24. Иш берувчи меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида қуйидаги ҳуқуқларга эга:
ходимлардан меҳнатни муҳофаза қилиш ва ишларни бехатар амалга оширишга доир нормаларга, қоидаларга ҳамда йўриқномаларга риоя этилишини талаб қилиш;
алкоголли ичимликдан, гиёҳвандлик ёки токсик модда таъсиридан мастлик ҳолатини текшириш учун ходимларни тиббий кўрикдан ўтказиш;
ходимларнинг ишлаб чиқаришда олган жароҳатлари оғир-енгиллиги, уларда жароҳатланишга олиб келиши мумкин бўлган касалликлар бор-йўқлиги, шунингдек, алкоголли ичимликдан, гиёҳвандлик ёки токсик модда таъсиридан мастлик ҳолатида бўлган-бўлмагани тўғрисида маълумотлар олиш;
меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига риоя этилишининг давлат назорати ва текширувини амалга оширувчи органларнинг қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан бўйсунув тартибида юқори турувчи органга ёхуд мансабдор шахсга ёки бевосита судга шикоят қилиш;
меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига риоя этганлик учун ходимларни мукофотлаш ва моддий рағбатлантириш чораларини кўриш;
меҳнатни муҳофаза қилиш талабларини бузганликда айбдор бўлган ходимларни интизомий жавобгарликка тортиш.
25. Қуйидагилар иш берувчининг меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги мажбуриятлари ҳисобланади:
ҳар бир иш жойидаги меҳнат шароитларининг меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига мувофиқлигини таъминлаш;
меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш тизимини яратиш ва унинг ишлашини таъминлаш;
бинолар, иншоотлар, асбоб-ускуналардан фойдаланишда, технологик жараёнларни амалга оширишда, шунингдек, хомашё ва материалларни ишлаб чиқаришда қўллаш, ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатишда ходимларнинг хавфсизлигини таъминлаш;
иш жойларидаги меҳнат шароитларининг ҳолатини, айниқса, зарарли (ўта зарарли) ишлаб чиқариш омиллари ва (ёки) хавфли (ўта хавфли) ишлаб чиқариш омилларини назорат қилиш;
ходимларни меҳнат шароитлари, шу жумладан, касб касалликлари ва бошқа касалликлар хавфи мавжудлиги, муайян иш жойларидаги ҳамда ишлаб чиқаришдаги меҳнатни муҳофаза қилиш ҳолати, шунингдек, шу муносабат билан уларга бериладиган имтиёзлар ва компенсациялар, шахсий ва жамоавий ҳимоя воситалари тўғрисида ўз вақтида хабардор қилиш;
белгиланган нормаларга кўра ходимларни сут (шунга тенг бўлган бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари), даволаш-профилактика озиқ-овқати, газланган тузли сув (иссиқ цехларда ишловчилар учун), махсус кийим-бош, махсус пойабзал ҳамда бошқа шахсий ҳимоя ва гигиена воситалари билан таъминлаш;
қонунчилик ҳужжатларига, шунингдек, меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига мувофиқ ходимларга санитария-маиший ва тиббий хизмат кўрсатилишини таъминлаш;
ходимларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўл-йўриқдан ўтишини таъминлаш;
ходимларни ўқитишни, қайта тайёрлашни, уларнинг малакасини оширишни ва меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари бўйича билимларини текширишни таъминлаш;
меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича ўқувдан, йўл-йўриқдан ўтмаган ва билимлари текширилмаган ходимларни ишга қўймаслик;
зарарли (ўта зарарли) ва (ёки) хавфли (ўта хавфли) бошқа меҳнат шароитларида ишлаётган ходимларга имтиёзлар ва компенсациялар белгиланадиган, имтиёзли шароитларда пенсияга чиқиш ҳуқуқи бериладиган, ногиронлиги бўлган шахслар банд бўлган иш ўринларини қонунчиликда белгиланган тартибда улардаги меҳнат шароитлари бўйича аттестациядан ўтказиш;
дастлабки (ишга қабул қилиш чоғида) ёки даврий (иш жараёнида) мажбурий тиббий кўрикдан ўтказишни ташкил этиш;
мажбурий тиббий кўрикдан ўтмаган ёхуд мажбурий тиббий кўрик натижаларига кўра тиббий комиссиялар томонидан берилган тавсияларни бажаришдан бўйин товлаган шахсларни ишдан четлаштириш;
ходим томонидан меҳнат шартномасида шарт қилиб кўрсатилган ишни бажариш учун тиббий хулосага мувофиқ қарши кўрсатмалар аниқланганда, уни ишдан четлаштириш;
тиббий хулосага мувофиқ соғлиғининг ҳолатига кўра тўрт ойгача муддатга вақтинча бошқа ишга ўтказишга муҳтож бўлган ходимни ўтказиш рад этилганда ёхуд иш берувчида иш мавжуд эмаслиги муносабати билан бундай ходимга тегишли ишни таклиф этиш мумкин бўлмаганда ишдан четлаштириш;
ходим меҳнат тўғрисидаги қонунчиликка ёки меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига мувофиқ фойдаланилиши шарт бўлган шахсий ва (ёки) жамоавий ҳимоя воситаларидан фойдаланмаганда ишдан четлаштириш;
тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олишга қаратилган самарали ишлаш тизимини йўлга қўйиш;
меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига риоя этилиши устидан давлат назорати ва текширувини амалга оширувчи органларга, шунингдек, касаба уюшмаларига ва ходимларнинг бошқа вакиллик органларига меҳнатни муҳофаза қилишни назорат қилиш, текшириш ва мониторинг қилиш, меҳнат фаолияти билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар ҳамда касб касалликларини текшириш учун зарур бўлган маълумотлар ва материалларни тақдим этиш;
авария ҳолатларининг олдини олиш, бундай ҳолатлар юз берганда ходимларнинг ҳаёти ва соғлиғини сақлаш, шу жумладан, жабрланганларга шифокордан олдинги биринчи ёрдам кўрсатиш чораларини кўриш;
меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига риоя этилиши устидан давлат назорати ва текширувини амалга оширувчи органларнинг кўрсатмаларини ўз вақтида бажариши ҳамда касаба уюшмалари ва ходимларнинг бошқа вакиллик органларининг тақдимномаларини ўз вақтида кўриб чиқиш;
ходимларнинг меҳнат фаолияти билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларидан мажбурий давлат ижтимоий суғуртасини, шунингдек, иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилишни таъминлаш;
меҳнат фаолияти билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларини текшириш, шунингдек, уларнинг ҳисобини юритиш.
