҳолларда, кўчма ерга улагичларни ноль симга улашга рухсат этилади. Кўчма ерга улагичларнинг ерга уловчи симларига ёки конструкцияга улаш жойлари бўёқдан тозаланган бўлиши лозим. Барча ҲЛларда иш жойидаги кўчма ерга улагичларни чуқурлиги 0,5 метрдан кам бўлмаган чуқурликда ерга киритилган махсус ерга улагичга ёки маҳаллий шароитларга қараб бошқа турдаги ерга улагичларга улаш мумкин. 48. 1000 В гача кучланишли ҲЛларда ишлар таянчлардан ёки изоляцияловчи бўғини бўлмаган телескопик миноралардан туриб бажарилганда, ерга улагичлар таъмирланаётган симлар билан бир қаторда, ушбу таянчларга осилган барча симларга, шу жумладан телемеханика ва радиотрансляция симларига ҳам ўрнатилиши керак. 49. ҲЛ симлари турли баландликларда осилган бўлса, ерга улагич энг пастдаги симдан бошлаб, пастдан юқорига қараб ўрнатилиши, горизонтал осилганида эса — энг яқин турган симдан бошлаб ўрнатилиши керак. 50. Илашган кучланиш зонасидан ўтадиган ёки бошқа занжирлари кучланиш остида турган кўп занжирли линиянинг узилган занжиридаги симларда (тросларда) таянчда туриб олиб бориладиган ишларда, ерга улагич ишлар бажарилаётган ҳар бир таянчга ўрнатилиши керак. Илашган кучланиш зонаси — бу ҲЛ ўқидан 110 кВ кучланишли ҲЛ учун — 100 метр, 220 кВ кучланишли ҲЛ учун — 150 метр, 500 кВ кучланишли ҲЛ учун 200 метр масофада ХЛ бўйлаб икки тарафидан вертикал текислик билан чегараланган ер участкаси ва ҳаво фазосидаги 110 кВ ва ундан юқори кучланишли ўзгарувчан ток ҲЛнинг узунаси бўйича зона. 51. Илашган кучланиш зонасида изоляцияловчи бўғини бўлмаган телескопик минорадан ёки одамларни кўтариш учун ишлатиладиган бошқа механизмлардан туриб симларда (троссларда) ишлар бажарилганда, уларнинг ишчи майдончалари кўчма ерга улагич ёрдамида сим (тросс) билан уланиши, минора ёки механизмнинг ўзи эса ерга уланиши керак. Бунда сим (тросс) яқин турган таянчда ерга уланиши керак. 52. ҲЛда кўчма ерга улагичларни ўрнатиш ва таянчларга ўрнатилган ерга улагич пичоқларни улаш 1000 В дан юқори кучланишли ҲЛда электр хавфсизлиги бўйича камида IV гуруҳга ва 1000 В гача кучланишли ҲЛда камида III гуруҳга эга бўлган тезкор ёки тезкор-таъмирловчи ходимлар жумласидан бўлган шахслар, улардан бири иш бажарувчи, иккинчиси эса электр хавфсизлиги бўйича камида III гуруҳга эга бригада аъзоси томонидан бажарилиши керак. Кўчма ерга улагичларнинг камида III гуруҳга эга бўлган икки шахс томонидан ечиб олинишига рухсат берилади. Ерга улагични ўрнатишда ва ечиб олишда бу операцияларни бажарувчи икки шахсдан бири, шу жумладан иш бажарувчи ҳам ерда туриши мумкин. Ерга улагич пичоқларни узишни тезкор ёки тезкор-таъмирловчи ходимлардан бўлган, электр хавфсизлиги бўйича камида III гуруҳга эга бўлган битта шахс амалга оширишига рухсат этилади. 7-§. Ерга улагичларни сақлаш ва ҳисобини юритиш 53. Кўчма ерга улагичлар комплекти рақамланган бўлиши ва улар учун ажратилган жойда сақланиши лозим. Кўчма ерга улагичларни илиб қўйиш ёки тахлаб қўйиш учун ажратилган махсус жойлар уларнинг комплектларида кўрсатилган рақамларга мос рақамлар билан таъминланган бўлиши керак. 54. Кўчма ерга улагичларни ўрнатиш ва ечиб олиш, ерга улагич пичоқларни улаш ва узиш тезкор ёки мнемоник схемаларда, тезкор журналда ва нарядда акс эттирилиши шарт. Барча кўчма ерга улагичлар уларнинг турган жойлари кўрсатилган ҳолда рақамлари бўйича ҳисобга олиниши керак.

Эслатма: Матн lex.uz расмий манбасидан олинган ва ахборот мақсадида берилган.

Бўлим қуйидаги ҳужжат таркибида

Истеъмолчилар электр қурилмаларини техник эксплуатация қилиш қоидалари ва Истеъмолчилар электр қурилмаларини эксплуатация қилишда хавфсизлик техникаси қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида

ЎзР Вазирлар Маҳкамаси қарори № 712, 11.11.2020

Ҳужжатни тўлиқ очиш

Қўшни бўлимлар

Ушбу моддани қўллашда ёрдам керакми?

Талаб сизда қандай бажарилаётганини текширамиз ва нимани тартибга солиш кераклигини айтамиз.