Меҳнат кодекси 147-моддаси

Ходимни бошқа иш берувчига вақтинча хизмат сафарига юбориш

Ходимни бошқа иш берувчига вақтинча хизмат сафарига юбориш фақат унинг ёзма розилиги билан бир йилдан кўп бўлмаган муддатга амалга оширилиши мумкин ва бу ходим вақтинча хизмат сафарига юборилган иш берувчи билан тузиладиган алоҳида муддатли меҳнат шартномаси асосида амалга оширилади. Аввалги иш жойида тузилган меҳнат шартномасининг амал қилиши ходим вақтинча хизмат сафарига юборилган даврда тўхтатиб турилади. Ходимга хизмат сафари муддати тугаши билан уни хизмат сафарига юборган иш берувчида аввалги иши (лавозими) тақдим этилади. Зарур бўлган тақдирда ходимни вақтинча хизмат сафарига юбориш муддати вақтинча хизмат сафарига юборилган ходим, ходимни вақтинча хизмат сафарига юборган иш берувчи ва ходим вақтинча хизмат сафарига юборилган иш берувчи ўртасидаги келишувга биноан узайтирилиши, бироқ кўпи билан бир йилга узайтирилиши мумкин. Ходимларни Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналарига ёки консуллик муассасаларига дипломатик, консуллик, маъмурий-техник лавозимларга ёки хизмат кўрсатувчи ходимлар лавозимларига вақтинча хизмат сафарига юбориш тартиби ва муддатлари қонунчиликда белгиланади. Ходим бошқа иш берувчига вақтинча хизмат сафарига юборилганда ходимнинг розилиги билан унинг меҳнат вазифаси ўзгартирилиши мумкин. Вақтинча хизмат сафарига юборилганда меҳнатга ҳақ тўлаш ходим вақтинча хизмат сафарига юборилган иш берувчи томонидан амалга оширилади. Ушбу иш берувчи тўловга қобилиятсиз бўлган тақдирда, бажарилган иш учун ҳақ тўлаш мажбурияти ходим вақтинча хизмат сафарига юборилган иш берувчига нисбатан регресс даъво қўзғатиш ҳуқуқи билан ходимни вақтинча хизмат сафарига юборган иш берувчи зиммасига юклатилади. Агар янги иш жойидаги меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари ёки дам олиш вақти ходим уни вақтинча хизмат сафарига юборган иш берувчида фойдаланганидан фарқ қилса, ходимга нисбатан қулайроқ шартлар қўлланилади. Бошқа иш берувчига вақтинча хизмат сафарига юборилган ходимнинг иш стажи умумий иш стажига киритилади. Вақтинча хизмат сафарига юборилган ходим билан юз берган бахтсиз ҳодиса чоғида меҳнат фаолияти билан боғлиқ бахтсиз ҳодиса текширувини ташкил этиш ходим вақтинча хизмат сафарига юборилган иш берувчининг зиммасига юклатилади.

Эслатма: Матн lex.uz расмий манбасидан олинган ва ахборот мақсадида берилган.

Модда қуйидаги ҳужжат таркибида

Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси

Қонун № ЎРҚ-798, 28.10.2022

Ҳужжатни тўлиқ очиш

Ушбу моддани қўллашда ёрдам керакми?

Талаб сизда қандай бажарилаётганини текширамиз ва нимани тартибга солиш кераклигини айтамиз.