26. Иш берувчи меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида қуйидаги вазифаларни амалга оширади:
ташкилотда меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси талаблари асосида соғлом ва хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш бўйича ишларга раҳбарлик қилади ва бунинг учун жавобгар ҳисобланади;
Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси ва «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Қонуни, меҳнат хавфсизлиги стандартлари тизими ва хавфсизлик техникаси қоидаларига риоя қилишни, шунингдек, давлат, касаба уюшмаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи қарорлари, давлат назорат органларининг кўрсатмалари бажарилишини таъминлайди;
ишлаб чиқариш жараёнларининг ва алоҳида ишларнинг, ташкилотнинг омбор, транспорт ва бошқа ёрдамчи хўжаликларида ишлаб чиқаришнинг тўғри ва хавфсиз ташкил қилинишини таъминлайди;
қурилиш меъёрлари ва қоидаларига мувофиқ бино ва иншоотлардан фойдаланишни, уларнинг меъёрда ишлашини ҳамда санитар-маиший хона ва қурилмалардан белгиланган мақсадларда фойдаланишни ташкил қилади;
янги ва қайта қурилган объектларни қурилиш меъёрлари ва қоидаларига мувофиқ фақат махсус давлат комиссияси томонидан қабул қилингандан кейин фойдаланишга киритишни таъминлайди;
хавфсизлик техникаси қоидалари, ишлаб чиқариш санитарияси ва меҳнат интизоми меъёрларига риоя қилиш учун меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича белгиланган тадбирларни ҳамда давлат ва идоравий назорат органлари ва касаба уюшмаси ташкилотларининг кўрсатмаларини (таклифларини) ўз вақтида бажариш учун раҳбарлар, мутахассислар ва ходимларнинг жавобгарлигини белгилайди;
ШҲВни олиш, сақлаш, ювиш, тозалаш, таъмирлаш, дезинфекция қилиш ва зарарсизлантиришни ташкил этади ва назорат қилади;
меҳнат шароитлари ноқулай ишларда банд бўлган ходимларга белгиланган нормалар бўйича сут (шунга тенг бўлган бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари), даволаш-профилактика озиқ-овқати, газланган тузли сув (иссиқ цехларда ишловчилар учун), махсус кийим-бош, махсус пойабзал ҳамда бошқа шахсий ҳимоя ва гигиена воситалари бепул берилишини таъминлайди ва назорат қилади;
меҳнатни муҳофаза қилиш, меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси ҳолатининг маъмурий-жамоатчилик назоратини ўтказиш ишларини ташкил этади;
меҳнатни муҳофаза қилиш талаблари асосида соғлом ва хавфсиз меҳнат шароитларини яхшилаш бўйича чора-тадбирлар режасини тасдиқлайди, уларнинг бажарилиши ва белгиланган чора-тадбирларнинг ўз вақтида ўтказилиши устидан назоратни ташкил этади, тадбирларни молиялаштиришни ва ушбу мақсадлар учун ажратиладиган маблағларнинг тўғри сарфланишини таъминлайди. Меҳнат шароитларини яхшилаш ва соғломлаштириш режасининг бажарилишини ҳар чоракда камида бир марта кўриб чиқади;
ходимларни касбий-техник тайёргарликдан ўтказишга ҳамда уларга ишнинг хавфсиз услублари ва усулларини ўргатиш бўйича умумий раҳбарлик қилади;
ходимларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликка йўл қўймаслик чораларини кўради;
меҳнат фаолияти билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларининг ўз вақтида ва тўғри текширилишини, қайд қилинишини, ҳисобга олинишини ҳамда белгиланган тартибда хабар берилишини қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширади;
меҳнатни муҳофаза қилиш хоналарини ташкил қилади ва меҳнатни муҳофаза қилишга доир қонунчилик ҳужжатлари, ўқув-кўргазмали қуроллар, ўқитиш воситалари билан жиҳозлаш чораларини кўради.
27. Иш берувчи «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплексига қуйидаги маълумотлар киритилишини таъминлайди:
а) ҳар йили 20 январга қадар:
меҳнат шароити тўғрисидаги маълумотлар;
зарарли (ўта зарарли) ва (ёки) хавфли (ўта хавфли) ишлаб чиқариш омилининг мавжудлиги билан тавсифланадиган меҳнат шароитларида ишлаганлик учун имтиёз ва компенсациялар суммаси тўғрисидаги маълумотлар;
бахтсиз ҳодисалардан жабрланганлар ва касб билан боғлиқ касаллик биринчи маротаба аниқланган шахслар сони тўғрисидаги маълумотлар;
б) доимий равишда:
иш ўринларида меҳнат шароитлари ва асбоб-ускуналарнинг жароҳатлаш хавфлилиги юзасидан ўтказилган аттестация натижалари;
Хизмат ходимлари тўғрисидаги маълумотлар;
меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича малакаси оширилган ва қайта тайёргарликдан ўтган ходимлар тўғрисидаги маълумотлар;
доимий фаолият юритувчи имтиҳон комиссиялари ходимлари ўқитилиб, уларнинг билимлари текширилгани тўғрисидаги маълумотлар.
28. Бош муҳандис меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида қуйидаги вазифаларни амалга оширади:
ташкилотда соғлом ва хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш ва таъминлаш бўйича барча ташкилий ва техник ишларни бошқаради;
энг янги фан-техника ютуқлари ва бошқа ташкилотларнинг илғор тажрибасини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган янги, хавфсиз технологик жараёнларни амалиётга жорий этишни ташкил этади. Ишлаб чиқариш объектларини меъёрларга мувофиқ мосламалар ва қурилмалар билан жиҳозлаш чораларини кўради;
янги технологик жараёнлар ва регламентлар, объектларни қуриш ва реконструкция қилиш, бино ва иншоотларни капитал таъмирлаш лойиҳаларини кўриб чиқишда иштирок этади. Технологик ускуналар ва объектларнинг режали-огоҳлантирувчи таъмирлаш жадвалларини кўриб чиқади ва тасдиқлайди;
меҳнатни муҳофаза қилиш, меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси ҳолатининг маъмурий-жамоатчилик назоратининг учинчи босқичини ўтказиш бўйича ташкилот раҳбарининг буйруғига асосан доимий фаолият юритувчи комиссияга раҳбарлик қилади;
ҳар чоракда камида бир марта бўлинма ва бўлимларда (цех) меҳнат шароитларининг ҳолатини, асбоб-ускуналарнинг, сақлагич мосламаларнинг созлигини, меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича вакиллар таклифлари, давлат назорати органлари кўрсатмаларининг бажарилишини текширади, аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан тезкор чоралар кўради;
бўлинма ва бўлимларнинг (цех) барча раҳбарлари, муҳандис-техник ходимлари томонидан меҳнатни муҳофаза қилиш қоидалари, меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси талаблари ҳамда ишлаб чиқариш санитарияси меъёрлари талабларига риоя этилиши, давлат назорати органларининг ва Хизматнинг кўрсатмалари, шунингдек, касаба уюшмаларининг таклифлари бажарилишини назорат қилади;
муҳандис-техник ходимлар йиғилишларида меҳнатни муҳофаза қилиш, меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси ҳамда меҳнат шароитларини яхшилаш режасининг бажарилишини ҳар чоракда камида бир марта кўриб чиқади ва аниқланган камчиликларни бартараф этиш чораларини кўради;
ташкилот раҳбарининг буйруғига биноан меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича доимий фаолият юритувчи имтиҳон комиссиясига раҳбарлик қилади;
ходимларни касбий-техник тайёргарликдан ўтказади, уларни ўқитиш қоидаларига мувофиқ хавфсиз иш услублари ва усулларига ўз вақтида ҳамда сифатли ўргатади, ходимларни ўқитиш жараёнининг ташкил этилишини назорат қилади;
содир бўлиши мумкин бўлган аварияларни бартараф этиш режалари бўйича ходимларни ўқитиш, шунингдек, инструкторлик вахталари билан ишлашнинг хавфсиз услублари ва усулларига ўқитишни назорат қилади;
меҳнатни муҳофаза қилиш, меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси масалалари бўйича муҳандис-техник ходимларни ўқитиш ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этади;
йўл-йўриқлар дастурларини, ходимларнинг билимини текшириш учун саволномаларни кўриб чиқади ва тасдиқлайди;
меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўриқномаларни ишлаб чиқиш ва қайта кўриб чиқишга раҳбарлик қилади ҳамда уларни тасдиқлайди;
муҳандис-техник ходимларни меҳнатни муҳофаза қилишга доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва йўриқномалар билан таъминлаш чораларини кўради;
меҳнатни муҳофаза қилиш талаблари асосида соғлом ва хавфсиз меҳнат шароитларини яхшилаш бўйича чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқишга раҳбарлик қилади, тасдиқлаш учун ташкилот раҳбарига киритади ва унинг бажарилишини назорат қилади;
меҳнат фаолияти билан боғлиқ бахтсиз ҳодисаларни ўз вақтида ва тўғри текшириш ҳамда ҳисобга олишни таъминлайди;
гуруҳли, оқибати ўртача оғир ёки оғир ва ўлим билан тугаган бахтсиз ҳодисаларни текширишда, уларнинг олдини олиш бўйича тадбирларни ишлаб чиқишда қатнашади, зарур ҳолларда текширув материалларини тегишли органларга юборади;
бахтсиз ҳодисалар тўғрисидаги далолатномаларни (Н-1 шаклда) кўриб чиқади ва ҳужжатларнинг нусхасини тегишли идораларга юбориш учун Хизматга топширади;
бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш бўйича чора-тадбирларнинг назоратини амалга оширади ва самарадорлигини таҳлил қилади;
ишлаб чиқариш ва санитар-маиший объектларни капитал таъмирлаш, реконструкция қилиш лойиҳа ҳужжатларининг меҳнатни муҳофаза қилиш қоида ва меъёрлари талабларига мослигини кўриб чиқиш ва келишишни ташкил этади, ходимларни белгиланган меъёр асосида ишлаб чиқариш ва ёрдамчи хоналар билан таъминлаш чораларини кўради;
объектларни қуриш ва реконструкция қилиш жараёнида меҳнатни муҳофаза қилиш талаблари бажарилишини назорат қилади, меҳнатни муҳофаза қилиш қоида ва меъёрлари талабларини ҳисобга олган ҳолда янги ва реконструкция қилинган объектларни фойдаланишга қабул қилишда раҳбарлик қилади;
давлат назорати органларининг, касаба уюшмаларининг меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мутахассислари, техник инспекторлари ва Хизмат ходимларининг бажарилиши мажбурий бўлган ёзма кўрсатмалари, ташкилот раҳбарининг буйруқлари ва тасдиқланган чора-тадбирлари ижросини ҳамда касаба уюшмалари ва ходимларнинг бошқа вакиллик органларининг меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича вакили таклифлари инобатга олинишини таъминлайди.
Ташкилотда бош муҳандис лавозими мавжуд бўлмаганда, ушбу вазифалар ташкилот раҳбарининг буйруғига асосан ўринбосарлардан ёки муҳандислардан бири томонидан амалга оширилади.
29. Юридик хизмат бошлиғи (юридик хизмат ходими) меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида қуйидаги вазифаларни амалга оширади:
ходимларни меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузганлик ва етказилган моддий зарар учун жавобгарликка тортиш юзасидан тақдим этилган материаллар бўйича ҳуқуқий хулосалар беради;
хавфсизлик қоидаларини бузиш натижасида ташкилотга етказилган зарарлар учун регресс қийматларини аниқлайди;
ходимларга меҳнат қонунчилиги бўйича маълумотлар ва маслаҳатлар ҳамда меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги ташкилий-ҳуқуқий масалалар бўйича тушунтиришлар беради;
меҳнат фаолияти билан боғлиқ бахтсиз ҳодиса ва касб касалликларидан жабрланганларга етказилган моддий зарарни компенсация қилиш бўйича ташкилотга киритилган даъволарни кўриб чиқади;
меҳнат фаолияти билан боғлиқ ҳолда ходимларга етказилган моддий зарарни қоплаш тўғрисидаги шикоят ва аризаларни кўриб чиқади ҳамда моддий зарар тўланиши учун зарур бўлган ҳужжатлар тайёрланишини ташкил этади;
соғлом ва хавфсиз меҳнат шароитларини таъминлаш билан боғлиқ масалаларни ҳуқуқий тартибга солишни такомиллаштириш чораларини кўради;
иш вақти ва дам олиш вақтининг давомийлиги бўйича меҳнат қонунчилигига риоя этилиши, аёллар ва вояга етмаганлар меҳнатидан фойдаланиш, корхона ходимларини бошқа ишга ўтказиш ва ишдан бўшатиш тўғри ташкил этилганини назорат қилади;
меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари бузилишини аниқласа, ташкилот раҳбариятига қонунни бузган ходимларга нисбатан чора кўриш бўйича таклифлар беради;
ташкилотнинг ички ҳужжатларида ходимларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликка йўл қўймаслик ва унинг ҳар қандай шаклда намоён бўлишининг олдини олишга қаратилган тартиблар белгиланишини таъминлайди;
давлат назорати органларининг, касаба уюшмаларининг меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мутахассислари, техник инспекторлари ва Хизмат ходимларининг бажарилиши мажбурий бўлган ёзма кўрсатмалари, ташкилот раҳбарининг буйруқлари ва тасдиқланган чора-тадбирлари ижросини ҳамда касаба уюшмалари ва ходимларнинг бошқа вакиллик органларининг меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича вакили таклифлари инобатга олинишини таъминлайди.
30. Бош механик меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида қуйидаги вазифаларни амалга оширади:
бош механик ташкилотдаги асбоб-ускуналар ва иншоотларнинг профилактик кўрикларини, режали-огоҳлантирувчи таъмирлашни тўғри ташкил этиш ва ўз вақтида ўтказишни таъминлайди;
қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган синовларнинг тўғри ва хавфсиз, ўз вақтида ўтказилишини, юк кўтариш механизмлари, юк ушлаш ва бошланғич мосламалар, босим остида ишлайдиган аппаратлар ва идишлар, электр пайвандлаш аппаратлари, ацетилен, кислород ва компрессор қурилмалари, абразив доираларни синаш қурилмалари техник кўрик ва текширишдан ўтказилишини таъминлайди;
барча ишлаб чиқариш асбоб-ускуналари ва саноат иншоотларининг техник ҳолати, улардан фойдаланилиши ва ўз вақтида таъмирланишини назорат қилади;
машиналар, қурилмалар, асбоб-ускуналар ва иншоотларнинг хавфсизлик техникаси ва ишлаб чиқариш санитарияси қоидаларига мувофиқлигини таъминлайди. Техник ҳужжатларнинг юритилишини назорат қилади;
жиҳозлар, механизмлар ва асбоб-ускуналарнинг аниқланган конструктив камчиликларини бартараф этиш ҳамда маънавий эскирган машиналар, механизмлар ва қурилмаларни ўз вақтида алмаштириш чораларини кўради. Янги техника намуналарини синашда иштирок этади;
вентиляция қурилмалари ва тизимларининг самарали ишлашини ва ўз вақтида таъмирланишини таъминлайди;
бош механик хизмати ходимларини, шунингдек, юк кўтариш кранларида, босим остида ишлайдиган идишларда ва бошқа мураккаб механизмларда хавфсиз ишлаш услублари ва усуллари бўйича ишловчиларни ўқитишни ва уларнинг билимларини текширишни ташкил этади. Ходимларга иш жойидаги йўл-йўриқни ўтказишда бўлинма ва бўлим (цех) раҳбарларига амалий ёрдам кўрсатади;
бош механик хизмати ходимлари учун меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўриқномаларни ўз вақтида ишлаб чиқиш ва қайта кўриб чиқишни ташкил этади, бўлинма ва бўлим (цех) раҳбарларига меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўриқномаларни ишлаб чиқишда амалий ёрдам кўрсатади;
мураккаб механизмлар ва агрегатларга хизмат кўрсатиш бўйича ходимларнинг белгиланган тартибга риоя этишини таъминлайди;
асбоб ва ускуналарнинг тегишли детал ва узеллари ўз вақтида дефектоскопия қилинишини таъминлайди;
меҳнатни муҳофаза қилиш, меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси ҳолатининг маъмурий-жамоатчилик назорати учинчи босқичини ўтказишда, шунингдек, ташкилот объектларида ўтказилаётган комплекс ва мақсадли текширувларда иштирок этади;
ерусти ускуналари билан содир бўлган ва бахтсиз ҳодисаларга олиб келмаган аварияларни ўз вақтида текширади ва ҳисобга олади;
бўлинма ва бўлимларда (цех) ускуналардан фойдаланиш, уларни таъмирлаш, монтаж қилиш ва созлашда хавфсизлик қоидаларига риоя қилинишини таъминлайди;
давлат назорати органларининг меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мутахассислари, техник инспекторлари ва Хизмат ходимларининг бажарилиши мажбурий бўлган ёзма кўрсатмалари ижросини ҳамда касаба уюшмалари ва ходимларнинг бошқа вакиллик органларининг меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича вакили таклифлари инобатга олинишини таъминлайди.
Ташкилотда бош механик лавозими мавжуд бўлмаганда, ушбу вазифалар ташкилот раҳбарининг буйруғига асосан механиклардан бири томонидан амалга оширилади.
31. Бош энергетик (ташкилотнинг электр хўжалигига жавобгар шахс) меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида қуйидаги вазифаларни амалга оширади:
электр ва иссиқлик энергетикаси ускуна ва қурилмаларининг тузилиши, хавфсизлиги ва техник фойдаланиши тўғрисида амалдаги қоидалар асосида ишончли ва хавфсиз ишлашини ҳамда хавфсизлик техникаси қоидаларига асосан ишларни ташкил этишни таъминлайди;
электр ва иссиқлик энергетикаси қурилмалари, аппаратуралари ва тармоқларини режали-огоҳлантирувчи таъмирлаш, профилактик кўрик ва синовни ташкил этиш ва ўтказишни таъминлайди. Ушбу қурилмаларнинг ҳолати ва улардан фойдаланилишини техник назорат қилади ҳамда тегишли техник ҳужжатларнинг тўғри юритилишини назорат қилади;
электр ва технологик ускуналарнинг ерга уланишини, қоида ва йўриқномалар талаблари асосида ўз вақтида текширилишини таъминлайди, статик электр зарядини чиқариб ташлаш бўйича зарур чораларни кўради;
буғ ва сув иситиш қозонларининг ички кўрикларини, гидравлик синовларининг ўз вақтида ўтказилишини, уларни техник кўрикдан ўтказиш ва таъмирлашни таъминлайди;
электр ва иссиқлик энергетикаси асбоб-ускуналари ва қурилмаларининг конструктив камчиликларини бартараф этиш, маънавий эскирган қурилмаларини ўз вақтида алмаштириш чораларини кўради;
электр қурилмалари ва сув иситиш қозонларига хизмат кўрсатадиган ходимларни ўқитиш ва билимларини текширишни ташкил қилади;
электр хавфсизлиги бўйича тегишли гуруҳга эга бўлиши керак бўлган касб ва лавозимлар рўйхатини Хизмат билан келишилган ҳолда тузади ҳамда уларни ўқитиш, билимларини текшириш ва электр хавфсизлиги бўйича малака гуруҳи беришни ташкил қилади;
асбоб-ускуналарни хавфсиз ишлатиш ва таъмирлаш бўйича йўриқномаларнинг ўз вақтида ишлаб чиқилишини ташкил этади, иш жойларини улар билан таъминлайди ҳамда ишлаб чиқариш бўлинма ва бўлим (цех) раҳбарларига мазкур йўриқномаларни тузишда амалий ёрдам кўрсатади;
ҳимоя воситаларининг қоида ва меъёрларига мувофиқ равишда ўз вақтида синовдан ўтказилишини (текширилишини) таъминлайди;
бўлинма ва бўлимларда (цех) жиҳозлардан фойдаланиш, уларни таъмирлаш, ўрнатиш ва созлаш жараёнида электр-техник ходимларнинг меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси талаблари асосида ишлашини таъминлайди;
энергетика ва электр-техника ускуналаридан фойдаланиш, уларни ўрнатиш ва таъмирлаш жараёнида ходимлар томонидан хавфсизлик техникаси қоидалари ҳамда ишлаб чиқариш санитарияси меъёрларига риоя этилишини таъминлайди;
ташкилотда меҳнатни муҳофаза қилиш ҳолатини назорат қилувчи маъмурий-жамоатчилик назоратининг учинчи босқичини ўтказишда, шунингдек, ташкилот объектларида ўтказилаётган комплекс ва мақсадли текширувларда ҳамда электр хавфсизлигини кўрикдан ўтказишда иштирок этади;
электр ва иссиқлик энергетикаси ускунасидаги авария ва бошқа бузилишларни ўз вақтида текширади ва ҳисобга олади;
ташкилот объектларида электр хавфсизлигига оид техник ҳужжатлар, огоҳлантирувчи белгилар, кўргазмали плакатлар ёки видеороликлар, ёзувлар ва йўриқномалар билан таъминлаш чораларини кўради;
давлат назорати органларининг меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мутахассислари, техник инспекторлари ва Хизмат ходимларининг бажарилиши мажбурий бўлган ёзма кўрсатмалари ижросини ҳамда касаба уюшмалари ва ходимларнинг бошқа вакиллик органларининг меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича вакили таклифлари инобатга олинишини таъминлайди.
Ташкилотда бош энергетик лавозими мавжуд бўлмаганда, ушбу вазифалар ташкилот раҳбарининг буйруғига асосан электр хўжалигига жавобгар бўлган раҳбар (муҳандис) томонидан амалга оширилади.
32. Бош технолог меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида қуйидаги вазифаларни амалга оширади:
технологик ва конструкторлик ҳужжатларининг меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси ҳамда хавфсизлик техникаси талабларига мувофиқлигини назорат қилади;
Хизмат билан келишган ҳолда меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси, хавфсизлик техникаси талабларига асосан технологик жараёнлар билан боғлиқ бўлган ички стандартларни ишлаб чиқади ҳамда иш жойларида соғлом ва хавфсиз меҳнат шароитларини яратишда амалий ёрдам кўрсатади;
технологик ишлаб турган ускуна ва жиҳозларни модернизация қилиш ва лойиҳалаштириш, ишлаб чиқариш жараёнларини автоматлаштириш, технологик жараёнларига ўзгартиришлар киритиш, меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси ҳамда хавфсизлик техникаси қоидалари асосида технологик жиҳозларни оқилона жойлаштиришни таъминлайди;
соғлом ва хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш мақсадида технологик жараёнлар оқибатида келиб чиқиши мумкин бўлган зарарли (ўта зарарли) ва (ёки) хавфли (ўта хавфли) меҳнат шароитлари омилларининг (шовқин, тебраниш, газланиш, чангланиш ва бошқалар) ходимларга зарарли таъсирларини камайтириш чораларини кўради;
ходимларнинг ШҲВни олиш, сақлаш, ювиш, тозалаш, таъмирлаш, дезинфекция қилиш ва зарарсизлантириш бўйича ташкилотнинг ички меъёрларини ишлаб чиқади, Хизмат, касаба уюшмалари ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органлари билан келишилган ҳолда ташкилот раҳбарига тасдиқлаш учун киритади;
меҳнат хавфсизлиги стандартлари тизимига асосланиб, ишлаб чиқаришда технологик жараёнларни текшириш жадвалини тузади ва текширади;
ташкилотда меҳнатни муҳофаза қилиш ҳолатини назорат қилувчи маъмурий-жамоатчилик назоратининг учинчи босқичини ўтказишда, шунингдек, ташкилот объектларида ўтказилаётган комплекс ва мақсадли текширувларда иштирок этади;
жиҳозлар, механизмлар ва асбоб-ускуналарнинг аниқланган конструктив камчиликларини бартараф этиш ҳамда маънавий эскирган машиналар, механизмлар ва қурилмаларни ўз вақтида алмаштириш чораларини кўради. Янги техника намуналарини синашда иштирок этади;
ходимлар иш жойида йўл-йўриқни ўтказиш, меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўриқномаларни ишлаб чиқиш ва қайта кўриб чиқишда бўлинма ва бўлим (цех) раҳбарларига амалий ёрдам кўрсатади;
меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мутахассислар, техник инспекторлар ва Хизмат ходимларининг бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалари бажарилишини таъминлайди.
Ташкилотда бош технолог лавозими мавжуд бўлмаганда, ушбу вазифалар ташкилот раҳбарининг буйруғига асосан технолог томонидан амалга оширилади.
33. Кадрлар бўйича (ходимлар билан ишлаш бўлими) инспекторлари меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида қуйидаги вазифаларни амалга оширади:
ходимларни ўқитиш ва қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш ҳамда билимларини текшириш бўйича ишларни ташкил қилади;
ички меҳнат тартиби қоидалари ва жамоа шартномаси талабларига ходимлар томонидан риоя қилиниши юзасидан назоратни амалга оширади;
ташкилотда ходимларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликка йўл қўймаслик ва унинг ҳар қандай шаклда намоён бўлишининг олдини олиш чораларини кўради;
меҳнат шароитлари зарарли (ўта зарарли) ва (ёки) хавфли (ўта хавфли) ишларда, тунги сменалардаги ишларда банд бўлган ходимларнинг иш вақти қонунчиликка асосан тўғри ташкил этилишини назорат қилади;
ходимнинг мажбурий тиббий кўрикдан кўрик дастлабки (ишга қабул қилишда) ёки даврий (иш жараёнида) хусусиятга эга бўлишидан қатъи назар, ўтиши билан боғлиқ бўлган ишларни ташкил қилади ва уларнинг тиббий кўрикдан ўтказилаётгани юзасидан назоратни амалга оширади;
меҳнат фаолияти билан боғлиқ ҳолда ходимларга етказилган моддий зарар тўланиши учун зарур бўлган ҳужжатлар тайёрланишида иштирок этади;
иш ўринларини меҳнат шароитлари ва асбоб-ускуналарнинг жароҳатлаш хавфлилиги юзасидан аттестациядан ўз вақтида ўтказишда амалий ёрдам кўрсатади;
ноқулай меҳнат шароитларида банд бўлган ходимлар учун қўшимча таътиллар ва имтиёзлар қонунчиликда белгиланган тартибда берилишини ташкил қилади;
қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ имтиёзли пенсия таъминоти ҳуқуқига эга бўлган ходимлар учун ҳужжатларни тайёрлайди;
меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича малака оширган ва қайта тайёргарликдан ўтган, ўқитилган ва билимлари текширилган ходимлар тўғрисидаги маълумотлар «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплексига киритилишини таъминлайди;
меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мутахассислар, техник инспекторлар ва Хизмат ходимларининг бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалари бажарилишини таъминлайди.
Ташкилотда кадрлар бўйича (ходимлар билан ишлаш бўлими) инспекторлари мавжуд бўлмаганда, ушбу вазифалар ташкилот раҳбарининг буйруғига асосан кадрлар хизмати вазифаси юклатилган ходим томонидан бажарилади.
34. Бош бухгалтер (бухгалтер) меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида қуйидаги вазифаларни амалга оширади:
меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича ажратилган маблағларни мақсадли сарфланишини назорат қилади;
меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича тадбирларни (жамоа шартномасида назарда тутилган тадбирлар, шахсий ҳимоя воситалари, даволаш-профилактика, овқатланиш, сут ва меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича бошқа харажатларни) ўз вақтида молиялаштиради;
иш берувчининг фуқаролик жавобгарлиги мажбурий суғурта қилинишини, шу жумладан, ноқулай ва ўзига хос меҳнат шароитларидаги ишларда банд бўлган ходимларга имтиёзлар ва компенсациялар тўғри ва ўз вақтида берилишини назорат қилади;
меҳнат фаолияти билан боғлиқ ҳолда ходимларга етказилган моддий зарар тўланиши учун зарур бўлган ҳужжатлар тайёрланишида иштирок этади ва тўловларни амалга оширади;
меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мутахассислар, техник инспекторлар ва Хизмат ходимларининг бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалари бажарилишини таъминлайди.
Ташкилотда бош бухгалтер (бухгалтер) мавжуд бўлмаганда, ушбу вазифалар ташкилот раҳбарининг буйруғига асосан бухгалтерия хизмати вазифаси юклатилган ходим томонидан бажарилади.
35. Бўлинма ва бўлим (цех) раҳбари меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида қуйидаги вазифаларни амалга оширади:
хавфсизлик қоидалари ва ишлаб чиқариш санитарияси меъёрлари талабларига мувофиқ равишда ишлаб чиқаришни ва ишларни ташкил этади, технологик жараёнларнинг тўғри амалга оширилишини таъминлайди;
хавфсизлик қоидаларига мувофиқ заҳарли, ўювчи, портлаш ва ёнғин хавфи бўлган моддаларни сақлаш, ташиш, ишлатиш ва зарарсизлантиришни ташкил этади;
ускуналар, механизмлар, мосламалар, тўсувчи ва сақловчи қурилмаларнинг, шунингдек, ишлаб чиқариш ва ёрдамчи хоналарнинг соз ҳолатда ва хавфсиз ишлашини таъминлайди;
бўлинма ва бўлимда (цех) меҳнат фаолияти билан боғлиқ бахтсиз ҳодисаларнинг ҳамда меҳнат жараёнида тазйиқ ва зўравонликка йўл қўймаслик ва унинг ҳар қандай шаклда намоён бўлишининг олдини олишга доир профилактика ишларини ўтказиш;
бўлинма ва бўлимда (цех) меҳнат хавфсизлиги ва гигиенасига оид ҳужжатлар, огоҳлантирувчи белгилар, кўргазмали плакатлар ёки видеороликлар, ёзувлар ва йўриқномалар билан таъминлаш чораларини кўради;
маъмурий-жамоатчилик назоратининг иккинчи босқичини ўтказишга раҳбарлик қилади ва жадвалини тасдиқлайди;
бўлинма ва бўлимда (цех) меҳнатни муҳофаза қилиш ҳолатини назорат қилувчи маъмурий-жамоатчилик назоратининг иккинчи босқичини ўтказади, шунингдек, биринчи босқичи тўғри ўтказилишини назорат қилади;
муҳандис-техник ходимларни ва ишларнинг бевосита бажарувчиларини меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси талаблари асосида хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш ва таъминлаш ишларига жалб қилади;
меҳнат шароитлари ноқулай ишларда банд бўлган ходимларнинг белгиланган нормалар бўйича сут (шунга тенг бўлган бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари), даволаш-профилактика озиқ-овқати, газланган тузли сув (иссиқ цехларда ишловчилар учун), ШҲВга бўлган эҳтиёжини аниқлаш ва ўз вақтида берилишини таъминлаш, шунингдек, ходимларнинг ШҲВни олиш, сақлаш, ювиш, тозалаш, таъмирлаш, дезинфекция қилиш ва зарарсизлантириш ишларини ташкил қилади;
ҳар ҳафтада бўлинма ва бўлимда (цех) меҳнат шароитларининг ҳолатини ва асбоб-ускуналар, механизмлар, мосламалар ва асбоблардан, шамоллатиш қурилмаларидан, иситиш ва ёритиш тизимларидан, тўсувчи ва сақловчи қурилмалардан, автоматик назорат ва огоҳлантирувчи қурилмаларидан тўғри фойдаланилаётганини текширади;
ҳар ойда меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича вакиллар, бригадирлар ва муҳандис-техник ходимларнинг иштирокида усталарнинг тезкор йиғилишини ўтказади, ушбу йиғилишларда текширишлар натижалари, усталарнинг объектлардаги ишлар ҳолати тўғрисидаги ахборотларини эшитади, алоҳида хавфсизлик қоидалари бузилиши ҳолатларини таҳлил қилади, шунингдек, хавфсизлик қоидаларининг қўпол ва такроран бузилиши ҳолатларини тегишли ходимлар (смена, вахта ишчилари) иштирокида кўриб чиқади;
ҳар ойда ташкилот раҳбариятига бўлинма ва бўлимда (цех) меҳнат шароити тўғрисида ахборот беради;
ўқув дастурларига мувофиқ ходимлар ва усталар ишларнинг хавфсиз услублари ва усулларига ўз вақтида ва сифатли ўқитилишини ташкил этади ва амалга оширади;
усталар (муҳандис-техник ходимлар ва бригадирлар) томонидан ходимларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича ўз вақтида ва сифатли йўл-йўриқдан ўтказилишини назорат қилади;
ҳар бир бўлинма ва бўлим (цех) учун хавфсиз ишлаш бўйича зарур йўриқномалар рўйхатини тайёрлайди, керакли йўриқномаларни ишлаб чиқади ва қайта кўриб чиқади;
ходимларнинг иш жойидаги йўл-йўриқ дастурларини ишлаб чиқади ва тасдиқлангандан сўнг уларни йўл-йўриқ ўтказиш учун масъул бўлган шахсларга тақдим этади, шунингдек, ходимларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича билимларини текшириш учун саволномалар ишлаб чиқади;
меҳнат шароитларини соғломлаштириш, ҳаво муҳити, ёритиш, иссиқлик ва ичимлик суви режимининг норматив ҳолатини таъминлаш, шовқин ва тебраниш даражасини пасайтириш бўйича чоралар кўради;
меҳнат шароитларини яхшилаш ва соғломлаштириш бўйича аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиқади ва ташкилот раҳбариятига тегишли режаларга киритиш учун тақдим этади ҳамда режалаштирилган чора-тадбирларнинг ўз вақтида амалга оширилишини таъминлайди;
содир бўлган бахтсиз ҳодиса тўғрисида ташкилот раҳбариятига, Хизмат ва касаба уюшмалари ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органларига зудлик билан хабар қилади;
меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича вакил ва Хизмат билан биргаликда бахтсиз ҳодиса сабабларини аниқлаш ҳамда бартараф этиш ва уларнинг олдини олиш бўйича чоралар кўради;
содир бўлган бахтсиз ҳодиса ҳақида ҳодиса юз берган пайтдан бошлаб икки кундан кечиктирмай, бўлинма ва бўлимнинг (цех) барча усталарини (муҳандис-техник ходимлар ва бригадирлар) хабардор қилади;
белгиланган муддатларда далолатномада (Н-1 шаклда) кўрсатилган тадбирларнинг бажарилишини таъминлайди ва уларнинг бажарилгани тўғрисида Хизматга хабар қилади;
бўлинма ва бўлим (цех) усталарини ташкилотнинг бошқа цехида, участкасида ёки бошқа бўлинма ва филиалларида юз берган бахтсиз ҳодисалар тўғрисида хабардор қилади, шунга ўхшаш бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш бўйича объектлар ва иш жойларида ўрганишларни ташкил қилади;
меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мутахассислар, техник инспекторлар ва Хизмат ходимларининг бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалари бажарилишини таъминлайди.
36. Уста меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида қуйидаги вазифаларни амалга оширади:
ишларни тўғри ва хавфсиз ташкил этилишини, асбоб-ускуналар, механизмлардан фойдаланишни ва иш жойларини зарур ҳолатда сақлашни таъминлайди;
иш жойида деталлар, эҳтиёт қисмлар ва жиҳозлар тўғри сақланишини, пиёдалар ҳамда транспорт воситалари ўтиш жойларининг тўсилишлари ва ифлосланмаслигини таъминлайди;
бўлинма ва бўлимда (цех) меҳнатни муҳофаза қилиш ҳолатини назорат қилувчи маъмурий-жамоатчилик назоратининг биринчи босқичи ўтказилишини ташкил этади;
иш жойларда, ускуна, механизмлар, мосламалар, асбобларнинг соз ҳолатдалигини доимий назорат қилади ва аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича чоралар кўради;
мураккаб ва хавфли ишларга олдиндан ишлаб чиқилган ишларни ташкил қилиш режаси, лойиҳаси ёки наряд-ижозатга асосан бевосита раҳбарлик қилади;
ходимлар томонидан меҳнат ва ишлаб чиқариш интизомига, ишларни хавфсиз амалга ошириш қоидаларга, йўриқномаларга, технологик режимларга ва регламентларга риоя этилишини таъминлайди. Ходимларнинг ҳаёти ва соғлиғига хавф туғилган тақдирда, ишларни тўхтатиш чораларини кўради;
ускуналар, механизмлар, мосламалар ва асбобларнинг соз ҳолатдалиги ва улардан тўғри фойдаланишни, шунингдек, шамоллатиш қурилмалари ва тизимларининг узлуксиз ишлашини, иш жойлари нормал ёритилишини, тўсувчи ва сақловчи қурилмалар мавжудлиги ва созлигини назорат қилади;
ҳар куни иш бошланишидан олдин барча иш жойларда ускуналар, механизмлар, мосламалар ва асбобларнинг соз ҳолатдалигини текширади. Бунда текширувни меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича вакил билан биргаликда, у бўлмаган тақдирда, мустақил равишда ўтказади;
ҳар ҳафтада меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси ҳамда меҳнат шароитларининг ҳолати тўғрисида раҳбариятга ахборот киритиб боради;
ишларни хавфсиз амалга ошириш бўйича белгиланган муддатларда ходимларга йўл-йўриқ беради ҳамда бу ҳақида йўл-йўриқларни қайд этиш журналига тегишли ёзувларни киритади;
юқори хавфли ишларни бажариш учун наряд-ижозат берилаётганда йўл-йўриқдан ўтказади, йўл-йўриқни рўйхатга олиш журналига ва наряд-ижозатга тегишли ёзувни қайд қилади;
янги ходимлар стажировкадан ўтишини назорат қилади, ходимларга йўриқнома талабларини, хавфсиз иш услублари ва усулларини тушунтиради ва амалда кўрсатиб беради;
бўлинма ва бўлимда (цех) тазйиқ ва зўравонликка йўл қўймаслик ва унинг ҳар қандай шаклда намоён бўлишининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилишини таъминлайди;
жабрланувчига шифокордан олдинги биринчи ёрдам кўрсатилишини ва унинг тиббиёт муассасасига юборилишини ташкил этади, юз берган бахтсиз ҳодиса тўғрисида бевосита раҳбариятни дарҳол хабардор қилади, иш жойидаги вазиятни ва асбоб-ускуналарнинг ҳолатини ҳодиса содир бўлган пайтда қандай бўлса, шундай сақлаш чорасини кўради (агарда атрофдаги ходимларнинг ҳаёти ва соғлиғига хавф солмаса ва авариялар келтириб чиқармаса);
меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мутахассислар, техник инспекторлар ва Хизмат ходимларининг бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалари бажарилишини таъминлайди.
37. Бригадир меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида қуйидаги вазифаларни амалга оширади:
бригада аъзолари томонидан муҳофаза қилиш соҳасида ишларни бажариш, меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича қоидалар ва йўриқномаларда назарда тутилган меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси талабларига, технологик жараён ва ташкилий-техник чора-тадбир ва хавфсизлик техникаси қоидаларига риоя этилишини таъминлайди;
иш бошланишидан аввал иш ўринларининг ҳолатини текширади, аниқланган камчиликлар бригада аъзолари томонидан бартараф этилишини ташкил этади ва бу ҳақида иш юритувчини, устани хабардор қилади;
мавжуд дастгоҳлар, қурилмалар ҳамда асбоб-ускуналарнинг соз ҳолатдалигини доимий назорат қилади;
бригада аъзолари томонидан меҳнат интизомига ва меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича қоида ва йўриқномалар талабларига риоя этилишини ҳамда ШҲВдан тўғри фойдаланишни доимий назорат қилади;
жабрланганларга шифокордан олдинги биринчи ёрдам кўрсатишни ташкил этади ва бахтсиз ҳодиса ҳақида уста, иш юритувчи ёки ташкилот раҳбариятига дарҳол хабар беради;
бригаданинг иш ўринлари ва санитар-маиший хонаси тоза ҳолда сақланишини таъминлайди;
доимий равишда янги ходимларни стажировка ўташи учун малакали ходимларга бириктириш бўйича таклифлар киритади. Ходимларга қоида ва йўриқномалар талабларини тушунтиради, ишни тўғри бажариш услублари ва усулларини ўргатади;
бригадада меҳнатни муҳофаза қилиш ҳолатини назорат қилувчи маъмурий-жамоатчилик назоратининг биринчи босқичини ўтказади;
давлат назорати органларининг, касаба уюшмаларининг меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мутахассислари, техник инспекторлари ва Хизмат ходимларининг бажарилиши мажбурий бўлган ёзма кўрсатмалари, ташкилот раҳбари ва бош муҳандиснинг буйруқлари бажарилишини ва тасдиқланган чора-тадбирлар амалга оширилишини ҳамда касаба уюшмалари ва ходимларнинг бошқа вакиллик органларининг меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича вакили таклифлари инобатга олинишини таъминлайди.
38. Ходим меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида қуйидаги ҳуқуқларга эга:
меҳнатни муҳофаза қилишга доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари бўйича техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларнинг талабларига мос бўлган иш жойига эга бўлиш;
иш берувчидан, бевосита раҳбаридан меҳнат шароитлари тўғрисида, шу жумладан, касб касалликлари ва бошқа касалликларга чалиниш эҳтимоли мавжудлиги, шу муносабат билан ўзига берилиши лозим бўлган имтиёзлар ва компенсациялар, шунингдек, ШҲВ ва жамоавий ҳимоя воситалари ҳақида ахборот олиш;
меҳнатни муҳофаза қилишга оид белгиланган нормалар ва талабларга мувофиқ иш берувчининг маблағлари ҳисобидан шахсий ҳимоя воситалари билан таъминланиш;
меҳнат фаолияти билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат томонидан мажбурий ижтимоий суғурта қилиш;
меҳнатни муҳофаза қилиш талаблари бузилиши оқибатида ўз ҳаёти ва соғлиғи учун хавф юзага келган тақдирда, бундай хавф бартараф этилгунига қадар ишларни бажаришни рад этиш;
тазйиқ ва зўравонликка учраган тақдирда иш берувчига, давлат назорати органларига ҳамда судга шикоят қилиш;
меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига риоя этилиши устидан давлат назорати ва текширувини амалга оширувчи орган томонидан ўз иш жойидаги меҳнат шароитларини ва меҳнатни муҳофаза қилишни текширувдан ўтказишни сўраш;
иш берувчининг маблағлари ҳисобидан меҳнатнинг хавфсиз услублари ва усуллари бўйича ўқиш;
қонунчиликда белгиланган имтиёзлар ва компенсациялар олиш;
меҳнат фаолияти билан боғлиқ ҳолда майиб бўлгани, касб касаллиги ёки соғлиғига бошқача тарзда шикаст етказилгани муносабати билан ходимнинг ҳаётига ёки соғлиғига етказилган зарарнинг ўрни иш берувчи томонидан қопланиши;
ўз иш жойида меҳнат қилиш учун хавфсиз шароитлар таъминланиши билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилаётганда ва ўзи билан содир бўлган бахтсиз ҳодиса ёки унинг касб касаллиги текширилаётганда шахсан ўзи ёки ўз вакиллари орқали иштирок этиши;
тиббий тавсияларга мувофиқ тиббий кўрикдан ўтиш вақтида ўз иш жойи (лавозими) ва ўртача иш ҳақи сақланиб қолинган ҳолда мазкур тиббий кўрикдан навбатдан ташқари ўтиш;
меҳнатни муҳофаза қилишга оид талаблар бузилиши оқибатида иш жойи тугатилган тақдирда, иш берувчининг маблағлари ҳисобидан қайта тайёргарликдан ўтиш.
39. Ходимнинг меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги мажбуриятлари:
меҳнатни муҳофаза қилишга доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари бўйича техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига ҳамда меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўриқномалар талабларига риоя қилиш;
иш жойини меҳнатни муҳофаза қилиш, меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси, хавфсизлик техникаси қоидалари, меъёрлари, йўриқномалари ва кўрсатмалари талабларига мувофиқ сақланишини ташкил қилиш;
меҳнат тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари, ички меҳнат тартиби қоидалари, ишлаб чиқариш ва меҳнат интизоми, меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўриқномалар талабларига риоя қилиш;
шахсий ва жамоавий ҳимоя воситаларидан фойдаланишни билиш ва улардан тўғри фойдаланиш;
шахсий гигиена талабларига риоя қилиш;
меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўл-йўриқлар олиш, меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари бўйича ўқувдан ва малака оширишдан ўтиш;
бахтсиз ҳодисалар юз берганда, жабрланганларга шифокордан олдинги биринчи ёрдам кўрсатиш қоидаларини билиш ва амалий кўникмаларга эга бўлиш;
одамларнинг ҳаёти ва соғлиғига бевосита хавф туғдирувчи ҳар қандай вазият тўғрисида, шунингдек, иш жараёнида ёки у билан боғлиқ ҳолда содир бўлган ҳар қандай бахтсиз ҳодиса ҳақида иш берувчини ёки ўзининг бевосита раҳбарини дарҳол хабардор қилиш;
тазйиқ ва зўравонликка ва унинг ҳар қандай шаклда намоён бўлишига йўл қўймаслик;
Хизмат ходимларининг бажарилиши мажбурий бўлган ёзма кўрсатмаларини, ташкилот раҳбарининг буйруқларини бажариш ва тасдиқланган чора-тадбирларни амалга ошириш ҳамда касаба уюшмалари ва ходимларнинг бошқа вакиллик органларининг меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича вакили таклифларини инобатга олиш.